14 cентябрь куни эрталаб соат 09:02 да Тошкент шаҳар Мирзо Улуғбек туманидаги Мирзо Улуғбек ва Дўрмон йўли кўчалари чорраҳасида Mercedes Benz автобуси ёниб кетди.

Бу ҳақда шаҳар ФВБга хабар келиб тушди, дея хабар бермоқда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги матбуот хизмати.

Ёнғинни ўчиришга 2 та ёнғин-қутқарув экипажи соат 09:05 да етиб борган ва 3 дақиқада оловни бартараф этган. Аниқланишича, автобуснинг матор қисми ёниб зарарланган. Ҳодиса оқибатида тан жароҳати олган ва халок бўлган фуқаролар йўқ. Ҳозирда ёнғинни келиб чиқиш сабаби ва моддий зарар миқдори аниқланмоқда, дейилади хабарда.

Тошшаҳартрансхизмат матбуот хизмати маълумотларига кўра, йҳналиш рақами 88 бўлган автобуснинг тормоз тизимида носозлик (самоторможение) келиб чиққанлиги сабабли ўнг тараф орқа ички ғилдиракда ёнғин содир бўлган.

Ёнғин оқибатида автобус кузовининг орқа ғилдирак қисмига ва салондаги 2 та ўриндиқнинг ён қисмига зарар етказилган. Ҳозирда, «Тошшаҳартрансхизмат» АЖнинг Ишлаб чиқариш техник бўлими ходимлари хизмат текшируви ўтказяпти.