Арманистон бош вазири Никол Пашинян Самарқандда бўлиб ўтадиган Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти саммитида иштирок этмайди. Бу ҳақда ТАСС мамлакат ҳукумати матбуот хизматига таяниб хабар қилди.

Қайд этилишича, у Арманистондаги вазият туфайли шундай қарорга келган.

Бир муддат аввал ШҲТнинг Ўзбекистондаги миллий координатори Раҳматулла Нуримбетов РИА Новости агентлигига Озарбайжон президенти Илҳом Алиев ва Арманистон бош вазири Никол Пашинян саммит ташкилотчиларини Самарқанддаги ШҲТ саммитига ташрифлари бекор қилингани ҳақида хабардор қилмагани ҳақида маълум қилганди.

Аввал хабар берганимиздек, 13 сентябрга ўтар кечаси Озарбайжон-Арманистон чегарасида ҳарбий тўқнашув юз берганди. Томонлар ўқ отишни бошлаганликда бир-бирини айблаган. Икки давлат ҳарбий хизматчилари орасида қурбонлар бор. Чоршанба куни Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги Озарбайжон-Арманистон чегарасида сулҳга эришилганини олқишлади ва сиёсий ва дипломатик музокаралар олиб бораётган томонларни вазиятни нормаллаштиришга чақирди.

«Арменпресс» маълумотларига кўра, Никол Пашинян КХШТ Коллектив хавфсизлик кенгашининг навбатдан ташқари йиғилишида «Арманистоннинг ҳудудий яхлитлигини тиклаш ва Озарбайжон қуролли кучларининг мамлакатдан чиқиб кетишини таъминлаш учун ташкилот, шу жумладан, ҳарбий ёрдам сўраб мурожаат қилган. Унинг сўзларига кўра, можаро давомида 105 нафар арман ҳарбий хизматчиси ҳалок бўлган.