Сенатнинг ўттиз иккинчи ялпи мажлисида Олий Мажлиси Сенати Раиси ўринбосарини сайлаш масаласи кўриб чиқилди.

Унда «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати тўғрисида»ги Конституциявий қонуннинг 9 ва 15 моддаларига ҳамда «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатининг ва Сенати аъзосининг мақоми тўғрисида»ги қонуннинг 4 моддасига мувофиқ Мурат Каллибекович Камалов Олий Мажлис Сенати раисининг ўринбосари лавозимидан озод этилди.

Аманбай Тлеубаевич Оринбаев эса электрон яширин овоз бериш йўли билан Сенат раисининг ўринбосари этиб сайланди. Бу борада Сенатнинг тегишли қарори қабул қилинди.

Эслатиб ўтамиз, 9 сентябрь куни Нукусда Қорақалпоғистон Жўқорғи Кенгеси, Халқ депутатлари туман ва шаҳар кенгашларининг қўшма мажлиси Аманбай Оринбаев Сенат аъзолигига, ундан аввал эса Жўқорғи Кенгеси раиси лавозимига сайланганди. Бунгача у Қорақалпоғистон ИИВ раҳбари лавозимида 5 ойдан камроқ муддат — март бошидан июль охирига қадар ишлади.

Июль ойи бошида республикада юз берган намойишлардан сўнг у ўз лавозимидан озод қилинганди ва Вазирлар Кенгаши раисининг биринчи ўринбосари лавозимига тайинланди. Август ойи бошларида у ўз номзодини Жўқорғи Кенгеснинг бўшаб қолган ўринларига қўйди ва 21 август куни депутат сифатида сайланганди.