2022 йилнинг июлида Швейцария Федерал жиноий судининг апелляция палатаси Гулнора Каримованинг адвокатлари киритган коррупция айбловлари бўйича шикоятини қисман қаноатлантирганди. Мазкур суд қарори унга музлатиб қўйилган 293 млн франк ($303 млн) маблағни қайтариб олишга ёрдам бериши мумкинлиги, бу Ўзбекистон мамлакатга қайтармоқчи бўлган хорижий активлар миқдорининг чорак қисмидан сал кўпроғини ташкил этиши қайд этилганди.

13 сентябрь куни Тошкент шаҳрида ўтказилган матбуот анжуманида адлия вазири ўринбосари Музраф Икрамов «Газета.uz» мухбири Миролим Исажоновнинг саволига жавоб бера туриб, мазкур масалага аниқлик киритди.

«Бизда бу бўйича маълумот бор. Тегишли идоралар — прокуратура билан бирга ишлаяпмиз. Ҳозир Швейцариянинг Федерал суди [мазкур ишга оид ҳужжатларни] биринчи инстанцияга қайтарган. Бугунги кунда биз Швейцариянинг ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари билан иш олиб боряпмиз, [суд] ҳали якунига етмади. Суд жараёни давом этмоқда», — деди Музраф Икрамов.

Швейцариянинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Константин Оболенский ҳам суд жараёни айни пайтда давом этаётганини тасдиқлади.

«Аммо Швейцария ҳукумати вакили сифатида ҳозирги вақтда бўлаётган суд иши тўғрисида қандайдир изоҳлар бера олмайман, бундай ваколатга эга эмасман. Бу суд жараёни албатта, муайян бир вақт олади ва бу самарали кечиши учун ҳам вақт ажратилиши лозим», — деди элчи.

Аввалроқ, Швейцария суди Гулнора Каримова ва унинг жиноий шерикларининг $336 млн маблағларини мусодара қилингани ҳақида ёзгандик. Қолаверса, яна $350 млн маблағларни мусодара қилиш масаласи кўрилмоқда. Бошқа давлатлардаги активларнинг умумий ҳажми 14,3‬ трлн сўмга тенг. Бу маблағларга 1400 тадан ортиқ мактаб қурса бўлади.

Эслатиб ўтамиз, 2019 йил 18 мартда Тошкент шаҳар суди ҳукми билан Гулнора Каримовага 13 йил 4 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Жазо муддатини 2015 йил 21 августдан бошлаб ҳисоблаш белгиланган эди.

2019 йил март ойида АҚШ Гулнора Каримова ва «Ўздунробита»нинг собиқ бош директори Беҳзод Аҳмедовни коррупция ва 865 млн доллардан кўпроқ пулни «ювган»ликда айблаган эди. 24 июнда эса Швейцария Бош прокуратураси Каримова иши бўйича музлатилган 130 млн швейцар кронаси [$133,7 млн] миқдоридаги маблағни Ўзбекистонга қайтаришини маълум қилган эди.

2020 йилнинг май ойига келиб, Каримованинг 10 млн долларлик активи Франциядан қайтарилган. Сентябрга келиб, Швейцария ҳукумати мусодара қилинган пул маблағларини Ўзбекистонга қайтариш шартлари бўйича мамлакат ҳукуматлари келишувга эришганини маълум қилди. Ўшанда Каримованинг Швейцариядаги ҳисобларидан олинган 131 млн долларлик маблағ Ўзбекистонга қайтарилиши айтилганди.

Қолаверса, 2022 йилнинг 30 июнида Канаданинг The Globe and Mail нашри Гулнора Каримовага тегишли экани тахмин қилинаётган ҳашаматли кўчмас мулк у қамоқдалик вақтида 68,4 млн долларга қайта сотилган бўлиши мумкин, дея хабар берганди.