Президентнинг 8 сентябрдаги [ПҚ-372-сон] қарорига мувофиқ, Абу-Даби тараққиёт жамғармаси томонидан Самарқанд шаҳрида сув таъминоти тизимлари ва йўл тармоқларини модернизация қилиш учун кредит ажратилади.

Кредитнинг умумий миқдори 1,1 млрд дирҳамни ($299,4 млн) ташкил қилади. Маблағлар йиллик 2,5% ставкада, 4 йиллик имтиёзли давр билан 17 йилга берилади.

Сув тармоқларини модернизация қилиш қисми «Самарқанд сув таъминоти» МЧЖ ва вилоят маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан қайтарилади.

Йўлларга сарфланган маблағлар тўғридан-тўғри давлат бюджетидан қайтарилади.

Лойиҳа доирасида Ўзбекистонга олиб кирилаётган товарлар ва ускуналар божхона тўловларидан озод қилинади.

Бундан ташқари, давлат иштирокчи компанияларга улар томонидан тўланган ҚҚС суммалари учун компенсация тўлайди — бунинг учун $42,76 млн доллар кўзда тутилган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистон ва БААнинг Mubadala ва TAQA компанияси ўртасида «Талимаржон ИЭС»ни бошқарадиган қўшма корхона ташкил этиш бўйича битимлар имзоланганди.Инвестицияларнинг умумий ҳажми $1 млрд бўлиб, шундан $700 млн жалб этилган кредитларни тўлашга йўналтирилади.