11 сентябрь куни Тошкент халқаро аэропортидаги учиб кетиш терминалида тутун пайдо бўлди. Йўловчилар ва ходимлар зудлик билан эвакуация қилинди, дея хабар бермоқда Uzbekistan Airports матбуот хизмати.

Ҳодиса жойига Тошкент аэропортининг тегишли хизматлари — аэропорт ёнғин-қутқарув хизмати, парвозларни электр-ёритиш билан таъминлаш хизмати ва авиация хавфсизлиги хизмати навбатчилик бригадалари зудлик билан етиб келишди.

Дастлабки маълумотларга кўра, ёнғинга биринчи қават тагидаги трансформатор подстанциясида жойлашган узлуксиз электр таъминоти манбаидаги (UPS) қисқа туташуви сабаб бўлган. Қисқа туташув оқибатларини бартараф этиш ҳамда воқеа жойида ишлаётган хизматлар ходимларининг хавфсизлигини таъминлаш мақсадида аэропорт терминалини маълум муддатга электр энергиясидан узиб қўйишга қарор қилинди.

«Ертўладан эрталаб соат 10:30 атрофида тутун чиқа бошлади. Аэропорт ходимларининг тезкорлиги ва шаҳардан келган ўт ўчириш бригадалари кўмагида ёнғин тезда бартараф этилди. Соат 10:40да аэропортни вақтинча электр таъминотидан узишга тўғри келди. Яхшиямки, ҳеч ким жабрланмади. Бир қатор рейслар кечиктирилди. Ҳозирда аэропортнинг тегишли хизматлари ҳодиса жойида ишламоқда ва қисқа туташув сабабларини бартараф этмоқда», — дея изоҳ берди Uzbekistan Airports Handling директори Умид Ҳамраев.

Ҳодиса оқибатида Олмаота — KS-128, Нур-Султон — HY-721 ва Москвага — SU-1975 учаётган рейслар кечиктирилди.

«Аэропорт хизматлари ҳаво бандаргоҳини имкон қадар тезроқ очиш учун бор кучини сарфламоқда. Хозирги вақтга келиб, терминалнинг катта қисмида электр энергияси тикланган. Қайд этиш жоизки, Тошкент аэропортининг учиб келиш зали ва маҳаллий авиақатновлар терминали одатдаги режимда фаолият олиб бормоқда», — дейилади хабарда.