10 сентябр куни соат 22:46 да «Тошкент — Ўш» халқаро автомобил йўли 247-километрининг Қамчиқ довони қисмида йўл транспорт ҳодисаси содир бўлди, дея хабар бермоқда ФВВ матубот хизмати.

Фарғона водийси томон ҳаракатланаётган Isuzu юк машинаси ҳайдовчиси бошқарувни йўқотиб, бир нечта автомобиллар иштирокида ЙТҲ содир этган. Тўқнашув натижасида айрим автомобиллар ёниб кетган. Машиналар ёнаётгани акс этган видео ижтимоий тармоқларда тарқалди.

«Ҳодиса оқибатида воқеа жойида 3 киши ҳалок бўлган, 5−7 киши жароҳатланган», — дея маълум қилди ФФ.

Воқеа жойига зудлик билан ФВВининг Қамчиқ Махсус қидирув, ёнғин-қутқарув бошқармасидан 2 та экипаж ва 1 та автоевакуатор етиб борган. Ёнаётан машиналар соат 23:50 да ўчирилган.

Шунингдек, қутқарувчилар томонидан воқеа жойида жабрланганларга биринчи тиббий ёрдам кўрсатилиб, малакали тиббий ёрдам кўрсатиш учун шифохонага юборилган.

ФВВга кўра, орадан оз вақт ўтиб, шифохонада яна 1 нафар фуқаро вафот этган. Ҳозирда Қамчиқ довони автомобиллар ҳаракати учун очиқ.