Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университети ходими 4-курс талабасини ректорга салом бермагани учун ургани ҳақидаги хабар ижтимоий тармоқларда тарқалди.

Келтирилишича, бир нечта ходим ундан университет ректорига нега салом бермаганини сўраган, талаба эса унга жавобан ўзи истаган одамга салом беришини айтган. Шундан сўнг талаба калтакланган.

Бу хабар талабалар орасида ва ижтимоий тармоқларда маълум бўлганидан сўнг, талабалар таълим муассасасининг телеграмдаги «Талаба мурожаати» номли гуруҳида маъмуриятга норозилик руҳидаги гапларни ёзишган. Бироқ, орадан бироз вақт ўтгач бу хабарлар ўчириб ташланган.

Бундан ташқари, ходимлардан бири талабаларга қарата гуруҳда ҳақоратомуз гапларни айтганлар ва раҳбариятдан норози бўлганлар, ОТМнинг ички қоидаларини менсимаганлар талабалар сафидан четлатилишларини айтган. Ҳозирда мавзу доирасидаги барча хабарлар ўчириб ташланган.

Мазкур ҳолат оммага тарқалгач, университет ректори, шу ўринда Ўзбекистон миллий медиа ассоциацияси бошқарув раиси Шерзодхон Қудратхўжа бу воқеадан хабари йўқлиги, бироқ, ноҳақ ҳаракат қилганлар жазоланиши, талабанинг салом бериш-бермаслиги бу ихтиёрийлигини айтган.

«Талаба мурожаатидан ҳам хабарим йўқ. Бу нарсани мен кўрмадим. Ётоқхона қидириб куни бўйи Тошкент шаҳар ҳокими ва вазир билан бирга эдим. Бу ҳолат бўйича суруштирув олиб бораман. Албатта, бу ишни қилганлар, ноҳақ ҳаракат қилганлар жазоланади. Талабанинг салом бериш-бермаслиги бу ихтиёрий, ўзига, тарбиясига боғлиқ. Лекин буни деб кимнидир уришиш, кимнидир калтаклаш умуман мумкин эмас. Шунинг учун у болага мен ўзимга чиқишини таклиф қиламан», — деган у.

Шунингдек, талаба ўқишдан четлатилмаслигини ҳам таъкидлаган.

«Ҳеч ким ҳеч қанақа „отчисление“ бўлмайди, ҳеч кимга ҳеч қанақа чора кўрилмайди. Буни мен ректор сифатида сизларга айтаман, кимдир орқамдан ниманидир айтган бўлса, улар бекорнинг бештасини ебди. Ҳеч қанақа ваҳима, ҳеч қанақа ўринли қанақадир жойлар йўқ. Соғ-саломат бўлинг, ўша йигит майли ўзимга келиб учрашишини сўрайман. Менинг умуман хабарим йўқ. Илтимос, шу овозлини[хабарни] ким қаердан кетган бўлса, ўша манбага беришларингизни сўрайман», — дея фикрини якунлаган ректор.

Университет расмий каналида хабар бўйича ички суриштирувларни бошлагани ва масала барча тарафдан тўлиқ ўрганилаётганини келтирди.

Университет ташкил этилганидан буён бу каби ҳолатлар ЎзЖОКУда кузатилмаган ва университет жамоаси, айниқса, ректори томонидан талабаларга нисбатан ҳар қандай салбий муносабат доим қораланади, дейилади хабарда.