Тошкент шаҳар экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси бошлиғи Фарҳод Деҳқонов ҳибсга олинди. Бу ҳақда Ўзбекистон Бош прокуратураси матбуот хизмати «Газета.uz»га маълум қилди.

Бўлим бошлиғи 9 сентябрь куни Жиноят кодексининг 205-моддаси 2-қисми «а» банди (ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш, давлат ёки жамиятга жуда кўп миқдорда зарар етказиш)да назарда тутилган жиноятни содир этганликда гумонланмоқда.

«Фарход Деҳқонов асосий вазифаси экология ва атрофни муҳитни муҳофаза қилишга оид қонунчилик талаблари ижроси устидан назоратни амалга ошириш керак бўлган ҳолда, ўз мансаб ваколатларини суиистеъмол қилиб, гўёки дарахтларни кўчиришга рухсат берганлиги важи билан уларнинг нобуд қилинишига шароит яратиб берган», — дейилади бошқармада.

8 сентябрь куни Чилонзор ва Учтепа туманларида бир-бирига чегарадош 100 туп дарахт кесиб ташлангани маълум бўлди.

Жумладан, Чилонзор тумани прокуратураси биноси олдида Dream House Stroy қурилиш компаниясига ажратилган 0,2 гектар майдондаги 58 туп кўп йиллик дарахт бир кечада кесилди. Мазкур факт юзасидан прокуратура томонидан жиноят иши қўзғатилди. Эртаси куни департамент қурувчидан қарийб 800 млн сўмлик зарар ундирилгани, шунингдек, 3 нафар гумонланувчи қўлга олинганини маълум қилди.

Ўзбекистон Экология давлат қўмитаси дарахтларни кесишга йўл қўйилмаслиги тўғрисида қурувчи хабардор қилинганини ва дарахтларни сақлаб қолиши тўғрисида кафолат хати имзолангани ҳақида хабар берди. 17 февраль куни компания дарахтларни кесиш учун ариза берди, экология бошқармаси буни рад этди. Бироқ, бу қурувчиларни дарахтларни кесмаслигига тўсиқ бўлолмади.

Ўша куни яна бир ҳолат маълум бўлди. Лутфий ва Катта Хирмонтепа кўчалари кесишмасидаги панжара билан ўралган ҳудудда 42 туп дарахт қуриб қолган. 2020 йил 21 февралда (кейинчалик дарахтларни кесишга мораторий муддатсиз равишда жорий қилинган даврда) Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев қарори билан Goroda Stroy 1 гектар ер участкаси олди.

Жорий йилнинг 8 сентябрь куни ҳудудга ташриф буюрган Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербоев 42 та дарахтдан 27 таси ўзбошимчалик билан бошқа жойга кўчирилганини ёзди. Ўсимлик дунёсига етказилган зарар 425 млн сўмни ташкил этади. Экология бошқармаси ҳужжатларни тўлдириб, прокуратурага топширди, бироқ «шу пайтгача жимлик» экани айтилмоқда.

Тахминан бир соат ўтгач, Бош прокуратура ушбу ҳолат бўйича Жиноят кодексининг 198-моддаси 3-қисми билан (экинзорларни, ўрмонларни, дарахтларни ёки бошқа ўсимликларни шикастлантириш ёхуд нобуд қилиш) жиноят иши қўзғатилганини маълум қилди.