9 сентябрь куни Президентнинг [ПФ-218-сонли] «Таъсирчан солиқ механизмини қўллаш натижасида ҳосил бўлган солиқ қарзини ҳисобдан чиқариш тўғрисида»ги фармони қабул қилинди, дея хабар берди Адлия вазирлиги.

Унга кўра, фойдаланилмаётган объектлар мулкдорларига нисбатан оширилган ставкаларда қўлланилган таъсирчан солиқ механизми натижасида ҳосил бўлган мол-мулк солиғи ва ер солиғи бўйича ️мавжуд солиқ қарзи ҳисобдан чиқарилади.

Шунингдек, ️солиқ қарзини ундириш билан боғлиқ суд ва ижро ишлари тугатилади.

2022 йил 1 июлдан мазкур фармон кучга киргунга қадар бўлган даврда таъсирчан солиқ механизмини қўллаш натижасида ундирилган солиқ келгуси тўловлар ҳисобига мулкдорларга қайтарилади.

Эслатиб ўтамиз, 2022 йил 1 июлдан бўш турган бинолар, фойдаланилмаётган ишлаб чиқариш майдонлари, яшаш учун мўлжалланмаган иншоотлар, тугалланмаган қурилиш объектларига ҳамда ушбу объектлар билан банд ерга мол-мулк солиғи ва ер солиғининг оширилган ставкаларини қўллаш, солиқ имтиёзлари ва преференцияларнинг амал қилишини тўхтатиш тартиби бекор қилинган.