Сирдарё вилояти прокуратураси матбуот хизмати ижтимоий тармоқларда тарқалган Гулистон шаҳар истироҳат боғида дарахтларнинг кесиб ташланганлиги тўғрисидаги хабарлар юзасидан муносабат билдирди.

Аниқланишича, 2022 йил 8 сентябрда тегишли хулоса ва рухсатномаларсиз, қонунга хилоф равишда Гулистон истироҳат боғи ҳудудида 16 туп тол ва терак дарахтлари кесилиб, яна 5 туп дарахтга жиддий зарар етказилган.


«Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 17 январдаги «Давлат ўрмон фондига кирмайдиган ерларда дарахтлар ва буталардан фойдаланишни тартибга солиш ва улардан фойдаланиш соҳасида рухсат бериш тартибини янада такомиллаштириш тўғрисида»ги 43-сонли қарори билан тасдиқланган низомнинг 45-бандида дарахтлар ва буталарни Давлат экология қўмитаси органларининг хулосалари ҳамда маҳаллий давлат ҳокимияти органлари рухсатномаларисиз кесиш ноқонуний ҳисобланиши белгиланган», — дейилади хабарда.

Мазкур ҳолат юзасидан Гулистон прокуратураси томонидан жиноят иши қўзғатилди. Ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.


Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкентнинг Чилонзор туманида 58 туп, Учтепа туманида 42 туп дарахт ноқонуний равишда кесиб ташлангани аниқланганди. Иккала ҳолат юзасидан ҳам Тошкент шаҳар прокуратураси тегишли шахсларга нисбатан жиноят иши қўзғатган.

Бундан ташқари, август бошида Чилонзор кўчасини кенгайтириш баҳонасида 101 туп дарахтга шикаст етказилганди. Ушбу можаро хабари давлат раҳбаригача етиб борганди. Президент топшириғига асосан Чилонзор тумани ҳокими Шавкат Мавлонов ва прокурори Иззат Бозоров ишдан бўшатилганди. Қолаверса, пойтахт ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев ва прокурори Улуғбек Қосимовга қаттиқ ҳайфсан берилганди.

Эслатиб ўтамиз, президентнинг 30 декабрдаги фармони билан мамлакатда дарахтларни кесишга муддатсиз мораторий жорий қилинди. Шунга қарамасдан ҳудудларда дарахтларни ноқонуний кесиш ҳолатлари давом этмоқда.