Жиззах вилояти Ғаллаорол туманида эр арматура билан хотинининг бошига уриб, ўлимга сабаб бўлган жароҳат етказди. Мазкур ҳодиса юзасидан туман ҳокимияти, вилояти ИИБ ва фуқаролар иштирокида ўтказилган муҳокамада маълум қилинди.

Воқеа 2 сентябрь тунги куни соат 02:00 ларда Ғаллаорол тумани Бахт маҳалласида содир бўлган. 4 нафар фарзанднинг отаси ва онаси ўзаро гап талашиб жанжаллашиб қолган.

Оқибатда 1982 йилда туғилган эр хотинининг бошига арматура билан икки марта уриб, жароҳат етказган. Аёл шифохонада кўрсатилган муолажаларга қарамасдан вафот этган.

Аввалроқ Қуйи Чирчиқ туманидаги боғчада ўз хотинини калтаклаган эркак кейинчалик уни ўлдиргани ҳақида хабар берилганди. Воқеа юзасидан жиноий иш очилган, туман прокуратураси тергов ҳаракатларини ўтказмоқда. Бундан ташқари яна бир эркак хотини, фарзанди, қайнона ва қайнопасини пичоқлагани хабар қилинганди.