Жорий ўқув йилида мактабларда ўқув дарсликларининг ўртача ижара нархи икки бараварга ошди. ХТВ буни қоғоз нархлари ва транспорт харажатлари ошгани билан изоҳлади. Бунинг ортидан ижтимоий тармоқлар фойдаланувчилари ижараси нархи қимматлашгани ва биринчи чоракдан кейингина янги китоблар чиқарилишидан шикоят қила бошлади.

Жумладан, депутат Расул Кушербаевнинг фикрича, давлат умумий ўрта таълим давлат томонидан кафолатлангани учун мактаб дарсликлари ижараси учун тўловнинг мавжудлигини Конституцияга зид. У хатто тушунтириш беришни сўраб Конституциявий судга ҳам депутатлик сўрови юборди.

Ушбу воқеалардан сўнг, Янги ўқув йилининг биринчи кунидаёқ президент мактаб дарсликларини бепул ижарага беришни буюрди. Бунинг учун президент Администрацияси раҳбарининг топшириғи билан дарсликлар сифатини текшириш бўйича ишчи гуруҳи ташкил этилди. Бундан ташқари, дарсликларни тайёрлаш, нашр этиш, таннарх ва тарқатиш тизимини танқидий кўриб чиқиш режалаштирилаётгани маълум қилинди.

Мазкур воқеалар ортидан «Газета.uz» мухбири Миролим Исажонов яқин қўшни ва узоқ ҳамкор давлатларда мактаб дарсликларини бериш тартиби қандайлиги билан қизиқди. Бунинг учун у дунёнинг турли нуқталарида яшаётган ва фарзандини ўша давлат мактабида ўқитаётган ўзбекистонликлар билан суҳбатлашди.

Эслатма: суҳбатдошларнинг билдирган фикрлари бўйича тартиб ўша давлатнинг бошқа ҳудудида умуман акс кўринишда бўлиши эҳтимолдан ҳоли эмас.

Қирғизистон

Ўшлик журналист Шоҳрух Соиповнинг таъкидлашича, Қирғизистонда мактаб дарсликлари бўйича деярли муаммо йўқ. Бу масала охирги ўн йилда ҳал этилган.

«Давлат мактабларида ижара деган нарса йўқ, дарсликлар бепул берилади. Аммо ўқувчига қайсидир дарслик етмай қолса, ота-она уни бозор ёки китоб дўконларидан ўз маблағига харид қилади. Сотувдан исталган дарсликни албатта, топиш мумкин», — деди у.


Фото: Шоҳрух Соипов.

Унинг қўшимча қилишича, агар ўқувчи мактаб томонидан берилган китобнинг бирор жойини йиртиб қўйса, уни таъмирлаб қайтаради. Йўқотилган китоб ўрнига эса худди ана шундай китобни олиб бериши шарт.

«Дарсликлар мазмуни, яъни улардаги хатолар ижтимоий тармоқларда ҳам, мактабдаги йиғилишларда ҳам муҳокама бўлади. Ота-оналар бу бўйича ўз муносабатини билдиради. Таълим вазирлиги эътироз ва фикрларни эшитиб, хатоларни тўғрилашга ҳаракат қилади», — деди журналист.

Шоҳрух Соиповнинг қайд этишича, Қирғизистонда бошланғич синф ўқувчиларига бир маҳал бепул овқат берилади. Айрим ҳудудларда эса ширинлик ва чой тортиқ қилинади.

Тожикистон

Тожикистонлик журналист Озод Мелибоевнинг қайд этишича, қўшни давлатда боғчалар, мактаблар ва олий ўқув юртлари ягона вазирликка қарайди. Мактаб ўқувчиларига дарсликлар Маъориф вазирлиги томонидан етказиб берилади.


Фото: Озод Мелибоев.

«Тожикистонда мактаб дарсликлари ижара асосида тақдим қилинади. Масалан, вазирликдан мактабга юборилган битта китоб нархи 30 сомоний (ўртача 3 доллар) бўлса, ўқувчи шу дарслик нархини, яъни 30 сомонийни 34 фоизини тӯлаб, бир йил ишлатади ва йил якунида мактабга топширади. Кейинги йили худди ўша китобни олган бошқа ўқувчи 30 сомонийни 33 фоизини тўлайди ва дарсликдан бир йил фойдаланади. Учинчи йили ҳам бошқа ўқувчи 30 сомонийни 33 фоизини тўлаб, йил охиригача ишлатади», — деди у.

Унинг сўзларига кўра, шу тариқа битта дарсликнинг ижара пули ота-оналардан уч йил ичида олинади.

«Ушбу тартиб салкам ўн йилдан бери бор. Ота-оналар дарсликларни китоб дўконларидан харид қилиши ҳам мумкин, танлов уларнинг ўзида», — деди журналист.

Унинг айтишича, ўқувчи йил мобайнида бирор китоб сифатига жиддий зарар етказса ёки йўқотиб қўйса, ўрнига худди ана шундай дарслик топширади ё китоб таннархини тўлайди.

«Тожикистонда таълим тожик, рус, ӯзбек, инглиз, қирғиз, туркман тилларида олиб бориладиган ӯрта умумтаълим мактаблар мавжуд. Рус тилидан дарс бериладиган мактабларга русча китоблар Россиядан олиб келинади. Бошқа тиллардаги дарсликлар мамлакатнинг ўзида ишлаб чиқарилади. Лекин ўзбек тилидаги дарсликлар танқислиги ҳалигача барҳам топмаган, етишмовчиликлар кузатилади», — деди Озод Мелибоев.

Қозоғистон

Қозоғистонга оиласи билан кўчиб кетган андижонлик Нодира Ҳабибуллаеванинг айтишича, ушбу қўшни мамлакатда ҳам дарсликлар бепул берилади.

«Қизим Олма-отадаги давлат мактабларидан бирининг ўқувчиси. Дарсликлар бепул тарқатилади. Аммо етмаган дарсликларни ота-оналар ўз ҳисобидан сотиб олади. Кичик қизим хусусий мактабда ўқийди. Унга китобларни дўконлардан харид қилдик. Бу йил нархлар бироз ўсган», — деди у.


Фото: Нодира Ҳабибуллаева

Унинг таъкидлашича, Қозоғистонда дарсликлардаги мураккаб машқлар кўпроқ муҳокамаларга сабаб бўлади. Айрим фанлардаги машқларни ечишга ота-оналар ҳам қийналади. Шу боис улар фарзандини ўйлаган ҳолда эътироз билдиради.

Туркия

Анқарада истиқомат қилувчи Замира Ҳамидованинг қайд этишича, Туркия мактабларида китоблар бепул берилади, тўлов деган тартиб йўқ. Агар ота-онанинг фарзанди йиртиб ёки йўқотиб қўйган дарсликлар ўрнини қоплашга имконияти йўқ бўлса, мактаб маъмурияти буни тўғри тушунади ва талаб қилмайди.


Фото: Замира Ҳамидова.

«Бугунги кунда замон ўзгариб, ривожланяпти. Шундан келиб чиқиб, хусусий нашриётлар томонидан деярли ҳар йили қўшимча дарсликлар нашр этилади. Ўқитувчилар ҳам бу жараённи кузатиб боради ва ота-оналарга харид қилиш бўйича тавсия беради. Аммо уни сотиб олиш мажбурий эмас, ўқувчининг яқинлари оилавий шароитига қараб иш тутади», — деди Замира Ҳамидова.

Япония

Япониянинг Фукуока шаҳридаги бир қатор мактабларда инглиз тили ўқитувчиси бўлиб ишлайдиган Соҳибжон Абдуллаев кунчиқар мамлакатда мактаб дарсликлари учун ижара тўлови йўқлигини айтди.

«Аммо ҳар чоракда маълум миқдорда — 30−50 доллар атрофида ота-оналардан мактаб дарсликлари, ўқув материаллари, дафтарлар учун пул олинади. Бу сумма банк орқали ўтказилади ёки конвертда мактаб ҳисобхонасига топширилади. Ушбу жараёнга ўқитувчилар аралашмайди. Бироқ дарслик ва бошқа пули тўланган маҳсулотларнинг барчаси ўқувчини ўзида қолади, мактабга қайтарилмайди», — деди Соҳибжон Абдуллаев.


Фото: Соҳибжон Абдуллаев.

Унинг қайд этишича, ҳар йили янги китоблар нашр этилиб, тарқатилади. Баъзи бир китоблар бир неча йил давомида ишлатилади. Масалан, табиий фанларга оид дарсликлар кетма-кет икки йилга мўлжалланган бўлади. Ўқувчи ундан 5−6 синфларда фойдаланади.

«Японияда дарсликлардаги хато ва камчиликлар деярли муҳокамаларга сабаб бўлмайди. Чунки бу давлатда дарсликлар ҳар уч йилда янгиланади. Аммо дарсликнинг тузилиши ўз ҳолатида қолади, фақат мазмун бироз ўзгаради, замонга мослаштирилиб, янгиланиб борилади», — деди у.

Хитой

Пекин шаҳрида яшовчи Дилфуза Тожиматованинг ўғли давлат мактабида таҳсил олади. У айни вақтда 5-синф ўқувчиси ҳисобланади.

«Хитой мактабларида ўқув йили иккита чоракдан иборат. Ўқувчиларга ҳар икки чоракда алоҳида-алоҳида дарсликлар, машқ дафтарлари берилади. Ҳаммаси давлат томонидан бепул амалга оширилади, бунга ота-она пул тўламайди. Ҳатто бизнинг фарзандимиз сингари чет эл фуқароси бўлган ўқувчиларга ҳам дарслик ва китоблар бепул тақдим этилади. Йўқотиб қўйилган ёки зарар етказилган китоблар ўрнига ота-она томонидан худди шундай китоб олиб берилади. Уларни онлайн дўконлар орқали ҳам топиш мумкин», — деди у.


Фото: Дилфуза Тожиматова

Ватандошнинг айтишича, фарзанди маълум вақт хусусий мактабда ўқиган. Ўша пайтда улар форма ва озиқ-овқат учун тўлов қилган холос. Китоблар учун пул тўланмаган. Ўғли ўқишини ҳозирги мактабига кўчираётганида, хусусий мактаб томонидан берилган китобларни ўзлари билан бирга олиб кетишган. Дарсликларни қайтаришни мактаб маъмурияти талаб ҳам, илтимос ҳам қилмаган.

«Шуни алоҳида айтишим керакки, Хитойдаги давлат мактабларида дарсликлар ижарага берилмайди, мактаб томонидан бепул таъминланади ва мактабга қайтарилмайди. Китоблар ўқувчининг шахсий мулки сифатида ўзида қолади. Мазкур тизим туфайли уйимизда китоблар кўпайиб кетди. Ўғлим 1−2 синфларда фойдаланган китобларини такрор ишлатилмаганлиги боис, қоғозни қайта ишлаб чиқарувчи жойларга топширдик», — деди Дилфуза Тожиматова.

АҚШ

АҚШнинг Нью-Жерси штатидаги Морристаун аҳоли пунктида яшовчи Асомиддин Қутбидиновнинг айтишича, Америкадаги ҳукумат мактабларида китобдан ташқари, йил давомида фойдаланиш учун Apple ёки Windows дастурида ишловчи компьютер ҳам бепул тақдим этилади.

«Лекин дарс пайтида китоблардан кам фойдаланилади. Машғулотлар кўпроқ компьютер орқали бажарилади. Компьютерда турли ўйинлар йўқ, бу тақиқлаб қўйилади. Фақат дарсликларга оид дастурлар жойлаштирилади. Ўқувчи қурилмани бузиб қўйса, ота-она жарима тўлайди ёки таъмирлатиб беради. Агар ота-она мактаб томонидан берилган компьютерни бир йилга суғурта қилиб қўйса, бузилганида бироз енгиллик бўлади, суғуртани фойдаси тегади», — деди у.

Таъкидланишича, ўқувчиларни мактаб томонидан йўлга қўйилган автобуслар дарсга вақтида олиб бориб келади.

«Пандемиядан кейин мактаб овқатлари бепул бўлиб қолди. Шундай бўлишига қарамай, қизим ва ўғлимнинг ҳисобига пул ўтказиб тураман. Мактаб таомларидан ташқари ўзлари хоҳлаган нарсаларни олишади», — деди Асомиддин Қутбидинов.

Унинг қўшимча қилишича, ота-оналар портали орқали фарзандлар қайси фанлардан неча баҳо олгани, қайси машғулотларга қатнашмагани ёки қайси ўқитувчи дарс ўтаётганини, умуман, мактаб ҳаёти билан боғлиқ барча жараёнларни онлайн кузатиб бориш мумкин.

Германия

Германиянинг Ольденбург шаҳрида истиқомат қилувчи Дилшод Раҳматнинг маълум қилишича, ушбу давлат таълим тизими ҳамма ҳудудда турлича бўлиб, дарсликлар нархи ҳам ҳар хил белгиланади.

«Ўзим яшайдиган Ольденбург шаҳри мисолида айтадиган бўлсам, бошланғич синфларда китобларнинг барчасини ота-онанинг ўзи сотиб олади. Чунки китоблар ичига ўқувчи томонидан ёзилади, машқлар бажарилади», — деди ватандош.


Фото: Дилшод Раҳмат

Унинг қайд этишича, ўқувчилар 5 синфни турли даражадаги юқори синф мактабларида давом эттиради.

«Қизим ихтисослаштирилган мактабга боради. Унинг таълим масканида дарсликларни харид қилиш ҳам мумкин, ижарага олса ҳам бўлади. Аммо ижарага олиш оила бюджетига арзон тушади. Уч ва ундан кўп болали оилаларга чегирма берилади. Кам таъминланган ёки ёлғиз боқувчиси бўлган ўқувчиларга тўлов қилган пули тўлиқ қайтарилади», — деди у.

Дилшод Раҳматнинг уч нафар фарзанди борлиги учун у жорий ўқув йилида 11 та дарслик учун 65 евро тўловни амалга оширган. Аслида эса ижара нархи 85 еврони ташкил этади. Ижара пули онлайн банк орқали мактаб фондига ўтказилади.

«Бу ерда китоблар ёки ижара нархлари муҳокама қилинмайди. Чунки ўзига тўқ оилаларга (аксарият аҳоли) бу маблағ муҳокама учун мавзу бўла олмайди. Асосан, китоб мазмун-моҳияти ва ўқитиш жараёнлари тармоқлардаги гуруҳларда муҳокама бўлади», — деди Дилшод Раҳмат.

Англия

Лондонда истиқомат қилаётган Нилуфар Исмоилованинг айтишича, Англияда ўқувчи 6 синфгача бошланғич мактабда ўқийди ва уларга ҳамма фандан бир ўқитувчи дарс ўтади. Юқори мактабда эса ўқувчилар худди олий ўқув юртлари сингари кучайтирилган таълим тизимда таҳсил олади. Яъни кафедрама-кафедра юриб, машғулотларда қатнашади, дарслар турли хоналарда бўлиб ўтади.


Фото: Нилуфар Исмоилова

«Икки нафар фарзанднинг онасиман. Улар давлат мактабларида ўқийди. Дарсликлар ва дафтарлар бепул тарқатилади. Китоблар ҳар куни мактабнинг ўзида қолади, ўқувчи уйига олиб кетмайди. Англияда мактаб дарсликлари жудаям сероб, ўқувчилар асрайди, йиртиб ташламайди. Умуман, бу мамлакатда одамлар давлат мулкига ҳурмат билан қарайди, қадрлайди», — деди Нилуфар Исмоилова.

Унинг қўшимча қилишича, ўқув йили ёки ҳар чорак бошида давлат мактаблари томонидан ота-оналар учун дарсликлар бўйича бепул ўқув машғулотлар ташкил этилади. Хоҳловчилар бориб, қатнашиши мумкин. Бу ўқув дастурлар орқали ота-оналар ўз билимини бойитади, фарзанди билан бирга уй вазифаларини тайёрлашда қийналмайди.

Финляндия

Финляндияда яшовчи Акмалжон Набиевнинг таъкидлашича, бу давлатда ўқув йили бошида ўқувчи мактабга фақат бўш сумка билан боради.

«Китоблар ва ўқув қуролларидан ташқари, замонавий гаджетлар ҳам бепул берилади. Бошланғич синф ўқувчиларига планшет, юқори синфдагиларга эса ноутбук тақдим қилинади. Уларни ўқув йили охирида мактаб қайтариб олади ва ўқиш бошланса, яна ўшани беради. Яъни, ўқувчи битта гаджетни икки йил ишлатади», — деди у.


Фото: Акмалжон Набиев

Унинг сўзларига кўра, Финляндияда мактаб томонидан берилган китоблар эсдалик сифатида ўқувчининг ўзида қолади. «Ўғлим неча йил мактабда ўқиган бўлса, барча дарсликлари уйимизда ҳалигача сақланади», — деди Акмалжон Набиев.

«Бу мамлакатда ҳар бир мактабнинг онлайн дастури бўлади. Ота-оналар ўша дастурга қўшиб қўйилади ва фарзандининг ўқиши билан боғлиқ барча ҳолатлардан интернет орқали хабардор бўлиб бораверади. Ўқитувчи сизга қўнғироқ қилиб, қиз ёки ўғлингизнинг ўқишидан шикоят қилиб юрмайди. Педагоглар фарзандингиз мактабга кеч қолиб боргани, қайси фанларни ўзлаштиришга қийналаётгани ва бошқа масалаларни платформага ёзиб қўяди», — деди ватандош.

Акмалжон Набиевнинг қайд этишича, Финляндияда Ўзбекистондагидек синфдаги барча ўқувчиларнинг ота-оналар учун оммавий мажлис ўтказилмайди. Ҳар бир боланинг ота-онаси билан алоҳида мажлис бўлади.

«Бундай мажлис йил давомида икки марта ташкил этилади. Унда ўқувчи, ота-онаси, мактаб директори, синф раҳбари ва беш, олти нафар фан ўқитувчилари иштирок этади. Бу дўстона учрашувда икки томон фарзанднинг ўқиши билан боғлиқ барча эътироз ва масалалар ҳақида суҳбатлашади. Шунингдек, ҳар бир ўқувчини синфхонада ҳам шахсий шкафи бўлади. Планшети ва ортиқча китоблари ўша ерда туради. Уйда ўқиши керак бўлган китобларини ўзи билан бирга олиб келади холос. Ўқувчиларга ҳар куни икки маҳал бепул овқат ҳам берилади», — деди у.