Росстат маълумотларига кўра, жорий йилнинг январь-июнь ойларида Россияни қарийб 420 минг киши тарк этган. Бу 2021 йилнинг шу даврига нисбатан 2,07 баравар кўп. Бу ҳақда давлат статистика федерал хизмати ҳисоботига таяниб Spot хабар бермоқда.

Таққослаш учун, йилнинг биринчи ярмида Россияга 322 348 киши келган. Бу ўтган йилга нисбатан атиги 1,76 фоизга кўп. 2021-йили миграция сальдоси мусбат кўрсаткичли бўлган бўлса, шу йилда у манфий статистика қайд этган.

Бошқача айтганда, аҳолининг Россиядан чиқиб кетиши ортгани кузатилмоқда. Миграция туфайли доимий аҳоли сони олти ой ичида 96 737 кишига камайган (ўтган йилнинг шу даврида 114 215 кишига ошган эди).

Ҳарбий ҳаракатларга қарамай, энг катта оқим Украинага тўғри келди. Олти ой давомида у ерга қарийб 80 минг киши кетган, 57,9 минг киши эса келган.

Иккинчи ўринни Арманистон эгаллади. У ерга 49 минг киши кўчиб борган. Учинчи ўринда Қирғизистон, бу мамлакатга 43,6 минг киши кетган.

Олти ойда Россиядан Ўзбекистонга 38 618 киши келган, 24 999 киши эса қарама-қарши йўналишда чиқиб кетган (бу кўрсатгич 2021 йилда мос равишда 19 111 ва 25 804 бўлган). Бу 2021 йилнинг шу даврига нисбатан 2,07 баравар кўп.

Россияга Тожикистондан олти ой ичида 82,6 минг киши келган. Тожикистонга кетишлар сонининг кўплигига (58,4 минг) қарамасдан, тоғли республика Россияда мусбат сальдо қайд этган ягона давлатга айланди.

МДҲдан ташқари одамлар Россиядан Хитой, Вьетнам, Ҳиндистон, Грузия, Туркия ва Германияга йўл олган.

Маълумот учун, апрел ойида йил бошидан буён Россиядан Ўзбекистонга 133 минг нафар меҳнат муҳожири қайтгани маълум қилинганди. Ўшанда Россияда иш ҳақини вақтида ололмаётган ўзбекистонликлар сони кескин ортгани айтилган.