Ҳукуматнинг 6 сентябрдаги [498-сон] қарори билан «Қадимий ёзма манбалар давлат реестри тўғрисида»ги низом тасдиқланди. Бу хақда Адлия вазирлиги хабар берди.

Мазкур низом давлат реестри қадимий ёзма манбаларни ҳисобга олиш ва уларнинг сақланишини назоратга олувчи ҳужжат ҳисобланади.

Давлат реестри электрон ва босма кўринишда Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази томонидан юритилади.

Низомга кўра, давлат реестрига киритилган манбаларга оид маълумотлар жамоатчилик учун очиқ бўлиб, унга 1950 йилгача яратилган ёзма ёдгорликлар, тарихий ҳужжатлар ва чоп этилган тошбосма нашрлар киритилади.

Шу билан бирга, музейлар, кутубхоналар ва барча давлат ташкилотлари ўзларидаги ёзма манбаларга оид маълумотларни Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига мажбурий тартибда, бошқа шахслар эса ихтиёрий асосда тақдим қилади.

Ёзма манба рўйхатдан ўтказилганда гувоҳнома берилади. Шунингдек, ёзма манбалар ўғирланганда, йўқотилганда 1 иш кунида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига хабар берилиши керак.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг февралида «Қадимий ёзма манбаларни сақлаш ва тадқиқ этиш тизимини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги [ПҚ-126-сон] қарор имзоланган эди.

Қарор билан Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази, Шарқшунослик институти ва Ўзбекистон Миллий кутубхонасининг жамоатчилик учун очиқ бўлган Қадимий ёзма манбалар давлат реестрини шакллантириш ва давлат тасарруфидаги музейлар, кутубхоналар ва архив фондлари фаолиятига интеграция қилиш тўғрисидаги таклифи маъқулланган.