2022 йилнинг олти ойи якунлари бўйича Ўзбекистон давлат бюджети тақчиллиги ялпи ички маҳсулотга нисбатан 3,7% ёки 14,4 триллион сўмни ташкил этди. Бу ҳақда молия вазири Тимур Ишметов Олий Мажлис Қонунчилик палатасига Давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармаларининг биринчи ярим йилликдаги ижроси тўғрисидаги ҳисоботи вақтида маълум қилди.

Унга кўра, тақчиллик давлат ғазначилик облигацияларини ички бозорга жойлаштириш, халқаро молия ташкилотларининг имтиёзли кредитлари ҳамда Тикланиш ва тараққиёт жамғармасининг йил бошидаги қолдиқ маблағлари ҳисобидан қопланди.

Биринчи ярим йилликда ялпи ички маҳсулоти 394 триллион сўмни ташкил этиб, 2021 йилнинг шу даврига нисбатан 5,4 фоизга ўсди. Ялпи ички маҳсулотнинг 19,6 фоизи қишлоқ хўжалиги, 38,7 фоизи хизматлар, 26,7 фоизи саноат, 6,6 фоизи қурилиш соҳасига тўғри келади.

Саноат тармоқлари ичида энг катта ўсиш хизмат кўрсатиш соҳасида (7,3 фоиз), қурилиш соҳасида 6,2 фоиз, саноатда 5,1 фоизга ўсди. Энг паст ўсиш қишлоқ хўжалигида қайд этилди — 2,7%.

Ташқи савдо айланмаси 32,4 фоизга ўсиб, қарийб 25 миллиард долларни ташкил этди. Экспорт ҳажми 40 фоизга ошиб, 10 миллиард долларга етди, бу сўнгги тўрт йилдаги энг яхши олти ойлик кўрсаткич бўлди, деди молия вазири.

Импорт ҳажми 27 фоизга ошиб, қарийб 15 миллиард долларни ташкил этди.

Давлат буджетининг даромадлари 92,6 триллион сўмни ташкил этиб, ўтган йилга нисбатан 17,8 триллион сўм ёки 23,7 фоизга кўпдир. Бу ялпи ички маҳсулотнинг 24,5 фоизини ташкил этади. Давлат бюджети харажатлари 103 триллион сўмдан ошди (ялпи ички маҳсулотга нисбатан 26,4 фоизни ташкил этди).

Эслатиб ўтамиз, июль ойида бош вазир ўринбосари Жамшид Қўчқоров парламентга бюджет тақчиллиги лимитини 3 фоиздан 4 фоизга оширишни сўраш режалаштирилаётганини таъкидлаган эди.

Молия вазири Тимур Ишметов ноябрь ойида 2022 йилдан бошлаб барча вазирликлар учун давлат бюджети маблағларини сарфлаш бўйича асосий иқтисодий кўрсаткичларни белгилаш режалаштирилганини айтганди. Унга кўра, қатъий топшириқлар асосида бюджет тақчиллигини 3 фоизга камайтириш ва «бюджет харажатларини қаттиқ назорат қилиш» режалаштирилган.

Ўтган йилнинг сентябрь ойида молия вазири ўринбосари Аҳадбек Ҳайдаров 2020 йилдаги инқироз туфайли давлат бюджети харажатлари кескин ошганидан сўнг, эндиликда бу кўрсаткични пандемиядан олдинги даражага — ЯИМнинг 27 фоизигача камайтириш режалаштирилаётгани ҳақида маълум қилганди. Бундан ташқари, ҳукумат яқин йилларда давлат қарзи даражасини 50 фоиз, бюджет тақчиллигини эса 2 фоиз доирасида ушлаб туришни режалаштирмоқда, деганди Ҳайдаров.