Самарқанд вилояти Нуробод туманидаги 1-сонли мактабда ўқитувчилар дарсликларни ўқувчи ва уларнинг ота-оналарига иккинчи қаватдан улоқтириб тарқатгани акс этган видео тарқалди. Дастлаб Халқ таълими вазирлиги матбуот хизмати ҳолатни ўрганиш бўйича ишчи гуруҳ тузилиб, ўрганиш ишлари бошланганини маълум қилди.

Нуробод тумани ҳокимлиги хабар беришича, ўрганишлар давомида тумандаги 1-сон умумий ўрта таълим мактабининг 4 синф ўқувчиларига синф раҳбари Шоҳида Ғаффорова синф ўқувчиларига мактаб дарсликлари ва машқ дафтарларини қўпол тарзда, ўқитувчи этикаси ва одоб-ахлоқ қоидаларига зид равишда, синфдан ташқари ҳолатда тарқатганлиги маълум бўлди.

«Ўқитувчига хос бўлмаган хислатда хатти-ҳаракат қилганлиги сабабли умумий ўрта таълим мактабининг 4-д синф раҳбари Шоҳида Ғаффорова билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилинди», — дейилади хабарда.

Қолаверса, мактаб дарсликлари ва машқ дафтарларини тарқатилиш жараёнини назоратга олмагани ва масъулиятсизликка йўл қўйгани сабабли мактаб директори Э.Ҳамраев эгаллаб турган лавозимидан озод қилинган.