Мактаб дарсликлари ижара пули доимий равишда бекор қилинди. Бу ҳақда халқ таълими вазири ўринбосари Темур Комилов 6 сентябрь куни АОКАда ўтказилган матбуот анжуманида маълум қилди. Аввалига ижара пули фақат 2022/2023 ўқув йили учун бекор қилинганини таъкидлаган вазир ўринбосари кейинроқ, дарсликлар доимий равишда бепул тақдим этилишини қайд этди.

2022 йилга мўлжалланган Давлат бюджети тўғрисидаги қонун билан ХТВ ҳузуридаги бюджетдан ташқари Республика мақсадли китоб жамғармасининг бюджетини тасдиқланган. Бу йил дарсликларни чоп этишга 1,1 трлн сўм йўналтирилиши режа қилинганди. Маблағларнинг бир қисми — 605 млрд сўм давлат бюджетидан, қолган қисми — фонд маблағлари ҳисобидан (299,4 млрд сўм), шундан 283,4 млрд сўми ижара тўлови билан қопланиши белгиланган.

Бироқ, вазир ўринбосари прогнозлардан 1,7 бараварга кўпроқ бўлган бошқа суммани қайд этди. «Қонунчиликка кўра, жамғарма маблағлари бу ижара тушумларидан шаклланади, бу йилнинг ўзида ҳам 500 млрд ижара тушумидан қопланиши керак эди», — деди Темур Комилов.

Унинг сўзларига кўра, текин қилинди дегани — бу йил ота-она тўлаши керак бўлган маблағ — 500 млрд сўмга яқин суммани давлат бюджетдан йўналтиришини англатади. «Бу президентнинг ўзининг иродаси, ташаббуси», — деди вазир ўринбосари.

Халқ таълими вазирининг биринчи ўринбосари Усмон Шарифходжаевнинг аниқлик киритишича, президент Администрацияси раҳбари топшириғи билан тузилган ишчи гуруҳ томонидан вазият ўрганилгач, ҳукумат даражасида ва парламент томонидан тасдиқланган давлат бюджети асосида дарсликларни нашр этиш ва уларни молиялаштиришнинг келгусидаги тартиби белгиланади.

У дарсликларни пуллик ижарага бериш тизими Ўзбекистонда 2000 йиллар бошида Осиё тараққиёт банки лойиҳаси доирасида жорий этилганини эслатиб ўтди.

Аввалроқ, жорий ўқув йилида ўртача бир дона дарслик (машқ дафтари) учун ягона ижара тўлови 5707 сўмни ташкил этиши ва ўтган ўқув йилидаги миқдор (2740 сўм)га нисбатан 2 967 сўмга (108%) ошгани ҳақида ёзгандик. Мазкур хабардан сўнг, тармоқларда фойдаланувчилар мактаб дарсликлари ижара нархи қимматлашгани ва биринчи чоракдан кейингина янги китоблар чиқарилишидан шикоят қила бошлашди. ХТВ эса буни қоғоз нархлари ва транспорт харажатлари ошгани билан изоҳлади.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ЎзЛиДеП партияси аъзоси Расул Кушербаев эса мактаб дарсликларини пуллик ижарага олиш Конституцияга зид эканини таъкидлади.

5 сентябрь куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида Шавкат Мирзиёев мактаб дарсликларининг ижара тўловлари нархи кескин оширилиши ортидан кенг жамоатчилик, жумладан, ота-оналар томонидан билдирилган эътирозлар фонида дарсликларни бепул ижарага беришни тезкор йўлга қўйиш юзасидан топшириқ берди.