Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 5 сентябрь куни ҳудудлар кесимида асосий озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган талаб, шунингдек, ички имкониятлар таҳлилига бағишланган йиғилиш ўтказди, дея хабар берди давлат раҳбари матбуот хизмати.

Президент мамлакатда картошкага йиллик эҳтиёж 3,4 млн тоннани ташкил этиб, унинг 20−25 фоизи импорт ҳисобига қопланиши, хусусан, Қорақалпоғистонда йилига 100 минг тоннага яқин, Навоий вилоятида 45 минг тонна, Жиззах вилоятида 35 минг тоннага яқин картошка етишмаслиги ҳақида айтиб ўтди.

Ўсимлик ёғига йиллик эҳтиёж 515 минг тонна бўлиб, бунинг 46 фоизи хориждан олиб келинмоқда. Ўзбекистондаги ёғ-мой корхоналари эса тўлиқ қувватда ишламаяпти. Умуман, ички бозорда 25 турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари таъминоти импортга боғлиқ бўлиб қолмоқда. Шу боис Қишлоқ хўжалиги вазирлигига ҳокимликлар билан бирга ушбу маҳсулотларни ўзимизда ишлаб чиқариш бўйича лойиҳалар тайёрлаш вазифаси қўйилди.

Озиқ-овқат маҳсулотлари нархининг мавсумий ўзгаришлари ҳам сезиларли эканлиги қайд этилди. Чунки қишлоқ хўжалигига ихтисослашган 50 та туманда музлаткичли омборлар етишмайди. Ҳозирда мавжуд сақлаш қувватлари 1,5 млн тонна,бу жами етиштирилаётган маҳсулотларнинг 7 фоизига ҳам етмайди. Бу албатта «нарх ўйнаши»га таъсир қилади.

Шундан келиб чиқиб, вилоят ҳокимларига мазкур 50 туманда сақлаш қувватларини кескин ошириш бўйича топшириқ берилди.

Боғдорчилик ва иссиқхона хўжалигини ривожлантириш агентлигига озиқ-овқат маҳсулотлари майдонини 300 минг гектарга етказиш, экинларни аҳоли талаби ва импорт таҳлилидан келиб чиқиб оқилона жойлаштириш вазифаси қўйилди.

15 сентябрдан бошлаб, ҳоким ёрдамчилари тавсиясига кўра, сабзавот, дуккакли ва мойли экинлар бўйича уруғлик, ўғит, ёқилғи, ўсимликлар ҳимояси ҳамда айланма маблағ учун 150 млн сўмгача гаровсиз кредит ажратиш йўлга қўйилади. Бу маблағларнинг ярмини нақд пулда ажратишга ҳам рухсат берилади. Бунинг учун Боғдорчилик агентлигига қўшимча 300 млрд сўм ажратилади.

Мева-сабзавотчиликни кредитлаш бўйича ҳам янги тизим жорий қилинади. Энди картошка, сабзавот, ёғ-мой экинлари экадиган кластер ва деҳқонларга ҳосилни суғурталаш харажатининг 50 фоизи давлат ҳисобидан қоплаб берилади. Бундан буён пахта ва ғалладаги каби, озиқ-овқат маҳсулотлари етиштиришда ҳам суғурта полиси кредит таъминоти ҳисобланади. Бу янгилик кўплаб деҳқонларнинг ишини осонлаштиради, дейилади хабарда.

Ҳозирда мамлакат бўйича ҳар йили 300 минг тонна картошка, 6 минг тонна дуккакли ва 11 минг тонна мойли экинлар уруғини тайёрлаш зарур. Бу борада яхши тажриба билан, Самарқанд вилояти Оқдарё туманида тадбиркорлар 450 центнергача ҳосил берадиган элита картошка уруғи етиштирмоқда.


Президент бу тажрибани кенгайтириб, хусусий сектор билан бирга, дуккакли ва мойли экинлар уруғчилигида ҳам йўлга қўйиш зарурлигини айтди.

Ҳар бир вилоятда камида биттадан интенсив сабзавот кўчатчилик хўжалиги ташкил этиш, ҳосилдор ерларнинг барчасини интенсивга ўтказиш бўйича кўрсатма берилди.

Йиғилишда қиш-баҳор ойларида мева-сабзавотлар нархини барқарор сақлаш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилди.

Президент маҳсулотларни сақлаш ва ташиш имкониятларини кенгайтириш учун юк машиналари, саралаш ва қадоқлаш ускуналари харид қилишга ҳам имтиёзли кредит ажратиш таклифини қўллаб-қувватлади. Ушбу мақсад учун тижорат банкларига 140 млн доллар ажратилгани, яна 330 млн доллар йўналтириш имконияти борлиги қайд этилди.

Агрологистика лойиҳаларида юк автомобиллари харидини ҳам назарда тутиш, иссиқхона эгаларига енгилликлар бериш муҳимлиги таъкидланди. Шунингдек, «Агролизинг» акциядорлик жамиятини трансформация қилиб, деҳқон ва фермерларга молиявий кўмакчи бўладиган тизимга айлантиришга кўрсатма берилди.

Томорқачиликни ривожлантириш борасидаги ишлар ҳам кўриб чиқилиб, кўчма музлаткичлар учун ер майдонларини ижарага бериш муддатларини узайтириш, аҳолига ўсимликларни ҳимоя қилишда кўмаклашиш зарурлиги айтилди.