Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 6 сентябрь куни Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаев билан телефон орқали мулоқот қилди, дея хабар берди давлат раҳбари матбуот хизмати.

Суҳбат аввалида Шавкат Мирзиёев Қозоғистон етакчисига Қўстанай вилоятидаги ўрмон ёнғинлари муносабати билан далда сўзларини билдирди ҳамда фавқулодда ҳолат оқибатларини бартараф этишда зарур ёрдам кўрсатишга тайёрлигини қайд этди.

Икки мамлакат президентлари Ўзбекистон-Қозоғистон яхши қўшничилик, стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини янада мустаҳкамлаш, икки томонлама ҳамкорликнинг устувор йўналишларида амалий шерикликни кенгайтиришнинг долзарб масалаларини кўриб чиқдилар.

Савдо, саноат, энергетика, транспорт ва логистика, қишлоқ хўжалиги ва иқтисодиётнинг бошқа тармоқларида кооперация лойиҳаларини амалга оширишга алоҳида эътибор қаратилди.

Минтақавий масалалар юзасидан ҳам фикр алмашилди. Шу ойда Самарқандда ўтказиладиган Шанхай ҳамкорлик ташкилоти саммитининг кун тартиби муҳокама қилинди.

Аввал ёзганимиздек, 2 сентябрь куни Қозоғистоннинг Қўстанай вилояти Аулиекол туманида ўрмон ёнғини бошланди. 5 сентябрь ҳолатига кўра ёнғинлар майдони 43 минг гектарга кенгайди, ўрмон хўжалигининг умумий майдони 107,3 минг гектарни ташкил этди. Ёнғинни ўчиришга 1700 дан ортиқ қутқарувчи, ҳарбий ва қўриқчилар ҳамда авиация ходимлари жалб қилинган.

12 кишида жароҳатланиш, куйиш, енгил ва ўртача оғирликдаги заҳарланиш ҳолатлари қайд этилди, бир киши — 1935 йилда туғилган фуқаро вафот этди. 2000 дан ортиқ маҳаллий аҳоли эвакуация қилинган.

5 сентябрь куни Қозоғистон президенти Қўстанайга ташриф буюриб, ўрмон ёнғинларидан жабрланган ҳудудлар устидан вертолёт парвозини амалга оширди ва тезкор штаб йиғилишини ўтказди.

6 сентябрь куни Қозоғистон Фавқулодда вазиятлар вазирлиги маълумотларига кўра, очиқ ёнғин кузатилмаган, аҳоли пунктлари учун хавф бартараф этилган. Парвоз вақтида Баганали қишлоғи ҳудудида ёнғин кузатилган. Ёнғин турар-жой биноларига ўтишидан бир кун олдин вазият барқарорлашган Озерное, Лесное ва Аманқарағай қишлоқлари ҳудудида фақат алоҳида маҳаллий ёниш ва тутун нуқталари кўринди.