Ўзбекистон биринчи президенти Ислом Каримовнинг рафиқаси Татьяна Каримова умр йўлдоши ҳақида хотирлар экан, илк танишган кезлариданоқ «уни машаққатли, аммо буюк келажак кутаётганини сезганини» таъкидлади.

У бу ҳақда 3 сентябрда пойтахтдаги Оқсарой қароргоҳида биринчи президентнинг вафоти санаси муносабати билан ўтказилган хотира кечасида айтиб ўтди. Тадбирдан «Газета.uz» мухбирлари Миролим Исажонов ва Мадина Аъзам фоторепортаж тайёрлашди.

Кечада Ислом Каримовнинг яқинлари, жамоатчилик вакиллари ва таниқли санъаткорлар ҳам иштирок этди.


«Турмуш қурган пайтимизда Ислом Абдуғаниевич ҳар томонлама шаклланган шахс эди. Ўшанда шахсияти ва қарашларини тушунганман. Уларни мураккаб ва машаққатли, аммо буюк келажак қарши олишини сезганман, қийинчиликларни енгиб ўтишига ишонганман», — деди Татьяна Каримова.


Унинг сўзларига кўра, Ислом Каримов ҳаётида иш ҳамиша биринчи ўринда бўлган.

«Биз умримиз мобайнида ҳамиша бирга бўлганмиз. Севгимиз бизни бирлаштирган ва куч бағишлаган. Қайғуни ҳам, шодликни ҳам бирга баҳам кўрганмиз. Ислом Абдуғаниевич учун энг асосийси иш бўлган ва мен бу ҳолатга ҳар доим тўғри қараганман. Шу боис ҳам ўз устимда ишлаб, ўсишга ва турмуш ўртоғимни қўллаб-қувватлашимга тўғри келган. Шундай инсон билан яшаганимдан, ўз тақдиримдан миннатдорман», — деди биринчи президентнинг рафиқаси.


Унинг қўшимча қилишича, Ислом Каримов ҳамиша олдинга интилиб яшаган, меҳнаткаш, тиришқоқ бўлган.

«Дўстлар, бугунги кечага ташриф буюриб, биз билан бирга бўлганингиз учун катта раҳмат. Ҳозир шундай замонки, ҳамма одамлар бир-бирига хотиржамлик, омонлик тилаб яшамоқда. Дунё ҳамиша тинч, осмонимиз мусаффо бўлсин. Барчангизга яхши кайфият тилайман», — деди Татьяна Каримов.


Фидоий, халқпарвар ва меҳнатсевар…

Хотира кечасида шунингдек, Ислом Каримовнинг биринчи хос соқчилари бошлиғи Жаҳонгир Абиров сўзга чиқди. Унинг ёдга олишича, биринчи президент буюк инсон бўлган. Унинг давлат раҳбари сифатида узоқни кўра олиш қобилияти, ҳар қандай муаммо: катта бўладими ёки кичикми, барчасига бирдек ёндашуви ҳаммани лол қолдирган.


«Ўзимни жуда ҳам омадли ва бахтли инсон, деб ҳисоблайман. Чунки 90-йилларда биринчи президентимизнинг хавфсизлигини таъминлаш каби масъулиятли иш менга топширилган. 1990 йил йил биз учун қийин кечган. Чунки cобиқ Иттифоқ учун ёруғ кунлар тугаб, сўнгги қуёш ботиши арафаси эди. Ҳар ҳафта Горбачёвнинг шахсан таклифи билан учрашув ўтказиларди. Мени ҳайратлантиргани шу бўлардики, биринчи президентимизнинг ўзига хос хатти-ҳаракатлари, бошқалар билан бир қаторда қўрқмасдан ўз фикрини аниқ баён эта олиши ва қатъиятлилигини амалда кўрсата оларди», — деди у.


Жаҳонгир Абировнинг эслашича, Ислом Каримов Россия Федерациясини собиқ президенти Борис Ельцин билан бўлган учрашувларнинг бирида ундан музокараларни тезроқ тугатишини сўраб, «мени халқим кутяпти», деган. Ельцин эса «халқ кутиб туради», дея жавоб қайтарган. Каримов эса «кимга қанақа», дея ўзининг фикрида қатъий қолган.

«Ислом Абдуғаниевич эрта тонгдан ярим тунгача кўплаб ҳужжатларни тайёрлаб, кўздан кечирарди, дастур ва ташрифларни амалга оширарди, лойиҳалар устида бош қотирарди. Бошқаларга ҳам буларни ишониб топшириши ёки буйруқ бериши мумкин эди. Аммо у бундай қилмасди. Биринчи президентдаги кичик фазилатлар унинг қанчалик фидоий, халқпарвар ва меҳнатсевар эканлигини кўрсатиб турарди», — деди Ислом Каримовнинг биринчи хос соқчилари бошлиғи.



Жаҳонгир Абиров биринчи президентнинг рафиқаси Татьяна Каримовага Ўзбекистон жангчи фахрийлар (байналминалчилар) бирлашмасининг «Ветеранлар ҳаракатини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантиришга қўшган ҳиссаси учун» медалини топшираркан: «Шундай буюк инсоннинг рафиқасига халқимиз ва ҳарбийлар номидан медаль топшириш мен учун улкан шараф», дея таъкидлади.

«Поездни рельсга қўйиб берган»

Ўзбекистон халқ артисти Эркин Комилов «Газета.uz» мухбири билан суҳбатда Ислом Каримов деганда, энг бахтли актёрлик даврлари кўз олдида гавдаланишини таъкидлади.

«Сабаби мен Ислом Абдуғаниевич билан тўрт маротаба кўришганман. Ҳар гал учрашувда қўлимни маҳкам сиқиб, бағрига босарди: „Эркинбой, ишларингиз қандай, нима камчиликлар бор? Камчиликлар бўлса айтарсиз“, дерди. 1998 йилда уларнинг қўлидан „Ўзбекистон халқ артисти“ унвонини олганман. Ўшанда шахсан ўзлари менга сўз берган ва нутқ сўзлаганман», — деди актёр.


Санъаткорнинг таъкидлашича, Ислом Каримов бўлмаганида, Ўзбекистон мустақилликни қўлга киритмас эди.

«У шохдан, бу шохга ирғиб, яна қўшилиб кетган бўлардик. Юртимизда 31 йил давомида шундай катта ўзгаришлар бўлдики, бунга биринчи президентимиз поездни рельсга қўйиб бергани сабаб бўлди ва мана шу йўлдан кетаяпмиз. Ҳозирги давлат раҳбаримиз Шавкат Миромонович адашмасдан, адолатли сиёсатини олиб боряпти», — деди у.

Эркин Комилов биринчи президентнинг бир сўзли, кучли тафаккур эгаси ва иймони бутун шахс бўлганини алоҳида қайд этди.

Ислом Каримовнинг невалари (Гулнора Каримованинг қизи) Имон ва (Лола Каримова-Тиллаеванинг қизи) Марям.


Тадбир сўнггида хотира кечасини ташкил этиш ва ўтказишда фаол иштирок этган бир қанча ижодкорлар Ислом Каримов фондининг ташаккурномаси билан тақдирланди.