Ўзбекистонда 2022 йилнинг ёз мавсумида 142 нафар фуқаро чўкиш билан боғлиқ бахтсиз ҳодиса туфайли вафот этган. Бу ҳақда АОКАда бўлиб ўтган брифингда ФВВ матбуот хизмати раҳбари ўринбосари Самандар Ҳикматуллаев маълум қилди.

2022 йилнинг бугунги кун ҳолатига ҳудудий Фавқулодда вазиятлар бошқармалари Сувда-қутқарув гуруҳлари томонидан жами 142 нафар фуқароларнинг чўкишлари билан боғлиқ бахтсиз ҳолатларга чиқишлар амалга оширилган бўлиб, булардан 51 нафари чўмилиш оқибатида, 85 нафари эҳтиётсизлик оқибатида юзага келган. Ушбу чўкканларнинг 45,3 фоизини вояга етмаганлар ташкил этди.

85 нафар фуқаро дарёлар, каналлар ҳамда ариқларнинг устидаги сув, газ, чиқинди оқава сув қувурларидан йўлни қисқартириш мақсадида кўприк сифатида фойдаланиб ўтишлари ҳамда сув хавзалари қирғоқ бўйларида хавфсизлик қоидаларига риоя этмаганликлари сабабли чўкишган.

Эслатиб ўтамиз, 2022 йилнинг 20 июнига қадар 65 киши сувга чўкиш оқибатида ҳалок бўлганини ҳақида маълум қилгандик. Ўшанда ФВВ вакили «Газета.uz»га чўкиш ҳолатлари, сабаблари ва чўкаётганларни қандай қутқариш зарурлиги ҳақида сўзлаб берганди (видео).