5 сентябрь куни президент Шавкат Мирзиёев раислигида асосий озиқ-овқат маҳсулотлари нархлари барқарорлигини таъминлаш ва захирасини яратиш масалалари юзасидан видеоселектор йиғилиши ўтказилди. Бу ҳақда унинг матбуот котиби Шерзод Асадов хабар берди.

Давлат раҳбарининг сўзларига кўра, иқлимнинг кескин ўзгараётгани, кўп давлатларда қурғоқчилик бўлгани оқибатида бутун дунёга озиқ-овқат етишмовчилиги хавф солмоқда.

«Халқаро майдондаги вазият туфайли глобал ишлаб чиқариш занжирларининг узилиши, логистикадаги муаммолар сабабли кўпчилик давлатлар озиқ-овқат маҳсулотлари экспортига чекловлар қўяётганини ҳам кўриб турибсизлар. Вилоят, туман ва шаҳар ҳокимлари бундай шароитда ўз ҳудудида ички талабни тўлиқ таъминлаш ва экспортни ошириш бўйича имкониятларини ҳисоб-китоб қилиши шарт. Лекин, ҳали кўп ҳокимлар буни тушуниб етмаяпти», — деди у.

Таъкидланишича, бу йил 80 минг гектар майдон пахта ва ғалладан қисқартирилиб, аҳолига бўлиб берилган. Бугун имзоланган президент қарорига кўра йил якунига қадар яна 20 минг гектар экин майдони аҳолига бўлиб берилади. Келгуси йилда 100 минг гектар экин майдони аҳолига танлов асосида ажратилади. Бунинг ҳисобига, 1,2 млн нафар аҳолини банд қилиш учун шароит яратилади.

Шунингдек, йиғилишда Андижон, Бухоро, Хоразм вилоятлари бу ерлардан самарали фойдаланиб, 3 мартагача ҳосил олиб, ички бозорни таъминлаш билан бирга экспортини 1,5 бараварга оширгани таъкидланди.

Ислоҳотлар натижасида республикада парранда гўшти, тухум, балиқ, гуруч маҳсулотлари билан таъминлаш даражаси анча яхшиланган. Мисол учун, сўнгги 3 йилда:

  • балиқ етиштиришни Андижон 4 минг тоннадан 25 минг тоннага, Бухоро 3,5 минг тоннадан 23 минг тоннага оширган;
  • парранда гўштини Самарқанд 22 минг тоннадан 100 минг тоннага, Тошкент вилояти 31 минг тоннадан 90 минг тоннага етказган;
  • тухум ишлаб чиқаришни Сирдарё 127 миллион донадан 200 миллион донага, Наманган 480 миллион донадан 700 миллион донага, Фарғона 350 миллион донадан 600 миллион донага кўпайтириб, тўлиқ ўзини-ўзи таъминлаяпти.

Бироқ, айрим вилоят ҳокимлари бу ишларни тўғри ташкил қила олмагани қайд этилди. «Нима, бу вилоят ҳокимлари ҳудудига қанча озиқ-овқат етишмаслиги, қанча импорт кираётганини билмайди-ми?» — дея савол қўйди президент.

Таъкидланишича, ички бозор 25 турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари импортига боғлиқ бўлиб қолаётгани қайд этилган.

Шавкат Мирзиёев бу ҳолатни қаттиқ танқид қилиб, мутасаддиларга вилоят, туман ва шаҳар ҳокимлари билан бирга бир ой муддатда ушбу 25 турдаги импорт маҳсулотларини мамлакатда ишлаб чиқариб, кўпайтириш бўйича лойиҳа пакетларини тақдимот қилиб, ҳукумат қарорини чиқаришни топширди.

Келгуси йилнинг олти ой якуни билан бу борада ўзгариш қилмаган вилоят ҳокимлари ишдан олиниши кўрсатиб ўтилди.