Август ойида Тошкент шаҳар ИИББ Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бошқармаси ҳамда туман бўлимлари тонг саҳардан Тошкентдаги меҳмонхоналарда дам олаётганларнинг ҳужжатини текширмоқда. Бу ҳақда бир қанча меҳмонхоналар менежери, Туризмни ривожлантириш ассосацияси раиси Дилшод Одилов Facebook`даги саҳифасида маълум қилди.

Унинг ёзишича, ички ишлар ходимлари эрталабки соат 05:00 да меҳмонхонада ухлаб ётган меҳмонларни уйғотиб, паспорт кўрсатишни талаб қилган. Дилшод Одилов бунинг исботи ўлароқ, ҳолатга оид видеоларни эълон қилишга ҳам тайёрлаётганини таъкидлади.


Фото: Дилшод Одилов / Facebook.

«Дунёнинг қайси давлатида сизни кечаси уйғотиб паспортингизни текширишган? Бу каби текширишлар ҳамма меҳмонхоналарда бўлмоқда. Хавфсизликни биз ҳам истаймиз. Лекин эви билан текшириш керак-да! Бунақада туристлар олдида шарманда бўламиз. Ўзи бир нечтасига шарманда бўлиб бўлдик: „Давлатингиз сизларнинг электрон рўйхатга қўйганингизга ишонмайдими?“, дейишяпти. Президентимиз туризмни ривожлантиринглар демоқда, бу ёқда эса туризмга зарар бериш учун қўлдан келганини қилишяпти», — дея қайд этди у.

ИИВ муносабати

Ички ишлар вазирлиги матбуот котиби Шоҳрух Ғиёсов «Газета.uz» сўровига асосан, ҳолат юзасидан муносабат билдирди. Унинг таъкидлашича, фуқароларнинг шахсини аниқлаш ва текшириш каби тадбирлар олдиндан белгиланган махсус режалар асосида хавфсизликни таъминлаш, жамоат тартибини сақлаш ҳамда тезкор-профилактик мазмундаги ишлар жараёнида амалга оширилади.

«Ҳуқуқни мухофаза қилиш органларининг барча ҳаракатлари ўрнатилган тартибда ва белгиланган қонунчилик доирасида бажарилади. Хавфсизликни таъминлаш билан боғлиқ зарурий текширувлар айрим фуқароларга маълум даражада ноқулайлик келтириши табиий ҳолат. Лекин бутун дунёда бундай чоралар одатий ва тўғри қабул қилинади. Шунда ҳам ходимларнинг ҳаракатларидан норози фуқаролар ўрнатилган тартибда шикоят қилиш ҳуқуқига эга эканликларини эслатиб ўтамиз», — деди Шоҳрух Ғиёсов.

Фото: Дилшод Одилов / Facebook.

Аммо Шоҳрух Ғиёсов бир қанча саволларни очиқ қолдирди. Жумладан, ИИВ расмий вакили мазкур текширувлар қайси расмий ҳужжат ёки кимнинг буйруғи асосида ўтказилаётгани, жорий йилда меҳмонхоналарда олиб борилган текширувлар давомида қанча турист хавфли одам, деб топилгани, бу каби тадбирлар бошқа туристик ҳудудлар — Самарқанд, Бухоро ва Хивада ҳам ўтказиш режаси бор ёки йўқлиги, Ўзбекистон ҳудудига киришда кучли назоратдан ўтган туристларнинг меҳмонхонада яна қайтадан ҳужжатлари тешкирилиши ҳуқуқий ва мантиқий жиҳатдан қанчалик тўғрилиги каби саволларни изоҳсиз қолдирди.

«Текширув нима учун чегарада эмас, меҳмонхонада бўлиши керак?»

ИИВнинг мазкур баёнотидан қониқиш ҳосил қилмаган Дилшод Одилов орган ходимлари «E-mehmon» тизими орқали рўйхатдан ўтган хорижлик меҳмонларни иш жойидан туриб ҳам текширса бўлади, меҳмонхонага келишга мажбур эмаслигини қайд этди.

«Тўғри, текшириб туриш нормал ҳолат бўлиши мумкин. Аммо муаммо уларнинг қай тартибда амалга оширилаётганида. Шундоқ ҳам „E-mehmon“ тизимида турган меҳмонни ўз офисидан эмас, меҳмонхонанинг қабулхонасидан чиқариб олишда мантиқ йўқ. Текширишга мажбур бўлса, меҳмонни азонлаб соат 05:00 да безовта қилиш нотўғри», — деди Дилшод Одилов.

У текширув нима учун чегарада эмас, меҳмонхонада бўлиши кераклиги ҳақидаги саволни ўртага ташлаган.

«Айтайлик, ёмон ниятли одам чагарадан ўтса-ю, меҳмонхонада яшамаса, назорат қандай бўлади? Ёки меҳмонхонада бир меҳмоннинг эшиги тақиллатилди. Ўша меҳмон эшикни очганда унинг нияти қанақа эканлигини қандай билиб олишмоқчи?», — дея танқид қилди у.

Туризм вазирлиги ИИВдан текширув нега ўтказилганини тушунтиришни сўради

Туризм ва маданий мерос вазирлиги матбуот котиби Лола Раҳмонбоеванинг маълум қилишича, ҳолат юзасидан Ички ишлар вазирлигига хат киритилган.

«Ички ишлар вазирлигига ҳолат бўйича тушунтириш сўраб ҳамда келгусида туризм соҳаси субъектлари фаолиятида ўрганиш фақатгина шикоят мавжуд бўлган ҳолларда ва аниқ белгиланган вақт давомида меҳмонхонада бўлган сайёҳларга ва меҳмонхона фаолиятига халақит бермаган ҳолда ўтказилиши бўйича хат киритилди», — деди у.

Маълумот учун, 2018 йил 15 июлдан Ўзбекистонда чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларни «E-mehmon» тизими орқали масофадан рўйхатга олиш йўлга қўйилган. Уларни бир ойгача муддатга вақтинчалик рўйхатга олганлик учун жавобгарлик таклиф қилувчи ёки қабул қилувчи шахсга юклатилади.