ШХТ саммити ўтказилиши муносабати билан Самарқанд шаҳрининг айрим кўчаларида ҳаракат вақтинчалик чекланади, дея хабар қилди шаҳар ИИБ матбуот хизмати.

Шу муносабат билан, 14 сентябрдан 17 сентябрга қадар Самарқанд шаҳрининг Ибн Сино, Бўстонсарой, Университет ҳиёбони, Намозгоҳ, Садриддин Айний, Регистон, Рўдакий, Шохизинда, Усто Умар Жўрақулов, Ислом Каримов, Афросиёб, Беруний, Мирзо Улуғбек, Гулобод, Муқимий ва Даҳбед кўчаларида транспорт воситаларининг ҳаракати чекланади.

Харитада ЙПХ постлари рақамлар билан, вақтинча ёпилган йўллар қизил чизиқлар билан, юк машиналари учун айланма йўллар яшил чизиқ билан, автомобиллар учун қўшимча айланма йўллар эса яшил нуқтали чизиқ билан кўрсатилган. Катталаштириш учун босинг. PDF харита.

Ҳаракат қатнови чекланган кўчаларда тез тиббий ёрдам ва фавқулодда вазиятлар бўлинмалари транспорт воситаларига истисно тариқасида ҳаракатланиш учун рухсат берилади.

«️14−15−16 ва 17 сентябрь кунлари Самарқанд шаҳрига келмоқчи бўлган фуқаролардан ташрифларини бошқа муддатга кўчиришларини сўраб қоламиз. Боиси, шу кунлари Самарқанд шаҳрига кириш вақтинчалик чекланади», — дейилади хабарда.

Саммит кунларида Самарқандга кириш йўллари ёпилади, транзит автомобиллар учун айланма йўллар ташкил этилади. Шунингдек, ҳайдовчилар учун махсус маршрут бўйлаб қайси ҳайдовчилар ўз манзилига етиб боришини сканерлаш орқали QR кодли флаерлар ишлаб чиқилган.

Аввалроқ Самарқанд аэропорти 14−16 сентябрь кунлари тижорий йўловчи ва юк ташувчи рейсларни қабул қилмаслиги ҳақида хабар берган эдик.