Ўзбекистоннинг биринчи президенти Ислом Каримов 2016 йилнинг 2 сентябрь куни 78 ёшида вафот этди. Биринчи президентнинг васиятига кўра, Ислом Каримов 2016 йил 3 сентябрда ота-онаси мангу қўним топган она шаҳри Самарқандда мусулмон урф-одатларига биноан дафн этилган.

«Газета.uz» мухбири Миролим Исажонов мамлакатнинг биринчи президенти улғайган хонадон ва у таҳсил олган мактабдан фоторепортаж тайёрлади.

«Беш йилдирки, зиёратчилар қадами аримайди»

Бибихоним кўчаси, 124-уй. Регистон майдонининг орқасида, тарихий ёдгорликдан 400−500 метр узоқликда жойлашган мазкур хонадонда Ислом Каримов туғилиб, вояга етган.


Қўшни хонадонда яшовчи Карим Раҳимбердиевнинг айтишича, бу уйда Ислом Каримовнинг болалик ва ўсмирлик йиллари ўтган. Улар оилада саккиз фарзанд: бир қиз ва етти ўғил бўлган. Мазкур уйда 2009 йилга қадар биринчи президентнинг укаси Хуршид Каримов истиқомат қилган. У инсон оламдан ўтгач, 2017 йилгача Ислом Каримовнинг акаси Омонулло Каримовнинг фарзанд ва набиралари яшаган.


«Ислом Абдуғаниевич дунёга келган ва сўнгги манзилга кузатилган хонадон юртдошларимиз учун албатта, қизиқ. Шу сабаб улар вафот этганидан сўнг, бу ер 2017 йилнинг март ойидан уй-музейга айлантирилди. Беш йилдирки, хотирловчилар қадами аримайди, Ўзбекистоннинг турли бурчакларидан одамлар келиб, Қуръон тиловат ва зиёрат қилиб кетади. Кунига ўртача 200−300 киши ташриф буюради. Баҳор ва ёз ойларида улар сони бундан ҳам кўп бўлади. Тожикистон, Қирғизистон каби қўшни мамлакатлар ва бошқа давлатлардан келувчи туристлар ҳам кўпчиликни ташкил этади», — деди Карим Раҳимбердиев.

Унинг қўшимча қилишича, Ислом Каримов фонди томонидан зиёратчиларга кичик совға сифатида биринчи президентнинг сурати туширилган календар ва у ҳақдаги китоблар ҳадя қилинади.


Ҳар йили қўй сўйилиб, эҳсон қилинади

Карим Раҳимбердиевнинг таъкидлашича, бу хонадонга Ислом Каримовнинг қариндошлари, жиянлари, набиралари ва турмуш ўртоғи Татьяна Каримова тез-тез келиб туради.

«Ўзим ҳам шу маҳаллада туғилиб, катта бўлганман. Қўшнимиз президент эканлигидан доим фахрланардик. Ислом Абдуғаниевични бир марта — 2010 йилнинг сентябрь ойи бошида шу хонадонда меҳмон бўлганида кўрганман. Ўшанда рафиқаси билан Регистондан уйгача пиёда юриб келганди. Туғилиб, ўсган уйида ош еб, тушлик қилишган», — деди у.




Биринчи президент вафотидан олти ой ўтгач, Ислом Каримов фонди мазкур хонадонга қараб туриш вазифасини Комил Раҳимбердиевга ишониб топширади.

«Дадам аввал маҳалла раиси бўлиб ишлаган. Биринчи президентимиз вафот этганларида, уларнинг жасадларини ювишга кириб, таъзия ва бошқа маросимларида ҳам қатнашган. Ярим йилдан кейин шу хонадонга қараб туришларини ишониб топширишди. Биз фарзандлар ҳам баъзи пайтларда ёрдамлашамиз. Бу ерга вилоятдаги масжидлардан имом ва имом-ноиблар ҳам келиб туради», — деди Карим Раҳимбердиев.


Мазкур хонада Ислом Каримовнинг жасади ювилиб, сўнгги манзилга кузатилган.

Уйга кираверишда биринчи президентнинг ҳақига дуо қилиш учун ташриф буюрувчиларга жой ҳозирланган.

Карим Раҳимбердиевнинг қайд этишича, ҳар йили Ислом Каримов туғилган ва вафот этган санада, Ҳайит байрамларида Татьяна Каримова бошчилигида ушбу хонадонда қўй сўйилиб, эҳсон қилинади. Бу каби тадбирларда Татьяна Каримованинг ўзи ҳам иштирок этади.

Синф журналларидан фотосуратларгача…

Ислом Каримов туғилган хонадондан 200−300 метр нарида у таҳсил олган 21- умумтаълим мактаби жойлашган. Биринчи президент мазкур масканда 1950−1955 йилларда ўқиган.

Муассаса қошида 2007 йилда Мактаб тарихи музейи ташкил этилган. Бу ерда мактаб тарихи билан боғлиқ экспонатлардан ташқари, Ислом Каримовнинг ўқувчилик даврига оид муҳим сурат ва ҳужжатлар ҳам ўрин олган.


«Тарих музейимизда биринчи президентимиз ўқиган пайтлардаги журналлар, ёшликлари акс этган фотосуратлар, улар қатнашган авиамодель тўгараги тўғрисидаги маълумотлар бор. Хусусан, Ислом Абдуғаниевичнинг 8−9-синфларда қандай баҳоларга ўқиганидан ҳикоя қилувчи синф журналларининг асл нусхалари сақланмоқда. Уларга кўз югиртирсангиз, биринчи президентимиз 5 баҳога ўқиганини кўриш мумкин», — деди мактаб директори Сабиҳа Ражабова.


Ушбу журналда Ислом Каримов 14 рақам остида қайд этилган.

Ушбу журналда Ислом Каримов 12 рақам остида қайд этилган.

Унинг айтишича, биринчи президент мактабни тугатган пайт — 1955 йили Самарқанд вилоятига фақат битта олтин медаль келган ва унга Ислом Каримов муносиб деб топилган. Ўша йили вилоятда мактаб ўқувчилари ўртасида ўтказилган олимпиадада ҳам ғолибликни қўлга киритган.

Қайд этилишича, 21-умумтаълим мактабига ҳам маҳаллий ва чет эллик туристларнинг ташриф буюриши анъанага айланган. Улар сони йил сайин ортиб бормоқда.