фото: Евгений Сорочин / «Газета.uz»
Мактабнинг қалби
Мактаб кутубхоналари қандай бўлиши керак?
Мактаб кутубхоналарининг замонавий вазифаси болалар уларда ҳаётни ўрганишлари учун шароит яратишдан иборат. Бироқ Ўзбекистондаги мактаб кутубхоналарининг асосий функцияси гўёки ўқувчиларни дарсликлар билан таъминлашдан иборатдек. «Газета.uz» мактаб кутубхоналарининг вазифалари борасида кутубхоначилар фикрлари билан қизиқди.
Мактаб кутубхоналарининг замонавий вазифаси болалар уларда ҳаётни ўрганишлари учун шароит яратишдан иборат. Бироқ Ўзбекистондаги мактаб кутубхоналарининг асосий функцияси гўёки ўқувчиларни дарсликлар билан таъминлашдан иборатдек. «Газета.uz» мактаб кутубхоналарининг вазифалари борасида кутубхоначилар фикрлари билан қизиқди.
Мактаб кутубхоналари ахборот ва билимга тобора кўпроқ асосланиб бораётган замонавий дунёда муваффақиятли фаолият олиб бориш учун фундаментал аҳамият касб этувчи маълумот ва ғояларни тақдим этади. Мактаб кутубхоналари ўқувчиларни умрбод таълим олиш кўникмалари билан қуроллантиради, уларнинг тасаввурларини ривожлантиради ва болаларнинг масъулиятли фуқаро бўлиб етишишларига кўмаклашади.
Мактаб кутубхоналари ахборот ва билимга тобора кўпроқ асосланиб бораётган замонавий дунёда муваффақиятли фаолият олиб бориш учун фундаментал аҳамият касб этувчи маълумот ва ғояларни тақдим этади. Мактаб кутубхоналари ўқувчиларни умрбод таълим олиш кўникмалари билан қуроллантиради, уларнинг тасаввурларини ривожлантиради ва болаларнинг масъулиятли фуқаро бўлиб етишишларига кўмаклашади.
Халқаро кутубхоналар уюшмалари ва муассасалари федерациясининг мактаб кутубхоналари тўғрисидаги манифести нутқида шундай дейилади.

Amesbury инглиз мактаби ўқитувчисининг фикрича, кутубхона, бу – фақатгина китоблар сақлаш ва мутолаа маскани эмас. Бу ерда болалар нафақат мактаб дастурларини ўқишади, балки ҳаётни ўрганадилар. Шунинг учун мактаб ходимлари кутубхонада шундай муҳит яратилиши керакки, ушбу изланишларни олиб бориш осонлашсин, бироқ янада муҳимроғи – болаларда тадқиқот ўтказиш истак-хоҳиши уйғонсин, деб ҳисоблайдилар.

Ёруғ бино, юмшоқ ўриндиқлар ва бинбэглар, болаларнинг бўйига мос китоб жавонлари, стол усти ўйинлари ва конструкторлар, шунингдек, болани дунёни ўрганишга қизиқтирадиган технологиялар - буларнинг барчаси замонавий мактаб кутубхоналарининг жим ўтириб китоб ўқийдиган эмас, балки кашфиёт, ўзаро таъсир ва ўйин майдони бўлиб хизмат қилишига замин яратади.
реклама
реклама
Швециянинг 30 дан ортиқ таълим муассасаларига эга Vittra мактаб ташкилоти ҳар бир мактабни лойиҳалашда кутубхонани бинонинг марказий ва муҳим аҳамиятга эга элементи сифатида кўради. Мисол учун, Стокгольмдаги мактаблардан бирида кутубхона холл марказида жойлашган бўлиб, бошқа жойлардан "хазина қутиси" каби очиладиган қора ҳажм билан ажратилган. Ташкилот ходимларининг фикрича, кутубхона учун алоҳида жой ажратиш шарт эмас. Аксинча, мактабнинг барча бинолари кутубхона сифатида ишлатилиши мумкин - диванлар, ўриндиқлар, столлар ва ҳаттоки ерда ўқиш мумкин.
Нью-Мехико муниципаль кутубхонаси ходимлари ривожланган мактаб кутубхоналари дастури болаларнинг академик муваффақиятларини яхшилаши ҳамда уларнинг кейинги ҳаётларида муваффақиятга эришиш имкониятларини ошириши, бунда юмшоқ кўникмалар (танқидий фикрлаш, шахслараро муносабатлар, ҳиссий интеллект, ижодкорлик, тинглаш ва ахборотни қайта ишлаш, ўз-ўзини ташкил қилиш ) академик билимларга қараганда муҳимроқ рол ўйнашини аниқлашди.

Бироқ бу муваффақият мактаб кутубхоначиларининг малакаси билан узвий боғлиқ бўлиб, уларнинг вазифаси ўқувчиларга бериладиган китобларни рўйхатга олувчи эмас, балки ўқитувчи бўлишдан иборатдир. Мактаб кутубхоначилари Халқаро кутубхоналар ассоциацияси ва муассасалари федерацияси тушунчасига кўра, болаларга маълумотни қидириш ва уни тўғри таҳлил қилишда ёрдам берадиган одамлардир.
Ўзбекистондаги мактаб кутубхоналари рақамларда

Халқ таълими вазирлигининг Мактабдан ташқари таълим, спорт ва туризмни ташкил этиш бошқармаси бошлиғи Муроджон Қорабоевнинг «Газете.uz»га маълум қилишича, республикадаги 10130 та мактабдан атиги 22 тасида кутубхона йўқ. Шу билан бирга, 3671 та мактабда ўқув заллари мавжуд эмас.


Мутахассиснинг сўзларига кўра, Халқаро кутубхона уюшмалари ва муассасалари федерацияси ҳар бир ўқувчига 7-8 нусхадан китоб ажратишни тавсия қилади. Ўзбекистонда эса бу кўрсаткич, дарсликларни ҳисобга олмаганда, ҳар бир болага атиги 1,5 таданни ташкил этади.

Фото: Евгений Сорочин / «Газета.uz»
Аммо бугунги кунда кутубхона фондининг аниқ ҳажмини аниқлаш қийин, деди Муроджон Қорабоев. Бу китобларнинг электрон базаси йўқлиги билан боғлиқ. Ҳозирда Тошкентдаги 41 та мактабда кутубхоналарни рақамлаштириш синов тариқасида жорий этилди. Республика мактаб кутубхоналарида китобларнинг электрон ҳисобини юритишни 2026 йилгача якунлаш режалаштирилган.

Китобларнинг қоғоз ҳисобини юритиш кутубхоначилар иш вақтининг асосий қисмини эгаллайди, дея тан олди Муроджон Қорабоев. Кўпинча китоблар йўқолади ва топилмайди, мактабда қанча ва қандай китоблар борлиги ҳамда ҳозирда бу китоблар кимнинг қўлида эканлиги маълум эмас.
реклама
реклама
Мутахассиснинг сўзларига кўра, 2021 йилда 6,46 млн ўқувчининг 3,1 млн нафари китобхон ҳисобланган. Китобхон болаларнинг асосий қисмини 5-7-синф ўқувчилари ташкил этади, дейди Муроджон Қорабоев.

«Жорий йилда 86 номдаги рус мумтоз асарлари ўзбек тилида чоп этиб, мактабларга 10 000 дона тарқатдик. Биз етказиб бераётган китоблар умумий сонининг 20-30 фоизи мактаб ўқувчиларини қизиқтиради. Адабиётларнинг асосий қисми орасида мактаб ўқувчилари учун қизиқарли китоблар йўқ. Кўпинча улар жавонларда янги китобларни кўришни хоҳлашади, кутубхона фондидаги китобларни эмас. Шу боис йил давомида барча мактабларга етказиб бериладиган 300 номдаги китобдан иборат янгиланган рўйхатни тузишни режалаштирганмиз. Исталган китоблар орасида Стив Жобснинг таржимаи ҳоли ҳам, Жорж Оруэллнинг “1984” асари ҳам, “Поттериана” ҳам бор».

Муроджон Қорабоев

«Жорий йилда 86 номдаги рус мумтоз асарлари ўзбек тилида чоп этиб, мактабларга 10 000 дона тарқатдик. Биз етказиб бераётган китоблар умумий сонининг 20-30 фоизи мактаб ўқувчиларини қизиқтиради. Адабиётларнинг асосий қисми орасида мактаб ўқувчилари учун қизиқарли китоблар йўқ. Кўпинча улар жавонларда янги китобларни кўришни хоҳлашади, кутубхона фондидаги китобларни эмас. Шу боис йил давомида барча мактабларга етказиб бериладиган 300 номдаги китобдан иборат янгиланган рўйхатни тузишни режалаштирганмиз. Исталган китоблар орасида Стив Жобснинг таржимаи ҳоли ҳам, Жорж Оруэллнинг “1984” асари ҳам, “Поттериана” ҳам бор».
Муроджон Қорабоев
Муроджон Қорабоевнинг сўзларига кўра, китоб фонди тўлдирилгани ҳақида ҳамма кутубхоначилар ҳам ўқувчиларни хабардор қилавермайди.

«Бундай мактаблар кам, 2-3 фоизлар атрофида. Кўпинча мактабларимизда кекса одамлар ишлайди, улар тажрибага эга, лекин улар дарсликлар тарқатиш, китоблар инвентаризацияси ва журналларни тўлдиришни биринчи ўринга қўйишади», — деди мутахассис.


«Газета.uz» пойтахтдаги учта мактаб ва Тошкент вилоятидаги битта таълим муассасаси кутубхоначилари билан суҳбатлашиб, уларнинг фаолияти ҳамда мактаб кутубхоналарининг вазифалари ҳақида сўради.

Галина Логинова
2016 йилдан буён «Lider bolalar maktabi» кутубхоначиси
Кутубхоначи сифатидаги иш стажи — 40 йил
Бизнинг вақтларда мактабда таълим саккиз ёки ўн йиллик эди. 8-синфни битирганимда опам кутубхона техникумида ўқирди. Мен ўрта мактабга боришни хоҳламадим, шунинг учун опамнинг маслаҳатига кириб, у билан бирга ўқишга бордим. Техникумдан сўнг, Маданият институтига ўқишга кирдим ва у ерда олий кутубхона таълимини олдим.

Кутубхоначи сифатидаги 40 йиллик фаолиятимнинг 22 йилини Ўқитувчилар малакасини ошириш институти ресурс марказига бағишладим. Институт ректори ўқитувчиларга дарс ўтишим кераклигини айтди. Узоқ вақт хоҳламадим, лекин охири рози бўлдим.
Фото: Евгений Сорочин / «Газета.uz»
«Лидер» мактаби кутубхонасида ишлаш Ўқитувчилар малакасини ошириш институтида ишлашдан фарқ қилади. У ерда дарс бермаганман, лекин бу ерда 5-8-синф ўқувчилари учун «Кутубхона» дарси бор, уни ўзим ўтаман.

«Кутубхона» фани - мактабимизнинг устун жиҳатларидан. Болалар билан китоб ўқиймиз, асарлар асосидаги фильмларни томоша қиламиз, муҳокама қиламиз. Биз хатто мактабга кутубхона керакми ўзи ёки йўқми, дея муҳокама қилишимиз ҳам мумкин. Менда бу мавзу бўйича болалар ёзган иншолар бор.

Биз болалар мактаб ўқув дастурининг бир қисми сифатида ўтадиган адабиётларни ўқимаймиз. Мен уларни чет эл муаллифлари – О. Генри, Жек Лондон ҳикоялари билан таништиришга ҳаракат қиламан. Унутилмас саналар бўйича муҳим воқеа билан боғлиқ адабиётларни мутолаа қиламиз. Масалан, 9 майгача мактабимиздаги кўплаб ўқувчилар «Анна Франкнинг кундалиги»ни ўқиб чиқишди, кутубхонада эса «Йўл-йўл пижамали бола» фильмини томоша қилдик.
реклама
реклама
Менинг дарсимда, бошқаларда бўлгани каби, болалар топшириқлар олишади. Муаллиф ҳақида маълумот тўплаш ёки асарга изоҳ ёзишни сўрашим мумкин. Ҳамма ўқувчилар ҳам топшириқларни бажармайди, чунки мен баҳо қўймайман – методологияси йўқ. Лекин ўқитувчилар билан келишувим бор, агар бола «Кутубхона» дарсида топшириқни яхши бажарса, адабиётдан «5» қўйилади. Бу болаларни руҳлантиради.

Экскурсион дарслар ҳам ўтиб турамиз. Турли кутубхоналарга саёҳатлар уюштириб, болаларга улар қандай бўлишини кўрсатдик. Футбол музейини томоша қилиш учун «Бунёдкор» стадионига бордик. Фавқулодда вазиятлар вазирлиги станциясида, нашриётда бўлишди. Чунки кутубхона - фақат бадиий адабиёт эмас, балки турли билимлар, турли соҳа ва йўналишлардир. Шунингдек, санъат галереяларига ташриф буюриш, боришдан аввал болаларга кўриладиган расмлар, уларни чизган рассом ёки у яшаган давр ҳақида бирор нарса айтиб бериш мумкин. Эҳтимол, кейин болалар бу ҳақда кўпроқ билишни хоҳлашади ёки ҳатто чизишни бошлашар.
Бироқ Ўзбекистонда мактаб кутубхоначисининг асосий вазифаси болаларни дарсликлар билан таъминлашдан иборат, холос. Бизнинг мактабимизда бу вазифа биринчи ўринда турмаслиги мумкин, лекин, албатта, энг асосийларидан. Аризалар ва ҳисоботлар тўлдириш, китобларни қабул қилиш ҳамда уларни электрон маълумотлар базасига киритиш керак. Зеро, электрон база ҳам мактаб ўқувчиларига кутубхонадан китоб олиш имконини беради.

Мактаб кутубхоначисининг аҳамияти асло кам бўлмаган яна бир вазифаси — болаларни китоблардан маълумот излашга ўргатишдан иборатдир. Баъзида бошланғич синф ўқувчиларига Интернетда бўлмаган маълумотларни излаш вазифаси топширилади. Мен уларга энциклопедиялар ва луғатлардан қандай фойдаланишни ўргатаман ҳамда керакли китоблар қайси стеллажларда туришини билишлари учун кутубхона қандай ташкил этилишини тушунтираман.

Китоб тарғиботи - кутубхоначининг устувор вазифаси. Болани китобга қизиқтириш учун у билан гаплашиш керак. Ҳозирги болалар бизнинг даврлардагидек эмас. Уларни ўзларига ёқмаган нарсага қизиқтириб бўлмайди.

Кутубхонамизда болалар учун қизиқарли китоблар тўпланган. Мактаб маъмурияти томонидан мактаб кутубхонасини ривожлантиришга катта эътибор қаратилмоқда. Мен китоб фондини тўлдириш учун ўқитувчилар ва раҳбарият билан ишлайман, шунингдек, болалар ўртасида улар нимани ёқтиришини ва нимага қизиқишини билиш учун сўровлар ўтказаман. Менинг ҳисоб-китобларимга кўра, болаларимизнинг 80 фоизи - китобхон.
Китобхон болаларнинг ҳаммаси ҳам мумтоз адабиётга қизиқади, дея олмайман. Уларни унчалик ёқтиришмайди. Бироқ бу нормал ҳолат, чунки дунё ўзгармоқда. Классикани ўқимаган болалар ҳеч нарса ўқимайди, деб ўйлаш хато. Улар шундай нарсаларни ўқийдиларки, ҳатто биз уларга ета олмай қоламиз. Болаларнинг ўз севимли муаллифлари бор. Улар қизиқарли китоблар, болалар билан битта тўлқинда бўлиш учун уларнинг кўпини ўқиганман. Ўқитувчилар ҳам ўқувчиларимиз қайси китобларни мутолаа қилишаётганини сўраб туришади.

Бизда болалар завқ билан ўқийдиган: «Гарри Поттер», «Аждаҳони қандай ўргатиш керак», «Очлик ўйинлари», «Пардус» китоблар туркуми, «Жангчи мушуклар», «Нарния йилномалари» китоблари, Рик Риордан, Мейзи Хитчинс, Стив Стив Стивенсон асарлари жой олган жавон мавжуд.
Ўрта синфлар ўқувчилари «Шерлок»ни яхши кўришади ва ҳатто ушбу китоб ҳақидаги билимлар бўйича викторина ҳам ўтказишган. Юқори синф ўқувчилари эса кўпроқ «Буюк Гетсби», «Дориан Грей портрети», «Андиша ва ғурур», «Жейн Эйр»ни мутолаа қилишади.

Қолаверса, бизда иқтисод ва молияга оид кўплаб китоблар ҳам бор — бундай адабиётга қизиқиш оиладан келади. Кўпгина талабалар аллақачон «Бошловчи инвестор», «Болалар ва пул» китобларини ўқиб чиқишган.
Кутубхонада китоб танловлари, викторина ва фестиваллар ўтказамиз. Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенциянинг 30 йиллиги муносабати билан БМТ Болалар жамғармаси билан биргаликда бу ерда «Севимли китобинг билан селфи» танловини ўтказдик. Ўқувчиларимиз «Артек»даги адабий беллашувга ҳам бориб келишди.

Мактабимизнинг барча 1–7-синф ўқувчилари мутолаа кундалигини юритишади, унда ўзлари ўқиган китоблар, ушбу асарларнинг қисқача мазмуни ва улар ҳақдаги фикр-мулоҳазаларини ёзиб боришади. Шундай қилиб, улар ўқиган нарсаларини чиройли баён этишни ўрганадилар. Шунингдек, бундай кундаликлар аввал ўқилган китобларни тезда ёдга олишга ҳам ёрдам беради.

Кутубхонамизнинг Instagram`да ҳам ўз саҳифаси мавжуд. Унда қизиқарли асарлар учун тақризлар, кутубхонадаги янги китоблар шарҳларини эълон қиламиз, ҳар бир ёш тоифаси учун тавсиялар бериб борамиз.

Ўқувчиларимизнинг ота-оналари ҳам ўқиш жараёнларида қатнашади. Улар китоб ярмаркаларида иштирок этиб, болаларга китоб сотиб олишади, мактаб кутубхонасига ҳам кўплаб китоблар ҳадя қилишади. Ота-оналар кутубхонага келиб, уларнинг фарзандлари қандай китоб ўқиётгани билан қизиқишади, агар у кам китоб ўқиётган бўлса, уни бунга қандай қизиқтириш ҳақида ўқитувчилар ва мендан маслаҳатлар сўрашади.

Бундан ташқари, биз ўқувчиларнинг оилалари билан бирга «Китоблар авлодларни бирлаштиради» номли тадбирни ўтказдик. Алоҳида синфлар отаси, онаси, бувиси ва бобоси, опа-сингил ва ака-укаларининг севимли китоблари ҳақидаги «Уч авлод танлови» лойиҳасини яратишди. Болалар авлодларнинг хоҳиш-истаклари қандай ўзгаргани, ёши катталар қандай китобларни хуҳ кўришию, ёшлар нималарга эътибор қаратишини кўришди. Кейин ҳар ким ўз оиласининг севимли китоблари ҳақида сўзлаб берди.
Бугунги кунда кутубхоналар ахборот-ресурс марказлари ҳисобланади. Бу ерда болалар ўз билимларини кенгайтиришлари ва чуқурлаштиришлари керак. Болаларни диққат билан ўқишга ўргатиш лозим.

Бутун дунёда мактаб кутубхоналарининг вазифалари ортиб бормоқда. Кутубхонамизда болалар нафақат китоблар билан ишлашади, балки кино ҳам томоша қилишади. Улар бу ерда ўз лойиҳалари билан шуғулланадилар, видеороликлар суратга олишади. Баъзан фақат суҳбатлашиш, маслаҳатлашиш, сирларини айтиш учун келишади. Баъзан синфда шовқин-сурон бўлса, шу ерда шуғулланишади.

Мактаб кутубхоналарида илмий фантастика, детектив ҳикоялар ёки астрономия ишқибозлари учун қизиқишга кўра махсус клублар ҳам бўлиши мумкин. Дебатлар ва нутқ маданияти бўйича дарслар ўтказиш мумкин, чунки болалар баҳслашишни, ўз нуқтаи назарини ифодалашни, далиллар келтириш ва таҳлил қилишни ўрганишлари керак.
Дилфуза Камолова
1989 йилдан буён 22-сонли умумтаълим мактаби кутубхоначиси
Мен ҳар доим кутубхоначи бўлиб ишлаганман. Ушбу мактабга уйим яқин бўлгани учун келганман.

Бугунги кунда мактаб кутубхоначисининг вазифалари асосан болаларни дарсликлар билан таъминлашдан иборат. Бундан ташқари, биз бадиий адабиёт нуқтаи назаридан болаларнинг хоҳишларини ўрганамиз. Улар қанчалик кўп ўқишса, шунчалик кўп билимга эга бўлади, уларнинг дунёқараши шунчалик осон шаклланади. Шунинг учун ҳам биз уларга қизиқ бўлган ва ёшига тўғри келган китобларни таклиф қилишимиз керак.
Шунингдек, ўқувчилар ҳақиқатан ҳам китобни ўқиган ёки йўқлиги, у ёққанини билиш учун улар билан суҳбатлашишимиз лозим. Баъзан болалар китобни асар ҳақида салбий фикр билдириб қайтаришади: қаҳрамон ёқмади, сюжет зерикарли экан.

Мен болага уни кўпроқ жалб қилиши мумкин бўлган бошқа бобларни ўқиб кўришни маслаҳат бераман. Кейин болалар ҳайрат аралаш фикрлари билан қайтиб келишади.

Мактаб кутубхонасида ўқувчиларга дарсларга тайёргарлик кўриш, керакли маълумотларни топишда ёрдам берамиз. Бизда (секин ишласада) компьютер ва интернет бор, шу боис биз болаларга рефератлар тайёрлашда кўмаклашамиз, материалларни принтерда чоп этиб берамиз.

Биз асосан бадиий адабиёт билан шуғулланамиз. Болалар мактаб дарслиги доирасида ўқиши керак бўлган китобларни олишади, булар «Ўткан кунлар», Худойберди Тўхтабоевнинг асарларидир. Шунингдек, ҳозир биз жаҳон адабиёти асарлари — Лев Толстойнинг «Уруш ва тинчлик», Пушкиннинг шеърларини қабул қилиб олдик. Болалар ушбу китобларни ўқияпти.
реклама
реклама
Кутубхонамизда қандай қўшимча функциялар пайдо бўлиши мумкинлигини айтиш қийин, чунки яқин-яқингача биздаги шароитлар умуман бошқача эди: кутубхонада бирорта ҳам компьютер йўқ эди, биз «формуляр»ларда ишлардик, шунинг учун китобларни қидиришга кўп вақт сарфланарди. Ҳозир эса биз китобларнинг электрон ҳисобини юритаяпмиз.

Фондни тўлдириш билан боғлиқ муаммолар ҳам йўқ, чунки барча адабиётлар аллақачон рақамлаштирилган, барча болаларда эса телефон бор. Агар улар қайсидир китобни топа олмаётган бўлса биз уларга қидиришда ёрдамлашамиз. Агар болакай китобни қоғоз кўринишида ўқишни истаса, биз унга китобни чоп этиб берамиз. Бизда расмлар учун — рангли принтер — ҳам бор.
Раъно Шораҳимова
Тошкент вилояти Қуйи Чирчиқ туманидаги 45-сонли STEM-мактабининг кутубхоначиси
Менинг асосий вазифам — болаларни кутубхонага жалб қилиш, уларга қизиқарли адабиётларни танлашда ёрдам бериш ва дарсликлар билан таъминлашдан иборат.

Бу ерга болалар шуғулланиш, мулоқот қилиш, дунё қарашини кенгайтириш учун келишади. Кутубхонамиз компютер ва интернет билан жиҳозланганлиги туфайли болалар асарлар ҳақида қўшимча маълумотларни онлайн тарзда олишлари мумкин. Уларда шундай истак уйғонади, сабаби адабиёт ҳар биримизга ҳар хил таъсир қилади. Бундан ташқари, биз яқинда аудиокитобларни қабул қилиб олдик, уларни болаларнинг илтимосига кўра телефонларига ўтказиб берамиз.

Мен бошланғич мактаб ўқувчиларига овоз чиқариб ўқиб бераман, кейин улардан қаҳрамонларнинг феъл-атвори, персонажларнинг ижобий ва салбий тарафлари ҳақида сўрайман. Ëши каттароқ болалар аллақачон ўзлари ўқишга қизиқиб қолган, келиб, китобни танлаб, олиб кетишади.

Баъзи болалар ва ҳатто уларнинг ота-оналари мендан ўз сўзларим билан бирон-бир романни тасвирлаб беришимни сўрашади. Ҳамма ота-оналарда ҳам смартфон бор эмас. Бундан ташқари, улар китоб ўқишга вақтлари йўқлигини айтишади. Мен уларга келиб, ўзлари ўқишларини тавсия қиламан. Агар улар чиндан ҳам хоҳлашса, келишади ва ўқиб кетишади. Лекин менга китоб нима ҳақида эканлигини айтиб бериш қийин эмас, шунинг учун ҳам шу каби суҳбатларни ўтказаман.
Ўқувчиларимиз кўпроқ шеъриятга қизиқишади, шунинг учун ҳам Муҳаммад Юсуф, Зулфия - каби шоирларнинг асарларига талаб катта. Бошланғич синф ўқувчилари «Гулливернинг саргузаштлари» ва бошқа эртакларни севишади. Катта синф ўқувчиларига эса - Алишер Навоий, Бобурнинг шеърлари қизиқ. Болалар китобларни қайтариб беришаётганда эса мен улардан бу китобдан нимани олганлари, нимани тушуниб етганларини сўрайман. Уларнинг сўзларига қараб улар ростдан ўқиган ёки йўқлигини тушуниб оламан.

Болаларга кутубхоналар керак. Китобларда ўқиганлари хотираларида қолади. Интернетдан олинган маълумотлар ҳам эсда қолади, бироқ қўшимча маълумот олиш учун болалар китобларга мурожаат қилишади. Шунинг учун ҳам кутубхоначилар жуда ҳам керак.

Бундан ташқари, уйда ҳар доим ҳам китоб ўқишга шароит бўлмайди. Агар телефон бўлса, демак китоб ўқишга шароит йўқ, деб ҳисоблайверинг. Қишлоқларда болалар уй ишлари билан шуғулланишади, ота-оналари уларга китоб сотиб олиб беришмайди. Бола мактаб кутубхонасига кириб, китобларни кўрганида, уни ўқишни хоҳлайди.

Китоб ўқиш аввало болада маънавиятни ривожлантиради. Президент айтганидек, янги Ўзбекистон мактаб остонасидан бошланади. Демак, биз учун китоб биринчи ўринда туриши керак. Ўқиш боланинг дунёқараши, хотираси ва фикрлашини ривожлантиради.

Мен мактаб раҳбариятига кутубхонамиз фондини тўлдириш таклифи билан мурожаат қилдим. Агар ҳар бир битирувчи ҳеч бўлмаса, биттадан китоб совға қилса, уларнинг сони кўпаяди. Ëки бизга тадбиркорлар ёрдам берса, кутубхонада эртак ва бадиий адабиётлар янада ортади. Мен ўзим ҳам китоб харид қилиш учун бозорма-бозор юраман.

Ўйлайманки, келажакда мактаб кутубхонасининг вазифаларидан бири кам таъминланган болаларни ўқишга мақсадли жалб қилиш бўлиши мумкин. Агар бизда шароитлар бўлганда, биз бу болаларга ўз уйларидаёқ китоб ўқиб беришимиз мумкин бўлади.
Умида Килдиярова
310-сонли аниқ фанларга ихтисослаштирилган мактаб кутубхоначиси
Менинг асосий вазифам — болаларни дарсликлар билан таъминлаш, қолаверса уларни адабиёт билан таништириш ва биргаликда китоб танлашдан иборат.
Болалар бу ерга ўзининг дунёқарашини кенгайтириш учун келишади — шунинг учун ҳам кутубхоналар керак.
Материал устида Елена Ким, Евгений Сорочин, Сабина Бакаевалар ишлади.
Фотосуратлар муаллифи: Евгений Сорочин.

Матн ва барча график материалларга бўлган ҳуқуқлар «Газета.uz» нашрига тегишли. «Газета.uz» интернет-нашрида эълон қилинган материаллардан фойдаланиш шартлари билан қуйидаги ҳаволада танишишингиз мумкин.



Фотоҳикоя муаллифлари ўзларининг ишларига ҳаволаларни photo@gazeta.uz электрон манзилига юборишлари мумкин. Хатга сюжетлар тавсифи, жойи, санаси, муаллифнинг тўлиқ исми ва боғланиш учун телефон рақамларини киритишни илтимос қиламиз.

Изоҳ

Жунатиш Чиқиб кетиш Бекор қилиш Муаллиф: 6000 та белги қолди.

"Газета.uz"да рўйхатдан ўтиш

Қўшимча имкониятларга эга булиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг