Илк Мустақиллик байрами қандай нишонланган?
Ўзбекистоннинг биринчи президенти Ислом Каримов ва режиссёр мунозараси билан бошланган тантана ёхуд 1991 йилда биринчи Мустақиллик байрами қаерда ва қай тарзда нишонланган?
Бу йил Ўзбекистон мустақиллигининг 31 йиллигини нишонламоқда. Асосий байрам икки йилдирки, «Янги Ўзбекистон» боғида бўлиб ўтмоқда. Илк Мустақиллик байрами қаерда ва қандай нишонланганини биласизми? Умуман, ушбу тантанага кимлар режиссёрлик қилган? Байрамни ўтказишга қандай талаблар қўйилган ва сцеранийни ким тасдиқлаб берган?

Шу ва бошқа саволларга жавоб топиш мақсадида «Газета.uz» 1992−2001 йилларда ўтказилган Мустақиллик ва Наврўз байрамларининг ташкилотчиларидан бири, байрамшунос Усмон Қорабоев билан суҳбатлашди. У бизга Мустақиллик кунини байрам сифатида нишонлаш тарихи, Ўзбекистоннинг биринчи президенти Ислом Каримовнинг ўрни ва байрам билан боғлиқ қатор жиҳатларни сўзлаб берди.
Қарши марказий стадионида Мустақиллик кунининг нишонланиши, 1993 йил.
Мустақилликнинг биринчи байрами

Байрамшунос Усмон Қорабоевнинг сўзларига кўра, 1991 йилнинг 31 август куни биринчи президент Ислом Каримов 1 сентябрни Мустақиллик куни умумхалқ байрами сифатида эълон қилади. Ўша куни кечқурун ҳудудлар раҳбарлари, маданият ходимларига байрамни кўтаринки руҳда нишонлаш бўйича топшириқ берилади. Кўплаб режиссёрлар, театр ижодкорлари, концерт ташкилотлари тадбирлар ўтказишга жалб қилинади.

реклама
реклама

«Ўша йиллари ҳозирги Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институтида ишлардим. 1991 йилда пойтахтнинг ўнлаб нуқталари: Ҳадра, Бешёғоч, Кўкча каби аҳоли гавжум жойларда концертлар намойиш этилган. Биз Мустақиллик майдонида сайил-концерт, турли қизиқарли ўйинлар ташкил қилишга ҳаракат қилганмиз», — деди у.

Эсимда, махсус машиналар байрамона безатилиб, карнай-сурнай билан шаҳар кўчалари бўйлаб айланган. Тарихий сана ҳақидаги эълонни эшитмаган одамлар кўча-кўйдаги бундай манзарани кўриб, хайрон бўлган, бир-биридан нималар бўлаётганини сўрашган. Бошқа вилоятларида ҳам xудди шу тарзда нишонланган. Бир сўз билан айтсам, Мустақилликнинг биринчи куни тадбирлари қисқа вақт ичида ташкил қилинган.
Усмон Қорабоев
Байрамшунос
Тошкентдаги «Мустақиллик» майдонида Мустақиллик кунининг нишонланиши, 1992 йил.
Ҳукумат йиғилишидаги таклиф

1992−2011 йиллар давомида Мустақиллик байрамининг бош томошаси режиссёри, Ўзбекистон халқ артисти Рустам Ҳамидовнинг ёдга олишича, 1992 йили − илк байрам шодиёнасини нишонлаш бўйича Вазирлар Маҳкамасининг йиғилиши бўлиб ўтган. Ўша пайтлардаги бош вазир ўринбосари Мустақиллик байрамини ўтказиш кераклигини айтиб, даврадаги одамлардан фикр ва таклифлар сўраган.

Мажлис охирроғида менга сўз беришди. У пайтда Ҳамза (ҳозирги Ўзбек Миллий Академик драма) театрининг бош режиссёри эдим. Мен: „Мустақиллик байрами кечқурун ўтадиган бўлса, биз маданият ва санъатимизнинг ҳамма жанридаги ютуқ бўладиган намуналарни мустақил давлатга хос тарзда олиб чиқишимиз керак. Фақат фольклор ва этнография билан чеклансак бўлмайди“, дея ўз фикримни билдирдим. Орадан бироз вақт ўтиб, фикрларим маъқул кўринган шекилли, чақиришди. Сценарий ёздик, тасдиқланди. Ишга тушиб кетдик.


Рустам Ҳамидов
Режиссёр
Тошкентнинг «Мустақиллик» майдонидаги халқ сайллари, 1992 йил.
Режиссёрнинг эслашича, илк байрам шодиёнасида 12 минг одам қатнашган. 10 минг нафари томошабин бўлса, қолгани дастур қатнашчилари: ижодкорлар, талабалар (оммавий саҳналарда)ни ташкил этган. Репетиция жараёни бир ярим-икки ой давом этган.

«Бир куни репетиция қилиб турган жойимизда телефон бўлиб қолди. Байрам штабининг бошлиғи, шаҳар ҳокимининг муовини Карим Расулович деган ажойиб инсон бўларди. Шу киши: „Рустамжон, президент сўраяптилар, байрам ҳақида маълумот беришимиз керак экан. Юринг, бирга борамиз“, дедилар. Мен репетиция кийимида, жинси шимда юргандим. Қўярда-қўймай президент аппаратига олиб боришди», — деди у.
Президентнинг кабинети 6 қаватда экан. Ёрдамчилари менинг кийим-бошимни кўриб: „Сиз ўтириб туринг“, деб 15 дақиқадан кейин ичкарига таклиф қилишди. Узун кабинет экан, бориб кўришгунимча Ислом Абдуғаниевич уч-тўрт марта эгнимга бошдан-оёқ қараб қўйди. „Репетицияда эдим, кийимимни алмаштиришга вақт беришмади“, деб узримни айтдим. „Ҳечқиси йўқ, қани, ўтиринг, гапиринг“, деганларидан сўнг саҳна, унда томоша қандай қўйилиши ҳақида маълумот бердим. Анча ўйланиб қолдилар.
Рустам Ҳамидов
Режиссёр
Қарши марказий стадионида Мустақиллик кунининг нишонланиши, 1993 йил.
Репетицияга ташриф буюрган президент

Рустам Ҳамидовнинг қўшимча қилишича, Ислом Каримов қўлига қоғоз-қалам олиб, саҳна қандай кўринишда бўлишини чизиб берган. Лекин режиссёр назарида чизгилар (томоша майдонига) унчалик тўғри келмаган.


«Чунки у — ўз номи билан майдон, тагидан метро ўтади. Кейин қуёш ўша тарафдан чиқади, унинг устига эса саҳнани ўрнатиб бўлмайди. Шу боис „Тушунарлими?“, деб сўраганларида, „Ислом Абдуғаниевич, охиригача тушунганим йўқ“, деб жавоб бердим. У кишининг олдида турган бир раҳбар: „Сизга президент ҳатто расмигача чизиб бердилар, нимасига тушунмайсиз“, деди. Кейин менга жавоб бериб юборишди», — дея сўзлаб берди режиссёр.


Орадан ҳеч қанча вақт ўтмай, ўша куннинг ўзидаёқ президент репетиция бўлаётган жойга ташриф буюради.

реклама
реклама

«Ҳамма раҳбар майдонга йиғилди. Ислом Абдуғаниевичнинг ўзи келиб, майдоннинг у ёқ-бу ёғига ўтиб, анча айланди. Охирида: „Ҳа-а… Тушунмаганингча бор экан. Сенинг вариантинг тўғри экан“, деб қолдилар. Ўшанда менга: „Энди бўлдими?“, деганларида: „Йўқ, яна бир-иккита масала бор, аппаратларнинг кучи етмаяпти. Москвадагилар байрам ўтказишяпти. Ўшаларнинг ёритиш, овоз кучайтириш ускуналарини ҳеч бўлмаса, ижарага бўлса ҳамм олиб келишга рухсат беринг“, дедим. Улар жуда қиммат эди. Ислом Абдуғаниевич: „Майли, кейинчалик ўзимиз сотиб олармиз. Ҳозирча олиб келинглар“, дегандилар. Шундай қилиб, байрамнинг биринчи йилини ўтказганмиз», — деди Рустам Ҳамидов.

Мамлакат бош майдонида Мустақиллик кунига бағишланган концерт дастури иштирокчилари, 1995 йил.
Усмон Қорабоевнинг қайд этишича, у 1992 йилнинг ёзида мустақилликнинг бир йиллиги байрамига ўнлаб ижодкорлар қатори сценарий ёзиб топширган ва тасдиқланган.

«Тадбирга тайёргарлик жараёни кетаётган вақтда ўша даврдаги бир-икки ижодкор раҳбарлар сценарийнинг айрим жойларига ўзгартиришлар киритган. Яъни ватанпарварвалик руҳидаги шеърлар, қўшиқлар қўшган. Аммо илк байрам тадбири сценарийим бўйича ўтказилган ва бундан ҳалигача фахрланаман», — деди Усмон Қорабоев.
«Ўзбекистон: Мустақиллик, Тинчлик, Ҳамкорлик»

Усмон Қорабоевнинг айтишича, режиссёр Рустам Ҳамидов Ўзбекистонда илк бор Мустақиллик байрамини нишонлашга киришишдан олдин жаҳоннинг кўплаб давлатлари тажрибасини ўрганиб чиққан.


«Ўзбекистонда ўз миллий шакл-шамойилига эга Мустақиллик байрами бўлиши керак, деган фикрга келинди. Бу фикр раҳбариятга ҳам ёқди ва ишлар юришиб кетди. Илк байрам Мустақиллик майдонида „Ўзбекистон: Мустақиллик, Тинчлик, Ҳамкорлик“ деган шиор билан ўтказилган. Тадбир бир қанча блокларга бўлинган ҳолда ташкил этилган», — деди байрамшунос.

Таъкидланишича, тадбир бошида карнай-сурнай ва ноғоралар садоси тўй бошланишидан хабар бериб, атрофга таралган. Ўзбекистон халқ артистлари Ёқуб Ахмедов, Тўти Юсупова, Пўлат Саидқосимов бош саҳнага тарихий шахслар қиёфасида чиқиб келган. Шундан сўнг, театрлаштирилган оммавий томошаларни кичкинтойлар рақс ва қўшиқлар билан бошлаб берган.

«Майдонда жаҳон ва олимпиада ўйинларида Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилиб, совриндор бўлган ўнлаб спортчилар пайдо бўлган. Ҳарбий аскарлар ҳам ўзларининг маҳоратларини кўрсатган. Ҳар бир вилоятдан ҳам бадиий жамоалар қатнашиб, ўз дастурлари орқали Ўзбекистон халқини мустақиллик тўйи билан табриклаган. Таниқли санъаткорлар ижросидаги қўшиқлар янада файз киритган», — дея эслади Усмон Қорабоев.

Байрам тантаналари республиканинг барча шаҳарларида оқшомгача давом этган. Тошкент шаҳрининг деярли ҳамма нуқтасида оммавий халқ сайиллари бўлиб ўтган. Ўша куни истиқлол шарафига ташкил этилган савдо расталарида чорвачилик ва қишлоқ хўжалик маҳсулотлари бозордагидан анча арзон нархларда сотилган.
Сирдарё вилояти Ҳовос туманида Мустақиллик кунининг нишонланиши, 1996 йил.
Илғор тажриба сифатида тан олинган бир қолипли ўзбек байрамлари

Рустам Ҳамидовнинг таъкидлашича, ўша даврдаги байрамлар бир қолипга тушиб қолган. Режиссёрнинг ўзи ҳам буни сезиб, қолипни бузмоқчи бўлган.


«Бу қолипни бузмоқчи бўлдим. Бошқача сценарий ёзиб, (масъул) бир раҳбарнинг олдига кирдик. У одам: «Бу бўлмайди, ҳарбийлар қани, спортчилар қани, болалар қани? Тизим, композиция бўлиши керак», деб, ўзимиз ишлаб, қолипга жойлаган дастурга бизни яна қайтарди. Мақсадимиз — олдинги «рамка»ни бузиш эди, битта қолипга тушиб қолди байрамлар, деб айтсак ҳам кўнмаган», — деди у.

Тошкентдаги «Мустақиллик» майдонида ўтказилган Мустақиллик куни байрамига ташриф буюрган Ислом Каримов ва бошқа мансабдор шахслар, 1992 йил.
Байрамшунос Усмон Қорабоевнинг айтишича, репетиция жараёнида сценарийнинг кўп жойи ўзгартириб юборилган. Чунки айрим қатнашчилар тайёргарлик жараёнларига вақтида етиб келишолмаган.

«Йиллар ўтиб, бизда байрам ўтказиш тажрибаси шаклланди. Гарчи байрамлар ҳар йили деярли бир хил кўринишда ўтса-да, аммо эсда қоларли кечарди. Рустам Ҳамидовни Мустақиллик ва Наврўз байрамларига бағишланган театрлаштирилган томошаларини ташкил қилиш бўйича яратган ўзига хос усуллари кўпчиликка манзур бўлган. Натижада бу борада диққатга сазовор ўзбекона тажриба вужудга келган», — деди у.

Фахр билан шуни айтиш лозимки, Ўзбекистонда оммавий байрамларни ташкил қилиш тажрибаси МДҲ да энг илғор деб

тан олиниб, қўшни ва қардош Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон, Озарбайжон каби давлатлардан мутахассислар тажриба ўргангани кела бошлади. Улар бизда байрамларни ташкил қилишнинг янги самарали «механизми» яратилганини эътироф этишарди.


Усмон Қорабоев
Байрамшунос
Фарғонадаги марказий «Спартак» стадионида Мустақиллик кунининг нишонланиши, 1995 йил.
Ислом Каримов нега болаларни кўтариб, рақсга тушарди?

Усмон Қорабоевнинг таъкидлашича, биринчи президент давлат тадбирлари, айниқса, Мустақиллик ва Наврўз байрамларини ташкиллаштиришга катта аҳамият қаратган.


«Рустам Ҳамидов ҳар йили байрамга яқин Ислом Абдуғаниевич иштирокидаги йиғилишларда байрам режаси ва дастури ҳақида қисқача гапириб берарди. Президент жараёнларга нисбатан муносабатини, таклифларини ҳам билдирарди», — деди байрамшунос.

Тошкентдаги «Миллий боғ»да ўтказилган Наврўз байрами. 2015 йил
Байрамшуноснинг сўзларига кўра, Ислом Каримовнинг болаларни қўлида кўтариб, бирга рақс тушиши байрам сценарийсига киритилмас эди.

«Уларнинг ўзи жудаям болажон одам эди. Шундай жиҳатини яхши билган президент аппаратидаги айрим масъуллар саҳнада ҳам болажонлар билан рақс тушиш ғоясини беришган. Кейинчалик, бу тадбирларда одат тусига кириб, Ислом Каримовнинг «ташриф қоғози»га айланган», — деди Усмон Қорабоев.
Ўзбекистоннинг биринчи президенти Ислом Каримов Мустақиллик куни муносабати билан нутқ сўзламоқда. «Мустақиллик» майдони, Тошкент, 1994 йил.
Тан олинган ва «чойпули»га саҳнага чиққан санъаткорлар

Байрамшуноснинг таъкидлашича, «Ялла» ансамбли, Насиба Абдуллаева, Муножат Йўлчиева, Ғуломжон Ёқубов, Маҳмуд Намозов сингари ўнлаб санъаткорлар байрамларда мунтазам равишда ўз ижод намуналари билан қатнашган.


«Улар ўзига хос санъаткор сифатида ҳар қандай давлат тадбирига мос қўшиқ яратиб, доим тайёр бўларди. Президент ҳам бу санъаткорларнинг ижодини жуда ёқтирарди», — дея хотирлади у.


Рустам Ҳамидов эса таниш-билиш орқали байрамларда иштирок этишга ҳаракат қилган санъаткорлар ҳам учраганини таъкидлаганди.

Тошкентдаги «Мустақиллик» майдонида Мустақиллик кунининг нишонланиши, 1994 йил.
Баъзи бир артистлар байрамга чиқаман, деб, таниш-билиши орқали ҳаракат қиларди. Маданият ва санъат соҳасига яқин бўлган айрим раҳбарлар ҳаттоки пул, яъни пора, „чойпули“ олиб, уларнинг номзодини таклиф қилишарди. Бунга ўшанда каттароқ раҳбарлар ҳам аралашганди. Қўшиқларни эшитиб, мусиқаларни танлаётганимизда мен: „Буниси бўлмайди, бунисининг овози йўқ, мана бунинг мусиқаси тўғри келмайди. Уларни қисқартирайлик, катта саҳнага олиб чиқмайлик“, дея эътироз билдирсам, ўша „катталар“: „Ҳозирча тураверсин, кейин бир гап бўлар“, дейишган.
Рустам Ҳамидов
Режиссёр
реклама
реклама
Унинг қўшимча қилишича, айрим раҳбарларнинг ўзи сифатсиз асарларни, қобилиятсиз «санъаткорлар»ни тиқиштирган. Баъзан ҳатто «бу — «юқори»дан, фалончининг топшириғи», дея айтишгача боришган.

«Ҳар хил баҳоналарни қилиб, мени нақд уч марта асосий ишим (яъни бош режиссёрлик)дан бўшатиб юборишган. Ислом Абдуғаниевич эшитиб қолиб, мени яна қайтарганлар. Энди ҳамма соҳада ҳам принцип, одамнинг ўз позицияси бўлмаса, иш кетмайди. Мақсад — душман орттириш эмас, сизга топширилган вазифани аъло даражада бажариш», — дея ёдга олади режиссёр.
Тошкентдаги «Мустақиллик» майдонида Мустақиллик кунининг нишонланиши, 2000 йил.
Байрамни жонли эфирда намойиш этиш

Байрамшунос Усмон Қорабоевнинг айтишича, Мустақиллик байрами 1992 йилданоқ телевидениеда жонли эфир орқали оммага намойиш этиб келинмоқда.


«Шунингдек, байрамнинг энг муҳим ва қизиқ жойлари „Ахборот“ дастурида ҳам бериб борилган. 10 йил давомида ҳар йили Мустақиллик байрами махсус фильм бўлиб плёнкага олинарди. Кейинчалик, техника ривожланиб, спутник орқали кўплаб давлатларга ҳам жонли эфир орқали узатиш йўлга қўйилди», — деди у.

Мустақиллик байрами ўтказилган жой ва уларнинг режиссёрлари ҳақида
«Газета.uz» сўровига кўра, Маданият вазирлиги ахборот хизмати 31 йил ичида Мустақиллик байрами қаерда ва кимнинг бошчилигида ташкил этилганини маълум қилди.
1992−2011 йиллар
Ушбу йилларда тантана «Мустақиллик» майдони, Алишер Навоий номидаги Миллий боғ ва Халқлар дўстлиги майдонида ўтказилган. Унга Ўзбекистон халқ артисти Рустам Ҳамидов режиссёрлик қилган.
2012−2015 йиллар
Алишер Навоий номидаги Миллий боғда ўтган ва Ўзбекистон халқ артисти Баҳодир Йўлдошев режиссёр бўлган.
2016 йил
Ўзбекистоннинг биринчи президенти Ислом Каримов вафоти туфайли Мустақиллик байрами нишонланмаган.
2017−2019 йиллар
Халқаро форумлар саройидаги тантана Ўзбекистон халқ артисти Баҳодир Йўлдошев режиссёрлигида бўлиб ўтган (у 2021 йилнинг май ойида вафот этган).
2020 йил
Бош тадбир «Toshkent city» мажмуасида нишонланган ва унга Рустам Шамсутдинов режиссёрлик қилган.
2021−2022 йиллар
Мустақиллик байрами «Янги Ўзбекистон» боғида ўтказилмоқда. Сўнгги йилларда тантанага Рустам Шамсутдинов режиссёрлик қилиб келяпти.
Материални «Газета.uz» мухбири Миролим Исажонов тайёрлади.

Фотосуратлар Ўзбекистон кинофотофоноҳужжатлар
Миллий архивига тегишли.
Фотосуратлардан фойдаланиш ҳуқуқи
«Газета.uz» таҳририяти томонидан сотиб олинган.
www.gazeta.uz сайтига жойлаштирилган, «Газета.uz» ва бошқа учинчи шахсларга тегишли фото, график ва бошқа материаллардан ҳар қандай кўринишда фойдаланиш тақиқланади.

Изоҳ

Жунатиш Чиқиб кетиш Бекор қилиш Муаллиф: 6000 та белги қолди.
"Газета.uz"да рўйхатдан ўтиш

Қўшимча имкониятларга эга булиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг