Осиё тараққиёт банки (ОТБ) Ўзбекистонда озиқ-овқат ва сув хавфсизлигини яхшилашга кўмаклашиш учун 150 млн доллар миқдорида кредит ва 3 млн доллар грант ажратишни маъқуллади, дея «Газета.uz»га хабар берилади.

Маълумот берилишича, қишлоқ хўжалиги унумдорлигини ошириш учун ер ва сув ресурсларини бошқаришни такомиллаштириш жараёни ажратилган маблағлар ҳисобидан амалга оширилади.

«Орол денгизи ҳавзасида иқлим ўзгаришига мослашган сув ресурсларини бошқариш» лойиҳаси танланган ирригация-дренаж тизимларини модернизация қилади ва уларни янада самарали бошқариш бўйича мамлакат салоҳиятини ошириш орқали сув ресурсларидан самарали фойдаланишни таъминлайди, дейилади хабарда.

Шунингдек, банк юқори даражадаги технологиялар фондидан 300 000 АҚШ доллари миқдорида грант ажратади.

«ОТБ Ўзбекистонда сув ресурсларини бошқаришни кучайтиришдан манфаатдор. Мамлакат қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқариш учун муҳим бўлган қимматли трансчегаравий сувларга таянади. Бу сувлар мамлакат қишлоқ аҳолисининг ярми учун асосий тирикчилик манбаи ҳисобланади», — деди ОТБнинг Марказий ва Ғарбий Осиё бўйича бош директори Евгений Жуков.

Лойиҳа ҳукуматнинг юқори қўшимча қийматли экинларга ўтиш, ер ва сув ресурсларини бошқаришни яхшилаш ҳамда иқлим ўзгаришига мослашиш бўйича устувор йўналишларини қўллаб-қувватлашни назарда тутади.

Ўзбекистонда фойдаланиладиган барча сув ресурсларининг тахминан 90% қишлоқ хўжалигига, жумладан, ғалла ва пахтани суғориш учун сарфланади. Бироқ иқлим ўзгариши сув таъминотига жиддий таъсир кўрсатмоқда. Лойиҳа доирасида Амударё ва Зарафшон дарёлари ҳавзаларида сувни ҳисобга олиш тизимини яхшилаш ва мавжуд ирригация- дренаж инфратузилмасини янгилаш орқали иқлимга чидамли ва такомиллаштирилган суғориш тизимларини яратиш режалаштирилган.

Лойиҳа фермер хўжаликларида сувдан фойдаланишни яхшилаш, технологияларни жорий этиш ва сув унумдорлигини ошириш амалиётини кенгайтиришга кўмаклашишга қаратилган. Шунингдек, у суғориш тизимларининг тез-тез учрайдиган сув танқислигига мослашиши ва сувдан фойдаланувчиларга иқлим ўзгарувчанлиги билан яхшироқ курашиш имконини бериши керак. Дастур сувни барқарор бошқариш учун сиёсий ва институционал салоҳиятни мустаҳкамлашга ёрдам беради.

Шунингдек, ОТБ Ўзбекистонда сув хўжалиги ва ирригация секторини ривожлантириш стратегиясининг асосий элементларини, жумладан, салоҳиятни ошириш орқали сув ва ирригация субсекторларида асосий ислоҳотларни амалга оширишда ҳукуматни қўллаб-қувватлаш учун 850 000 АҚШ доллари миқдоридаги техник ёрдам грантини ажратади.