ДХХ Тошкентда ўқишга киритиб қўйиш билан боғлиқ ноқонуний ҳолатларни аниқлади. Бу ҳақда унинг матбуот хизмати хабар бермоқда.

Тошкент вилояти Зангиота туман ҳокимлиги ходими 2 фуқарога Қирғизистондаги олий ўқув юртида ўқишлари ҳақида сохта ҳужжат тайёрлашини айтиб, кейин ўқишни пойтахтдаги ОТМнинг 2-босқичига кўчириб беришга келишган. Бунинг эвазига 18 минг доллар олган вақтида ушланди.

Яна бир ҳолатда эса пойтахтда хорижий давлатлардаги ОТМларга ўқишга киришга кўмаклашувчи МЧЖ раҳбари қозоғистонлик 2 фуқарога Қозоғистондаги ОТМнинг 1-босқичини тамомлаганликлари ҳақидаги ҳужжатни тайёрлаб беришини айтган. Бунинг учун улардан 15 млн сўм сўрагани маълум бўлди.

Гумондор фирма ҳисоб рақамига умумий 9 млн сўм, Қозоғистон фуқароси номига 1900 доллар ўтказилгани тўғрисида 4 дона квитанцияни қабул қилиб олган вақтида қўлга олинди.

Шунингдек, ДХХ ўтказган яна бир тезкор тадбирда Тошкент шаҳридаги нуфузли олийгоҳлардан бирининг 3-босқич талабаси 2 нафар фуқародан 2 минг доллар олган вақтда ушланди. Маълум бўлишича, талаба фуқароларга Қозоғистон ОТМларининг бирининг 2-босқичини тамомлаганлиги ҳақида сохта ҳужжат олиб берган. Ушбу ҳужжат билан Тошкент шаҳридаги хусусий университетнинг 2-босқичига ўқишга киритиб қўйишини ваъда қилган.

Мазкур ҳолатлар юзасидан жиноят ишлари қўзғатилди. Айни вақтда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.