Ҳукуматнинг 31 августдаги [480-сон] қарори билан «Kinematografiya fidokori» кўкрак нишони тўғрисидаги низом тасдиқланди. Бу ҳақда Адлия вазирлиги хабар берди.

Низомга мувофиқ, кўкрак нишони билан миллий кинематография соҳасини ривожлантириш, бадиий ва ғоявий жиҳатдан етук фильмлар яратиш, миллий фильмларни кенг тарғиб қилишга муносиб ҳисса қўшган шахслар тақдирланади.

Қайд этилишича, давлат органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлар томонидан кўкрак нишони билан тақдирлаш учун номзодлар бўйича таклифлар ҳар йили 1 декабргача Кинематография агентлигига берилади.

Тақдирлашга оид таклифларни кўриб чиқиш учун Агентлик бош директори томонидан 5 кишилик комиссия тузилади.

Комиссия томонидан 20 декабргача муносиб номзодлар бўйича хулоса қабул қилинади ва у асосида бош директор буйруғи 25 декабргача қабул қилинади.


Кўкрак нишони ҳар йили 28 декабрь — Халқаро кино куни арафасида тантанали топширилади.

Кўкрак нишони билан тақдирланганларга БҲМнинг 4 баравари (1,2 млн сўм) миқдорида пул мукофоти берилади.