2024 йилда йўлга қўйилиши режалаштирилган Тошкентдан Хивага борувчи тезюрар поездга Жалолиддин Мангуберди номи берилади. Бундай таклифни Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Урганчдаги Хоразм ҳукмдори ва саркардасига бағишланган ҳайкалнинг очилишида айтиб ўтди.

Айни пайтда узунлиги 465 километр бўлган «Бухоро-Урганч-Хива» темир йўл линиясини электрлаштириш ишлари давом этмоқда. Унинг ишга туширилиши билан Тошкентдан Хивага етиб олишга етти соат, Бухородан Хивагача уч соат вақт кетади. 2018 йилнинг кузида Урганчдан Хивага 33,7 километр узунликдаги темир йўл очилганди. Хивада эса темир йўл вокзали қурилиб, фойдаланишга топширилган.

«Афросиёб» тезюрар поездининг биринчи рейси (поездлар Испаниянинг «Талго» компанияси томонидан етказиб берилади) 2011 йил август ойида юрган эди. 2015 йилда поезд Қаршига (2018 йилда линия Шаҳрисабзгача узайтирилган), 2016 йилда эса Бухорога қатнай бошлади.

Ёзда Ислом ҳамкорлик ташкилоти Хивани 2024 йилда ислом оламининг туризм пойтахти деб эълон қилди.

Президент ўз нутқида Хоразмга хорижлик сайёҳлар оқимини кўпайтириш мақсадида ҳудудлараро ва халқаро транспорт алоқаларини яхшилаш учун зарур инфратузилма яратилишини таъкидлаб ўтди.

Бундан ташқари, яқин икки йилда йўловчилар сони бўйича пойтахт аэропортидан кейин иккинчи ўринда турадиган «Урганч» халқаро аэропорти реконструкция қилиниб, туристик транспорт марказига айланади", — деди Шавкат Мирзиёев.

Қолаверса, Урганч ва Хива автомобиль йўллари бўйлаб 100 дан ортиқ замонавий хизмат кўрсатиш объектлари қурилади, дея қўшимча қилди у.