Ижтимоий тармоқларда Сурхондарё вилоят ИИБ Жамоат хавфсизлиги хизмати Йўл ҳаракати хавфсизлиги бўлими тасарруфида бўлган махсус жихозланган «Lacetti» (75 701 VSF) машинаси 52 марта ҳамда «Lacetti» (75 424 VSF) автомобили эса 28 марта йўл ҳаракати қоидаларини бузгани, бироқ жарима ундирилмаётгани ҳақида хабарлар тарқалди. Ҳар икки ҳолат юзасидан Сурхондарё вилоят прокуратураси муносабат билдирди.

55 та жарима қарори

Орган маълумотларига кўра, 75 701 VSF давлат рақам белгили хизмат автоулови Сурхондарё вилояти ИИБ ЖХХ ЙҲХБ бошлиғи ўринбосарига хизматда фойдаланиш учун бириктирилган. Ҳолатни ўрганиш давомида автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш техника воситалари орқали аниқланган ҳуқуқбузарликларни қайд этиш маълумотлар базаси текшириб кўрилган.

«Ушбу транспорт воситаси мулкдорига нисбатан Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 171, 309−1, 248, 304, ва 307-моддаларига асосланган ҳолда 55 та ҳолатда белгиланган ҳаракат тезлиги оширганлик ҳолати юзасидан жарима қарорлари тайинланган», — дейилади хабарда. Тармоқларда умумий жарима миқдори 19 млн 180 минг сўмлиги айтилмоқда.

Фото: Автоблогер Мақсуд Музаффаров.

Таъкидланишича, 52 та ҳолат Сурхондарё вилояти ҳудудида жамоат тартибини сақлаш, жиноятчиликни олдини олиш, вилоятга ташриф буюрган юқори мартабали меҳмонларни хавфсизлигини таъминлаш, вилоят ҳудудида ўтказиладиган оммавий тадбирлар ва ўқув машғулотларида ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш ва ўз вақтида белгиланган топшириқларни амалга оширишда, пул ва портловчи моддаларни ўз вақтида кечиктирмасдан манзилига етказиш мақсадида кузатувларни амалга ошириш жараёнида белгиланган ҳаракат тезлигини охирги зарурат ҳолатида оширганлиги аниқланган.

Ушбу ҳолатлар инобатга олиниб жарима қарорлари Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 271-моддаси 4-бандига (Маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларни юритишни истисно этувчи ҳолатлар, шахс ҳаракатни зарурий мудофаа ҳолатида ёки охирги зарурат ҳолатида қилган бўлса) кўра, ЙҲХБ МАБ масъул ходимлари томонидан қайта кўриб чиқилиб хал қилув қарорига асосан бекор қилинган. Ўрганишда, жарима қарорларини бекор қилишда Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 17−1-моддасининг 5-банди талабларига риоя қилингани аниқланди.

Шунингдек, мазкур хизмат автомобилининг 3 та қоидабузарлиги 2020 йил Сардоба сув омбори тошқини вақтида кечиктириб бўлмас кузатувларни амалга ошириш давомида қайд этилган. Жарима қарорларини бекор қилиш бўйича Сирдарё ва Тошкент вилояти ИИБ ЖХХ ЙҲХБга 2022 йил 17 августда (орадан қарийб 2 ярим йил ўтиб) хатлар юборилган.

28 та жарима қарори

Аниқланишича, вилоят ИИБ ЖХХ ЙҲХБ тасарруфида бўлган махсус жихозланган Lacetti 75 424 VSF давлат рақам белгили хизмат автоулови Сурхондарё вилояти ИИБ ЖХХ ЙҲХБ бошлиғи ўринбосарига хизматда фойдаланиш учун бириктирилган.


Фото: Автоблогер Мақсуд Музаффаров.

Махсус автоматлаштирилган маълумотлар базаси текшириб кўрилганда унинг ҳам қоидабузарлиги ўз тасдиғини топган.

«Ушбу транспорт воситаси мулкдорига нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 171, 309−1, 248, 304, ва 307-моддаларига асосланган ҳолда 28 та ҳолатда белгиланган ҳаракат тезлиги оширганлик ҳолати юзасидан ЙҲХБ МАБ маъсул ходимлари томонидан жарима қарорлари тайинланган», — дейилади хабарда.

Шунингдек, вилоят ҳудудида содир этилган 28 та ҳолат ҳудудда жамоат тартибини сақлаш, жиноятчиликни олдини олиш, вилоятга ташриф буюрган юқори мартабали меҳмонларни хавфсизлигини таъминлаш, вилоят ҳудудида ўтказиладиган оммавий тадбирлар ва ўқув машғулотларида ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш ва ўз вақтида белгиланган топшириқларни амалга оширишда, пул ва портловчи моддаларни ўз вақтида кечиктирмасдан манзилига етказиш мақсадида кузатувларни амалга ошириш жараёнида белгиланган ҳаракат тезлигини охирги зарурат ҳолатида оширганлиги аниқланган.

Ушбу ҳолатлар инобатга олиниб жарима қарорлари МЖтКнинг 271-моддаси 4-бандига асосан ЙҲХБ МАБ масъул ходимлари томонидан қайта кўриб чиқилиб, ҳал қилув қарорига асосан бекор қилинган. Ўрганишда жарима қарорларини бекор қилишда МЖтКнинг 17−1-моддасининг 5-банди талабларига риоя қилингани аниқланган.

Бундан ташқари, прокуратура хабарида тезкор ва махсус хизматларнинг транспорт воситаси — тезкор вазифаларни бажаришга мўлжалланган, кўк ёки қизил ёхуд кўк ва қизил рангли ялтироқ маёқча билан жиҳозланган ҳамда махсус рангли бўёқ схемалар ва ёзувлар билан белгиланган транспорт воситаси ҳисобланиши қайд этилган.