АҚШнинг Ўзбекистондаги элчиси Дэниел Розенблюм Alter Ego лойиҳасига берган интервьюсида Ўзбекистонда сўнгги йилларда амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида гапирди.

Дипломат мамлакат ташқи сиёсатидаги ислоҳотларни алоҳида қайд этди.

«Менимча, одатда ислоҳотлар рўйхатига киритилмайдиган ва [киритилмаслиги] нотўғри бўлган ислоҳот — бу ички эмас, балки ташқи сиёсат ислоҳоти. Президент [Шавкат] Мирзиёев жорий этган энг самарали ўзгаришлардан бири қўшниларга бўлган муносабатни ўзгартириш, деб ҳисоблайман. Бу ғоя, биринчи навбатда, қўшнилар билан муносабатларни яхшилаш, одамларнинг чегараларни кесиб ўтишини осонлаштириш, савдо-сотиқни кенгайтириш ва муаммоларни ҳал қилиш, низо ва конфликтларни ҳал қилишдир», — деди у.

Америка дипломатик миссияси раҳбари мамлакатга ижобий таъсир кўрсатган дастлабки иқтисодий ислоҳотларни ҳам санаб ўтди. Улар: валюта конвертацияси, солиқ ислоҳоти, божхона ислоҳоти, тартибга солиш ислоҳоти.

«Улар тадбиркорлик муҳитини, бизнесни ривожлантираётган одамлар, ривожлана бошлаган хусусий сектор учун шароитларни яхшилади. Ва буларнинг барчаси жуда ижобий. Лекин, ўйлайманки, баъзи улкан ва кенг кўламли ислоҳотлар йўналишлари ҳали ўз самарасини бергани йўқ. Мен йўналишларни нотўғри демаяпман. Йўналиш тўғри, лекин, менимча, натижалар ҳали кўрингани йўқ», — деди у.

Дэниел Розенблум хусусийлаштириш дастурига алоҳида тўхталиб ўтди. Унинг сўзларига кўра, маълум миқдордаги корхоналарни хусусийлаштириш бўйича ўта улкан мақсадлар қўйилган, бироқ «ҳозирча бу жуда секин ва қоришиқ натижалар билан кечмоқда».

«Ўйлайманки, бу қисман хусусийлаштирилаётган корхоналарнинг аксарият ҳолларда жамиятда муҳим ўрин тутаётгани, кўплаб хизматлар кўрсатаётгани билан боғлиқ. Демак, „Энди уни хусусий мулкдорга топширамиз“, деб шунчаки айтиб бўлмайди. Ечилиши керак бўлган муаммолар кўп», — дейди у.

Дипломат, шунингдек, ғаразли манфаатлар мавжудлигини ҳам таъкидлади.

«Рақамлар билан аниқ мисоллар ёки фактлар келтира олмайман, лекин вазиятни кузатаётган мутахассисларнинг айтишича, кўп ҳолларда корхона хусусийлаштирилмаслигидан манфаатдор бўлган айрим шахслар бор, чунки ҳозир улар фойда кўрмоқда. Шунинг учун мен хусусийлаштиришга қандайдир оппозиция ёки қаршилик бор, деган шубҳадаман», — деди элчи.

АҚШ дипломатик миссияси раҳбари 2021 йилда Coca-Cola`нинг хусусийлаштирилишини яхши мисоллардан бири деб атади.

«Тендерда Coca-Cola`нинг Туркиядаги шўъба корхонаси ғолиб чиқди. Эшитганимга кўра, хусусийлаштириш шаффоф, потенциал иштирокчиларга маълумотлар тақдим этилган ҳолда амалга оширилган. Танлов бўлди, мезонлар бўлди ва бу тендерда Coca-Cola Turkey ғолиб чиқди. Бошқа баъзи ҳолларда ишлар нотўғри кетди. Демак, ҳали қилинадиган ишлар бор», — дейди у.

Дэниел Розенблум натижалар ҳали кўринмаётган жойларга ҳам ишора қилди.

«Аввалроқ айтиб ўтганимнинг баъзилари: катта куч сарфланаётган таълим, соғлиқни сақлаш ҳали ривожланиш босқичида. Ва, эҳтимол, одамлар ҳар доим ҳам кундалик ҳаётида натижаларни кўришмайди, улар натижаларни сезишмайди. Бу эса катта қийинчилик», — деди дипломат.

Унинг фикрича, таълим соҳаси тўғри йўналишда ривожланмоқда, аммо бу борада улкан вазифалар турибди. Ҳар йили ўрта мактабларни 700−800 мингга яқин битирувчи тамомлайди, лекин мамлакат иқтисодиётида уларнинг ҳаммасига ҳам иш ўринлари топилавермайди.

«Ечим эса одамларнинг касбий малакасини ошириш ва ўқитишда. Албатта, яна бир алоҳида муаммо бор: улар чет элга иш излаб кетиши керакми ёки йўқми? Бу бутунлай бошқача савол. Ва биламанки, президент 2030 ёки 2035 йилгача мактаб битирувчиларининг 50 фоизини олий таълим билан қамраб олиш вазифасини қўйган», — деди у.

Элчининг таъкидлашича, кўпроқ университет профессорлари, кўпроқ ўқув хоналари керак, бу мақсадга эришиш учун «ақл бовар қилмайдиган миқдорда ресурслар» зарур бўлади.

«Кичик ёшдаги болалар учун бошланғич ва ўрта таълим сифатини ошириш ҳам қийин, чунки кўплаб ўқитувчилар жуда узоқ вақт давомида тайёрланган. Уларда энг охирги ўқитиш услублари йўқ, синф хоналари ва инфратузилма эса бўлиши керак бўлган даражада эмас. Мен анча яхшиланган мактабларни кўрдим. Мен инфратузилмаси уч йил олдингига қараганда анча яхши бўлган мактабларни бориб кўрдим, аммо бу умумий кўрсаткичнинг кичик бир қисми, холос. Бу катта муаммо ва мен буни Халқ таълими вазири билан суҳбатлардан биламан», — деди дипломат.

Аввалроқ ўша интервьюда АҚШ элчиси Ўзбекистон ҳукумати ва фуқаролари президентлик муддатларини ўзгартириш билан боғлиқ «фойда ва хатарларни диққат билан кўриб чиқишларига» умид билдиргани ҳақида ёзган эдик. Бу борада баҳс-мунозаралар борлиги яхши, деди у.

Эслатиб ўтамиз, июнь ойида Дэниел Розенблюм «Газета.uz»га интервью берган эди. Унда жумладан, Конституцияда тийиб туриш ва мувозанатлаш механизмини ўз ичига олиши зарурлигини таъкидлади. «Бу ҳокимиятнинг турли тармоқлари ўртасида мувозанат борлигини ва ҳокимиятни тийиб туриш тизимингиз бўлишини англатади, чунки бир киши ёки бир институтнинг жуда кўп ҳокимиятга эга бўлиши мамлакат учун ёмон. Бу ёмон қарорларга олиб келади. Охир-оқибат бу коррупцияни келтириб чиқаради», деган эди дипломат.