Ўзбекистон ҳукумати ва фуқаролари Конституцияга киритилиши режалаштирилаётган тузатишлар назарда тутилган президентнинг амалдаги ваколат муддатини ўзгартириш билан боғлиқ фойда ва хатарларни диққат билан кўриб чиқиши керак. Бу ҳақда АҚШнинг Ўзбекистондаги элчиси Дэниел Розенблюм Alter Ego лойиҳасига берган интервьюсида айтиб ўтди.

Дипломатнинг таъкидлашича, АҚШ бошқа бир давлатга уларнинг Конституциясида нима бўлиши керак ёки бўлмаслиги лозимлигини айтмоқчи эмас.

«Шунинг учун ўзгартиришлар ҳақида ўзимча изоҳ бермайман. Аммо жараёнга келсак, менимча, жамоатчилик фикрини олиш жуда муҳим. Биламан, жамоатчилик фикрини тўплаш устувор вазифа қилиб қўйилган. Шунингдек, халқаро экспертларнинг муносабатини олиш ҳам муҳим, деб ўйлайман ва бу борада қандайдир саъй-ҳаракатлар қилинганга ўхшайди. Лекин ҳар доим кўпроғини қилиш мумкин», — деди у.

Унинг сўзларига кўра, Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилотида (ЕХҲТ) «халқаро миқёсдаги илғор тажрибаларни ўрганувчи конституцияларни таҳлил қилиш бўйича ажойиб маҳоратга эга» мутахассислар мавжуд.

«Шундай экан, менимча, бу ҳам муҳим. Фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини янада таъминловчи ўзаро тийиб туриш ва мувозанат тизимини мустаҳкамлайдиган ҳар қандай ўзгаришлар яхши, деган бўлардим. Шундай экан, агар ишлар шу йўналишда кетаётган бўлса, бу яхши, деб ўйлайман», деди у.

Даниэл Розенблумнинг таъкидлашича, қандай тузатишлар таклиф қилинмасин ва референдумгача бормасин, барча эътибор президентлик муддатларига қаратилади.

«Бу асосий фокус („эътибор урғуси“ маъносида — таҳр.) ҳозир ҳам, кейин ҳам. Ният қандай бўлишидан қатъи назар, халқаро миқёсда шундай қабул қилинади. Ва мен бу масала бўйича баҳс-мунозаралар борлигини биламан. Улардан баъзиларини ўқиган ва кўрганман. Ва бунга қандай тўғри ёндашиш ҳақида баҳслар борлиги яхши. Шунчаки айтмоқчиманки, Ўзбекистон ҳукумати ва фуқаролари амалдаги ваколат муддатини ўзгартириш билан боғлиқ фойда ва хатарларни диққат билан кўриб чиқадилар, деб умид қиламан», — деди элчи.

Америка дипломатик миссияси раҳбари жаҳон тажрибасига тўхталиб, чекловларни олиб ташлаш ва президентлик муддатини узайтириш билан боғлиқ такрорланадиган сценарийни қайд этди.

«Муддат чекловлари олиб ташланса ёки муддатлар жуда узоқ вақтга узайтирилса, сиз якунда халқ олдида ўзида масъулиятни камроқ ҳис қиладиган ҳукуматга эга бўласиз. Реал ҳаётда худди шундай бўлади. Шундай экан, Ўзбекистон, унинг халқи, ҳукумати бу масалага жуда эҳтиёткорлик билан ёндашиши керак, деб ўйлайман», — дея огоҳлантирди у.

Даниэл Розенблюм президентлик муддатини узайтириш тарафдорларининг Шавкат Мирзиёев бошлаган ислоҳотларни якунлаш учун вақт етишмаслиги ҳақидаги мулоҳазаларига ҳам тўхталиб ўтди. Жумладан, Сенат раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев «бу ислоҳотларни бошлаган президент уларни якунлаш имкониятига эга бўлиши керак», деб таъкидлаган эди.

Элчи мамлакатлар дуч келаётган «бу ҳақиқий дилемма» деган фикрга қўшилди. У Ўзбекистонда ислоҳотлар узоқ давом этишини ва улар осон кечмаслигини таъкидлади.

«Мен одамларнинг нима учун: токи бу жуда кўп вақтни олар экан, токи ҳозирги президентимизнинг етакчилигига ишонар эканмиз, у буни охирига етказиши учун ёнимизда туриши керак, дейишларини тушунаман. Бу тушунарли ва бу ерда мантиқ бор. Шу билан бирга, менимча, ҳар бир давлат, шу жумладан АҚШ ҳам ушбу ва бошқа хавфларни мувозанатлаши керак. Ислоҳотлар дастурини якунига етказмаслик хавфи ҳамда уни охиригача фақат битта раҳбар олиб бориши мумкинлигига ишониш хавфи бор», — деди у.

Шу билан бирга, дипломат «ўзаро назорат ва мувозанат етишмайдиган, жавобгарлик етарли бўлмаган ва натижада халқ учун ишлар яхши кетмайдиган тизим» вужудга келиш хавфи борлигини таъкидлади. У тўртинчи муддатининг бошида вафот этган ва мамлакатни 12 йил бошқарган Америка президенти Франклин Рузвельтни мисол қилиб келтирди.

Унинг сўзларига кўра, бу Америка тарихидаги биринчи ҳолат эди. «Эҳтимол, у бизни тарихнинг жуда оғир давридан олиб ўтган, Буюк Депрессия ва Иккинчи Жаҳон уруши пайтида бизга ёрдам берган буюк лидердир. Аммо АҚШда бунга қандай муносабатда бўлинди? Рузвельт вафотидан бир неча йил ўтгач, биз Конституцияга ўзгартиш киритдик, унга кўра, президент фақат икки муддатга сайланиши мумкин ва ундан кўп эмас. Ва шундан бери бу қоидага риоя қилинмоқда. Америкада эса уни ўзгартириш ҳақида ҳеч қандай баҳс-мунозара йўқ», — деди дипломат.

Даниэл Розенблумнинг таъкидлашича, шу сабабли ҳар бир давлат бу хатарларни қандай мувозанатлаш борасида ўз танловини амалга ошириши керак.

«Мен шунчаки умид қиламанки, юқорида айтганимдек, Ўзбекистон бу қадамни синчиклаб кўриб чиқади ва хавф-хатарлар бўлиши мумкинлигини тушунади ва эҳтимол ушбу хатарларнинг олдини олиш учун қандайдир чораларни кўради. Айнан қандайлари эканини билмайман, шунчсаки айтмоқчиманки, буни ҳисобга олиш керак», — деди у.

Конституцияга киритилаётган ўзгартиришларда Ўзбекистон президентининг ваколат муддатини 5 йилдан 7 йилгача узайтириш таклиф қилинмоқда. Содиқ Сафаев «янги Конституция»нинг қабул қилиниши барча фуқароларга, шу жумладан амалдаги президентга ҳам президентлик сайловларида қатнашиш имкониятини беради, деди.

Конституциявий комиссия матбуот котиби, депутат Одилжон Тожиев BBC Uzbek билан суҳбатда Конституцияга киритилган ўзгартиришлардан мақсад президент ваколатларини узайтириш деган тахминларни рад этди. У муддатларни узайтириш тўғрисидаги ўзгартириш муаллифи номини айта олмади, лекин минглаб фуқаролар у ёки бу шаклда амалдаги давлат раҳбари томонидан ислоҳотларни давом эттиришни қўллаб-қувватлашини айтди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ АҚШ элчиси Дэниел Розенблюм «Газета.uz»га интервью берган эди. Унда жумладан, Конституцияда тийиб туриш ва мувозанатлаш механизмини ўз ичига олиши зарурлигини таъкидлади. «Бу ҳокимиятнинг турли тармоқлари ўртасида мувозанат борлигини ва ҳокимиятни тийиб туриш тизимингиз бўлишини англатади, чунки бир киши ёки бир институтнинг жуда кўп ҳокимиятга эга бўлиши мамлакат учун ёмон. Бу ёмон қарорларга олиб келади. Охир-оқибат бу коррупцияни келтириб чиқаради», деди дипломат.