29 август куни Оқсарой қароргоҳида жойлашган Ислом Каримов номидаги президент кутубхонасининг очилиш маросими бўлиб ўтди. Тадбирдан «Газета.uz» мухбирлари Миролим Исажонов ва Мадина Аъзам фоторепортаж тайёрлашди.

Маросимни биринчи президентнинг рафиқаси Татьяна Каримова, Ислом Каримов номидаги илмий-маърифий ёдгорлик мажмуаси директори Темур Ширинов очиб берди.

Махсус қизил тасма кесилгач, маскан раҳбарияти томонидан Татьяна Каримовага аъзолик гувоҳномаси топширилди. Шу тариқа у кутубхонанинг илк аъзосига айланди.

Кутубхонанинг анжуманлар залида бўлиб ўтган маросим аввалида Татьяна Каримова сўзга чиқиб, мазкур кутубхона тўрт йил олдин очилгани, ўтган вақт ичида бутунлай янги қиёфага киргани ва замонавий техника воситалари билан жиҳозланганини қайд этди.


«Бугун сизларни ўзига хос тимсолга айланган кутубхонамизда кўриб турганимдан бағоятда хурсандман. Айтиш жоизки, кутубхона учун бу тарихий бино тасодифан танланган эмас. Бу ерда мамлакатимиз учун муҳим бўлган тадбирлар, жумладан, биринчи президентимиз Ислом Каримов иштирокида хорижий делегация вакиллари билан музокаралар олиб борилган, мустақиллигимизни биринчилардан бўлиб тан олган давлатларнинг элчиларига ишонч ёрлиқлари топширилган», — деди Татьяна Каримова.

Унинг сўзларига кўра, буларнинг барчаси президент Шавкат Миромоновичнинг қилган саъй-ҳаракатлари ҳамда Ислом Каримов хотирасига кўрсатаётган эътибори ва эҳтироми шарофати билан амалга ошмоқда.


«Бугунги маросимга ташриф буюрганингиз учун барчангизга миннатдорчилик билдираман. Мустақиллик байрами арафасида ҳаммангизга сиҳат-саломатлик, фаровонлик, тинчлик тилайман. Ўзбекистонимиз осмони ҳар доим мусаффо бўлсин!», — деди биринчи президентнинг турмуш ўртоғи.



Таъкидланишича, мазкур кутубхона Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 25 апрелдаги қарорига асосан, 2018 йилда ташкил этилган. Унда фақатгина умумий ўқув зали очилган эди. Кейинги йилларда эса кутубхона реконструкция қилиниб, қайта таъмирланди, жиҳозланди ҳамда бир қанча бўлимлар қўшилди.

Кутубхона директори Дилором Шукурованинг маълум қилишича, Ислом Каримов номидаги илмий-маърифий ёдгорлик мажмуасининг бир қисмида ташкил қилинган кутубхонада 70 мингдан зиёд китоблар мавжуд. Бу масканнинг китоблар билан бойишида президент ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти катта ёрдам берди. Шунингдек, бу ерда 10 мингдан ортиқ журналлар ҳам бор. Уларнинг мингдан ортиғи XIX аср бошидан нашр этилган журналлардир.


Дилором Шукурова.

«Китобларнинг асосий қисми нодир адабиётлар бўлиб, улар XIX аср охири XX бошларида чоп этилган. Минглаб адабиётлар эса Ўрта Осиё ва Туркистонга оид ҳисобланади», — деди у.

Масканга кираверишдаги инфокиоскка кутубхона ҳақидаги барча маълумотлар жойлаштирилган.

Биринчи қаватда бир қанча бўлимлар мавжуд. Хусусан, китобхонлар мўъжаз емакхонада бир пиёла чой устида матбуот нашрларини ўқиб, вақт ўтказиши мумкин.

Таълим бўлимидаги замонавий компьютерларга соҳага оид дастурлар ва видео қўлланмалар жойлаштирилган. Бу жой эса талаба ва мактаб ўқувчилари учун мўлжалланган.


Ислом Каримовнинг шахсий кутубхонаси бўлими ҳам китобхонларни бефарқ қолдирмаслиги шубҳасиз. Чунки у ерда биринчи президентнинг ўзи ёзган асарлари, давлат ташрифлари чоғида мамлакатлар вакиллари томонидан совға қилинган китоблар, Каримов ҳақидаги монографиялар ва бадиий адабиётлар ўрин олган. Ислом Каримов учун қимматли бўлган бу каби адабиётлардан 500 таси Татьяна Каримова томонидан кутубхонага совға қилинган.



Шуни алоҳида қайд этиш керакки, Ислом Каримовга совға қилинган асарлар орасида муаллифлар имзоси ва тилаги туширилган китоблар бор. Мисол учун, 1991−1999 йилларда Россия Федерациясини бошқарган президент Борис Ельцин, 2007−2014 йилларда Исроил давлатида президентлик қилган Шимон Перес, Қирғизистон халқ ёзувчиси Чингиз Айтматов ҳамда кўплаб давлат ва сиёсат арбоблари, ижодкорлар томонидан туҳфа этилган дастхатли китобларни учратиш мумкин.

Ислом Каримов архиви ва нашрлар сақлаш бўлими ҳам кутубхонанинг биринчи қаватида жойлашган.



Кутубхонадаги деярли барча китоблар иккинчи қаватдаги умумий ўқув бўлимидан ўрин олган. Бу ерда бадиий ва сиёсий адабиётлар, журналлар, турли соҳаларга тааллуқли китобларни кўриш ва ўқиш мумкин.

Электрон ўқув зали бўлими ҳам замоанвий комьпютерлар билан жиҳозланган бўлиб, минглаб электрон адабиётлар мавжуд.


Учинчи қаватдаги ҳужжатларни рақамлаштириш бўлимида замонавий скайнерлар орқали нодир адабиётлар, мазмун жиҳатдан қимматли бўлган газета-журналлар, карталарни рақамлаштириш имконияти яратилган.

Бундан ташқари, анжуманлар зали ва мультимедиани рақамлаштириш бўлими ҳам ташкил этилган.


Дилором Шукурованинг қайд этишича, кутубхона жамоаси олдида иккита катта масалани ҳал этиш турибди.

«Ёдгорлик мажмуасининг веб-сайти бор ва ишлайди. Аммо кутубхона сайти йўқ. Жамоамиз билан ушбу маскан сайтини ишлаб чиқиш ва ўқувчиларга масофадан хизмат кўрсатишни йўлга қўйишни режалаштирганмиз. Шунингдек, Ислом Каримовнинг ҳаёти ва меҳнат фаолияти, асарлари ҳамда улар тўғрисидаги китобларнинг электрон каталогини ва тўлиқ матнли маълумотлар базасини яратишни мақсад қилганмиз», — дейди кутубхона директори.


Унинг қўшимча қилишича, кутубхона ўз фаолиятини 5 сентябрдан бошлайди. Ушбу зиё масканида ёшидан қатъий назар барча китобхонларга шанба ва якшанба кунларидан ташқари ҳар куни соат 09:00 дан 18:00 гача хизмат кўрсатилади.

Кутубхонага аъзо бўлиш ва ташриф буюриш истагидаги бўлган одамлардан фуқароликни тасдиқловчи ҳужжат талаб қилинади.