29 август куни Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари — инвестициялар ва ташқи савдо вазири Жамшид Ходжаев Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги (JICA)нинг катта вице-президенти Кейитиро Наказава бошчилигидаги делегациясини қабул қилди. Бу ҳақда инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Учрашувнинг асосий мақсади  — стратегик жиҳатдан муҳим ва ижтимоий аҳамиятга молик лойиҳаларни амалга ошириш бўйича икки томонлама ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилишдан иборат.

Музоказалар давомида томонлар «Мева-сабзавотчилик тармоғида қўшилган қиймат занжири яратишни ривожлантириш» кредит линияси биринчи босқичи доирасида, Ўзбекистонда 300 дан ортиқ лойиҳалар ҳаётга татбиқ этилгани ва 5 мингдан ортиқ янги иш ўринлари яратилганлигини таъкидладилар.

Қайд этилишича, кредит линиясининг иккинчи босқичи доирасида қўшимча 200 миллион доллар ажратиш бўйича айирбошлаш ноталарини ва қарз битимини имзолаш маросими бўлиб ўтди.

Ушбу лойиҳа фермер хўжаликлари ва тегишли ташкилотлар, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик вакилларининг молиявий барқарорлигини ошириш мақсадида маҳаллий тижорат банкларига кредит линиясини ажратишни назарда тутади.