«Ёшлар» телеканалида «Янги давр» кўрсатувининг спорт хабарлари блокида футбол натижаларида экрандаги Украина байроғи хиралаштириб кўрсатилгани ҳақида ижтимоий тармоқларда хабар тарқалди. Телеканал бунга лавҳани тайёрлаган монтажчининг ўзбошимчалиги сабаб бўлганини айтди.

Келтирилишича, LaLiga доирасидаги ўйинлар 26 августдан бошлаб «Ёшлар» телеканали орқали жонли эфирга узатилган. Шу кунга қадар унинг 8 та ўйини намойиш этиб келинган.

Футбол баҳслари намойиши давомида кадрларга ҳеч қандай қўшимча эффектлар қўлланилмайди. Ижтимоий тармоқларда тарқалган сурат эса «Янги Давр» информацион дастурининг спорт хабарлари блокидан олинган.

«Бу ҳолат юзага келиши сабаблари аниқлаштирилганда, лавҳани тайёрлаган монтажчи «Реал Мадрид» жамоаси ўйнаётган футболда Испания байроғи ўрнига Украина байроғи хато қўйилган деб ўйлаб, бу «хатолик»ни ўзбошимчалик билан тўғриламоқчи бўлгани ва шу мақсадда беркитгани маълум бўлди. Бош муҳаррир кўрик пайтида бу ҳолатга эътибор бермай, лавҳани эфирга узатишга рухсат берган», — дейилади хабарда.

Бу бўйича айбдорларга нисбатан тегишли чоралар кўрилгани айтилди. Телеканал ҳолат учун узр сўраб, унга сиёсий тус бермасликни сўради.