Тошкент шаҳар Жиноят ишлари бўйича Чилонзор туман суди томонидан қарама-қарши йўналишда ҳаракатланаётган Lacetti ҳайдовчисига 15 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланди, деб хабар қилди Ўзбекистон ИИВ ЙҲХББ матбуот хизмати.

Аввал хабар берганимиздек, ҳодиса 24 август куни соат 22:20 атрофида Чилонзор тумани Бунёдкор шоҳ кўчасида содир бўлган. Ҳайдовчи Жаҳонгир Мирзаев (1986 й. т.) Lacetti русумли автомашинани (01М 701 СА) тегишли ҳужжатларсиз ва ҳайдовчилик гувоҳномасисиз бошқарган.

ЙҲХББ матбуот хизмати хабарига кўра, ҳайдовчи Бунёдкор шоҳ кўчасида қарама-қарши бўлакда ҳаракатланиб, авария ҳолатини юзага келтирган. ЙПХ ходими Ойбек Соатовнинг айтишича, у Lacetti ҳайдовчисига ҳуштак ва таёқ билан тўхташга кўрсатма берган, бироқ у ҳаракатда давом этган.

Ҳуқуқбузар Жаҳонгир Мирзаев «разворот» йўқ жойдан қайрилиб олганини маълум қилди. ЙҲХББ ходимлари етиб келиб, уни тўхтатишган, бироқ у тўхтамасдан, ҳаракатни давом эттирган.

«Ҳужжатим йўқлиги учун қочдим. Мен ўша ерда қарама-қарши эканини билмай қолдим. Юриб қўйдим, чиқиб қўйдим. Нотўғри ҳаракатландим, мана, ҳозир биляпман. Қилган ишим нотўғри», — деди у.

Ҳуқуқбузарлик содир этган Ж.М.га нисбатан Ўзбекистон МЖтКнинг 128 прим 5-моддаси 2-қисми (Транспорт воситалари ҳайдовчиларининг халақит бериши ёки авария ҳолатини юзага келтириши, йўлнинг қарама-қарши ҳаракатланиш учун мўлжалланган томонига ёки бўлагига чиқиши), 135-модда (Йўл ҳаракати қоидаларида назарда тутилган ҳужжатлари бўлмаган шахсларнинг транспорт воситаларини бошқариши) ва 194-модда (Ички ишлар органлари ходимининг қонуний талабларини бажармаслик) билан маъмурий баённома расмийлаштирилди.

Автомашина вақтинча сақлаш учун жарима майдонига жойлаштирилган. Тўпланган ҳужжатлар ўрнатилган тартибда кўриб чиқиш учун жиноят ишлари бўйича Чилонзор тумани судига тақдим этилди.

Судя Жаҳонгир Амонович Мирзаевни 183-модда (майда безорилик) ва 194-модданинг 1-қисми (ички ишлар ходимининг қонуний талабларини бажармаслик)да кўрсатилган ҳуқуқбузарликни содир этган деб топди. Дастлабки кўрсатилган моддага кўра, у 15 суткага, иккинчисига кўра, БҲМнинг 2 баравари (600 минг сўм) миқдорида жаримага тортилган, бироқ жазоларни қўшиб, Lacetti ҳайдовчиси фақат ҳибсга олинган.