Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг «Педагогика олий таълим муассасалари фаолияти такомиллаштирилиши муносабати билан Вазирлар Маҳкамасининг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги ҳукумат қарори лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасига қўйилди.

Унга кўра, 2022−2023-ўқув йилидан бошлаб педагог кадрлар тайёрловчи хорижий ОТМларнинг қўшма таълим дастурларида таълим олаётган талабаларнинг ҳамкор таълим муассасасида ўқиш даври учун тўлов-контракт қийматини давлат бюджетидан қоплаб бериш тартиби жорий этилади. Бу ҳам бакалавриат, ҳам магистратурада ўқиётганларга тегишли.

Контрактни тўлаб бериш қуйидаги тартибда амалга оширилади:

  • педагог кадрлар тайёрловчи олий таълим муассасаларининг қўшма таълим дастурларида тўлов-контракт асосида таълим олаётган ва юқори академик кўрсаткичларга эга бўлган талабалари ўртасида танлов ўтказилади;
  • танловда ғолиб бўлган талабалар билан давлат мактабгача, умумий ўрта, ўрта махсус, профессионал ва олий таълим муассасаларида камида уч йил ишлаб беришни назарда тутувчи шартнома расмийлаштирилади.

Педагогика соҳасида кадрлар тайёрлайдиган олий таълим муассасаларига қўшма таълим дастури асосида ўқишга қабул қилиниб, 1-курсни битирган талабалари ўртасида давлат гранти совриндорларини аниқлаш бўйича икки босқичда танлов ўтказилади.

Биринчи босқичда иштирок этувчи талабгорлар тоифасига қуйидаги талаблар ўрнатилади:

  • биринчи курсда умумий рейтинг (ўзлаштириш) кўрсаткичлари 80 балл ва ундан юқори бўлиши, фанлардан қарздорлиги мавжуд бўлмаслиги;
  • хорижий тилни (МДҲ мамлакатлари давлат тилларидан ташқари) билиш даражасини белгиловчи халқаро ёки миллий сертификатга эга бўлиши;
  • ўқишга қабул қилинган бакалавриат таълим йўналиши ёки мутахассислигига оид танлов ёки конференцияларда иштирок этган бўлиши.

Иккинчи босқичда талабгорлар олий таълим муассасаси, кадрлар буюртмачилари, жамоатчилик вакилларидан тузилган комиссия томонидан ҳар йили 10 сентябрга қадар суҳбатдан ўтказилади.

Талабгорларга танловда иштирок этиш учун олий таълим муассасасида тузиладиган комиссия томонидан унинг ютуқлари, жумладан илмий-тадқиқот фаолияти, ташаббускорлиги, замонавий билим ва кўникмаларни ўзлаштирганлиги, намунали хулқ-атворга, соҳаси бўйича зарур билимга ҳамда республикада олиб борилаётган ислоҳотларга ўз фуқаролик позициясини билдира олиш кўникмаларига эга эканлиги каби шахсий фазилатлари бўйича тавсифнома (хулоса) берилади.

Комиссия таркиби олий таълим муассасаси ректори томонидан тасдиқланади.

Танловлар қўшма таълим дастури бўйича бакалавриат таълим йўналишлари ва магистртура мутахассисликлари бўйича тасдиқланган квотага мувофиқ алоҳида ўтказилади.

Талабгорларни рўйхатдан ўтказиш Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан ишлаб чиқиладиган «pedgrant.edu.uz» махсус электрон тизими (кейинги ўринларда — Махсус тизим) орқали амалга оширилади.

Талабгорлар тўғрисидаги маълумотлар ва уларнинг ҳужжатлари олий таълим муассасаси томонидан ҳар йили 1 августдан 10 августгача жамланади.

Талабгорлар тўғрисидаги маълумотлар ва уларнинг қуйидаги ҳужжатлари ОТМнинг масъул ходими томонидан ҳар йили 15 августга қадар Махсус тизимга киритилади (юкланади):

  • фуқаролик паспорти ёки ID картаси нусхаси;
  • ўқиётган бакалавриат таълим йўналишига оид танлов ёки конференцияларда иштирок этганлигини асословчи ҳужжат (сертификат) нусхаси;
  • хорижий тилни билиш даражасини белгиловчи халқаро ёки миллий сертификат нусхаси;
  • ўқиш давридаги ютуқлари, жумладан илмий-тадқиқот фаолиятидаги ютуқларини асословчи ҳужжат нусхаси.

Махсус тизим орқали рўйхатдан ўтказилган талабгорларнинг ҳужжатлари Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан ташкил этилган эксперт гуруҳи томонидан ҳар йили 25 августга қадар ўрганиб чиқилади ва танловга тавсия этилади. Ўрганиш жараёнида талабгорнинг тегишли ҳужжатлари талаб даражасида эмаслиги аниқланган тақдирда эксперт гуруҳларининг хулосасига асосан мазкур талабгорнинг танловда иштирок этиши рад этилади ва олий таълим муассасасига бу ҳақида тегишли хат йўлланади.

Эслатма: мазкур тартиб ҳали қонуний кучга кирмаган бўлиб, у фақатгина лойиҳа (таклиф) тусига эга ва унинг муҳокамаси 10 сентябрга қадар давом этади.