Давлат хавфсизлик хизмати томонидан учта ҳолатда $45 минг пора олаётган адвокатларнинг ноқонуний ҳаракатларига чек қўйилди, деб хабар берди ДХХ матбуот хизмати.

Хабарда айтилишича, Тошкент шаҳридаги адвокатлик фирмаси адвокати (1985 й.т.) ўзининг юқори лавозимларда ишловчи танишлари орқали тадбиркорга МЧЖда ўтказилган камерал солиқ текшируви натижасида аниқланган ҳуқуқбузарликлар юзасидан молиявий жарима қўлламаслик эвазига 23 минг доллар талаб қилади. Гумонланувчи мазкур пул маблағини олган вақтда ушланган.

Тошкент шаҳри Мирзо Улуғбек туманидаги бошқа бир ҳолатда адвокат суд идораларидаги мансабдор танишлари орқали фуқаронинг турмуш ўртоғига нисбатан тайинланган озодликдан маҳрум этиш жазосини бошқа енгил турдаги жазога ўзгартириб бериш эвазига 9 минг доллар талаб қилади.

Шунингдек, фуқарога муқаддам юридик хизматларни кўрсатганлиги учун адвокатлик тўловларини амалга оширган бўлишига қарамасдан, судга ҳаражат қилганлигини айтиб, қўшимча 3 минг доллар беришини сўрайди. ДХХ томонидан ўтказилган тадбир давомида адвокат фуқародан 12 минг долларни олган вақтда ушланди, дейилади хабарда.

Самарқанд шаҳридаги яна бир ҳолатда эса адвокатлик фирмаси ҳуқуқшуноси суд идораларидаги мансабдор танишлари орқали фуқаронинг Тошкент вилоятидаги жазони ижро этиш муассасасида жазони ўтаётган турмуш ўртоғига нисбатан бошқа енгилроқ жазога алмаштириш масаласини ҳал қилиб бериш эвазига 10 минг доллар беришни талаб қилади.

ДХХ Тошкент шаҳрида ўтказган тадбирда адвокат сўралган пул маблағини олган вақтида қўлга олинган.

Ҳозирда барча ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.