Босния ва Герцеговина пойтахти Сараевода ўтказилган дзюдо бўйича кадетлар ўртасидаги жаҳон чемпионатида Ўзбекистон терма жамоаси яккалик баҳсларда 8 та медалга сазовор бўлди. Қолаверса, ўзбекистонлик дзюдочилар жамоавий беллашувларда Тунис термасини мағлуб этиб, бронза медалини қўлга киритди. Бу ҳақда дзюдо федерацияси матбуот хизмати хабар берди.

Федерация хабарига кўра, Ўзбекистон терма жамоаси 8 та медаль билан кадетлар ўртасидаги жаҳон чемпионатида илк марта умумжамоа ҳисобида тўртликка кирган.

Совриндор бўлган спортчилар

Олтин:

Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси Барчиной Қодирова -70 кг вазн тоифасида италиялик С.Ондеини мағлубиятга учратиб, олтин медалга сазовор бўлди.

Кумуш:

-52 кг вазн тоифасидаги беллашувларда финалга чиққан Сўғдиёна Рафкатова Италия терма жамоаси аъзоси Гая Массиметтига имкониятни бой бериб, кумуш медални қўлга киритди.

Йигитлар ўртасида -66 кг вазнда иштирок этган Шоҳжаҳон Отабоев финалда грузиялик Саба Самадашвилига ютқазиб, кумуш медалга эга бўлди.

-81 кг вазндаги беллашувларда Алишер Саманов финалда арманистонлик спортчига имкониятни бой берди ва кумуш медални қўлга киритди.

Йигитлар ўртасида -90 кг вазн тоифасидаги баҳсларда Аббос Шермаҳматов ҳам кумуш медалга сазовор бўлди.

Бронза:

Қизлар ўртасида -44 кг вазн тоифасида татамига чиққан Умидахон Бурхонжонова мўғулистонлик Жамиян Энкхабулагни мағлубиятга учратиб, бронза медални қўлга киритди.

Самариддин Муҳибиддинов -73 кг вазн тоифасида «бронза»га эга бўлди. У учинчи ўрин учун баҳсда нидерландиялик Де Лангни мағлуб этди.

-63 кг вазнда Хуршида Раззовбердиева австриялик дзюдочини мағлубиятга учратди ва бронза медалини қўлга киритди.

Қолаверса, ўзбекистонлик дзюдочилар жамоавий беллашувларда ҳам иштирок этди. Улар учинчи ўрин учун Тунис терма жамоаси вакилларига қарши татамига чиқиб, 4:0 ҳисобида ғалабага эришди ва бронза медалига сазовор бўлди.

«Ўзбекистон терма жамоаси кадетлар ўртасидаги жаҳон чемпионатининг жамоавий беллашувларида шу пайтга қадар совриндор бўлмаган эди. Демак, бу борада ҳам тарих янгиланди», — дея қўшимча қилинади хабарда.

Маълумот учун, дзюдо бўйича кадетлар ўртасидаги жаҳон чемпионатида 61 мамлакатдан 492 нафар спортчи иштирок этди.

Фото: