Ижтимоий тармоқларда тарқалган Фарғона вилояти Қувасой шаҳрида ИИБ участка инспектори бир фуқарони уриб, жароҳат етказгани тўғрисидаги хабар бўйича вилоят прокуратураси муносабат билдирди.

Хабарда айтилишича, 27 август куни 19:00ларда Қувасой шаҳар «Юқори Мўян» МФЙ ҳудудида фуқаро Х.Т. (1962 й.т.) жамоат тартибини бузувчи ҳаракатлар содир этганликда гумонланиб, Қувасой шаҳар ИИБ ходимлари томонидан мастлик ҳолатини текшириш мақсадида шаҳар тиббиёт бирлашмасига олиб кетилаётган вақтда унинг соғлиғи ёмонлашган.

«Шундан сўнг, фуқаро кўрсатилган тиббий ёрдамга қарамасдан вафот этган», — дейилади Фарғона вилоят прокуратураси баёнотида.

Судга оид тиббий экспертизанинг дастлабки маълумотига кўра, Х.Т.нинг ўлимига «Юракнинг ишемик касаллиги, юрак тож кон томирларини ўткир етишмовчилиги, ўнг томонлама пневмония, сурункали плеврит, ошқозон ости безига қон қуйилиши, алкоголдан заҳарланиш» ташхиси қўйилган.

Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан Қувасой шаҳар прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ишлари олиб борилмоқда.

Текширув жараёни вилоят прокуратураси томонидан назоратга олинган.