Москва вилоятидаги «Патриот» конгресс-кўргазма марказида «АрМИ-2022» VIII Халқаро армия ўйинларининг тантанали ёпилиш маросими бўлиб ўтди, дея хабар қилди Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати.

Халқаро армия ўйинларининг 21 та йўналишида иштирок этган Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги жамоалари 7 та олтин, 10 та кумуш ва 5 та бронза медалини қўлга киритиб, умумжамоа ҳисобида иккинчи ўринни эгаллади. Шунингдек, 22 та шахсий ва жамоавий рекорд натижаларни қайд этди.

Биринчи ўрин Россияга насиб этган бўлса, кучли учликка Беларус жамоалари якун ясади.

Хусусан, Марказий ҳарбий округнинг «Фориш» тоғ полигонида Халқаро армия ўйинлари доирасида «Қуролсоз уста» ва «Дала ошхонаси» мусобақалари бўлиб ўтди.


Биринчи навбатда «Дала ошхонаси» танловида қатор номинасиялар бўйича ғолиблар эʻлон қилинди. Мазкур мусобақанинг барча шартларида тўпланган умумий баллар бўйича Ўзбекистон жамоаси ғолиб деб топилди ва иккинчи бор «АрМИ-2021» кубогини қабул қилиб олди.


Иккинчи ўринни Россия эгаллаган бўлса, учинчи ўрин Беларус жамоасига насиб этди.


«Қуролсоз уста» йўналишида ҳам Ўзбекистон жамоаси биринчиликни қўлга киритди. Иккинчи ўрин эса Россия жамоасига насиб этди. Ўзбекистон «Қуролсоз уста» терма жамоаси ушбу мусобақанинг барча босқичларида биринчиликни қўлга киритиб, олтита рекорд ўрнатиб, номинацияларнинг ҳаммасида ғолибликни ўзида сақлаб қолишга муваффақ бўлди.


Самарқанд вилоятидаги «Сазаган» полигонида эса «Хавфсиз муҳит» мусобақалари ўтказилди. Мусобақанинг умумий натижаларига кўра, Ўзбекистон биринчи ўринни эгаллади. Иккинчи ўринни Россия ва Беларус жамоалари, учинчи ўринни Хитой ва Ветнам жамоалари, Эрон жамоаси эса тўртинчи ўринни банд этди.


Чирчиқ олий танк қўмондонлик муҳандислик билим юртида ўтказилган «Содиқ дўст» мусобақаси бўлиб ўтди. Унда умумжамоа ҳисобида Ўзбекистон эркаклар ва аёллар жамоалари 2 та олтин медалини қўлга киритди. Жазоирлик ҳарбий кинологлар иккинчи, Россия жамоаси 3-ўринни эгаллади.


Қўқон шаҳри мезбонлик қилган «Йўл патрули» мусобақасида Ўзбекистон ҳарбийлари биринчи ўринни эгаллади. Унда 2 та босқич 6 та шарт бўйича «индивидуал пойга», «техник танаффус», «экстремал тўхташ», «параллел парковка», «контравария», «ҳарбий эстафета» каби шартлар бажарилди. Иккинчи ўринни Россия, учинчи ўринни эса Эрон ва Беларус жамоалари банд этди.


Венесуланинг Лара штати Баркисимето шаҳрида ўтказилган «Мерганлар марраси» мусобақасида ҳам Ўзбекистон жамоаси 1-ўринни қўлга киритди. Иккинчи ўрин мезбон давлатга насиб этган бўлса, шоҳсупанинг учинчи поғонасидан Россия ўрин олди. Ушбу мусобақалар давомида ҳарбий хизматчилар турли вазифаларни ўз ичига олган 4 босқичда яккалик машқлар, жуфтлик ва жамоавий машқлар, ким тезкор каби 15 та шарт бўйича ўзаро беллашди.



Шу билан бирга, Беларус Республикаси Минск шаҳридаги «Уручье» полигонида алоқачилар ўртасида ўтказилган «Ишончли қабул» мусобақасида эркаклар ва аёллардан таркиб топган ўзбек ҳарбий алоқачилари 2-ўринни (2 та кумуш) қўлга киритди. Биринчи ўринга Беларус, учинчи ўринга эса россиялик ҳарбий алоқачилар лойиқ кўрилди.


Россиянинг Волгоград вилоятида «Муҳандис формуласи» мусобақаси ҳам Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилган ҳарбий хизматчилар умумжамоа ҳисобида иккинчи ўринни қўлга киритди.


Бундан ташқари, «АрМИ-2022» халқаро армия ўйинлари доирасида Россия ва Мўғулистонда ўтказилган «Ҳарбий ралли» мубосақасининг «Якка тартибдаги пойга», «Таъқиб қилиш билан пойга», «Отиш» ҳамда «Жамоавий пойга» шартларини ўз ичига олган мусобақада ўзбекистонлик ҳарбийлар иккинчи ўринни қўлга киритди.


Россия Федерациясининг Тува Республикасида ҳамда Мўғулистонда бўлиб ўтган «Отлиқ марафон» мусобақасида"Узоқ масофага отлиқ марафон уюштириш" ва «Аралаш эстафета» шартларини бажарган Ўзбекистон жамоаси Россия билан бирга фахрли 2-ўринни қўлга киритди. Биринчи ўрин мезбон давлат — Мўғулистон жамоасига насиб этган бўлса, учинчи ўринни зимбабвелик ҳарбий хизматчилар банд этишди.

Шунингдек, «Десант взводи», «Элбрус ҳалқаси», «Ҳарбий-тиббий эстафета», «Қутб юлдузи», «Қўшинлар разведкачиси аълочиси» мусобақаларида ҳам Ўзбекистон ҳарбийлари 2-ўринларни эгаллаб, кумуш медалларга сазовор бўлди. «Автозирҳли танк-техника устаси», «Армия тактик ўқчиси», «Меридиан», «Саян юриши» ва «Профессионал мерган» мусобаларини учинчи ўрин билан якунлади.


2022 йилги Армия ўйинларида Европа, Осиё, Африка ва биринчи марта Жанубий Америкадан жами 34 давлатнинг 260 дан ортиқ жамоаси иштирок этди. Энг кўп вакиллик қилган жамоалар Беларус, Ўзбекистон, Эрон, Арманистон ва Хитой томонидан тақдим этилди. Иштирокчиларнинг умумий сони 5 минг кишидан ошди. Ҳарбий мутахассислар танловида илк бор Боливия ва Руанда иштирок этди.

Эслатиб ўтамиз, 2021 йилги ўйинларда Ўзбекистон ҳарбийлари 24 йўналиш бўйича 4 та олтин, 9 та кумуш ва 4 та бронза медалларини қўлга киритган ҳолда умумжамоа ҳисобида 2-ўринни эгаллаган эди.

Фото