Туркманистон президенти Сердар Бердимуҳамедовнинг фармони билан Ўзбекистон президенти ҳузуридаги Хавфсизлик кенгаши котиби ўринбосари, президентнинг ташқи сиёсат бўйича махсус вакили Абдулазиз Камилов ҳамда ташқи ишлар вазири в. б. Владимир Норов Туркманистоннинг «Галкиниш» («Тикланиш») ордени билан тақдирланди.

Мукофотни 26 август куни Ашхободда икки давлат ташқи ишлар вазирликлари ўртасидаги сиёсий маслаҳатлашувлар доирасида Туркманистон Вазирлар Маҳкамаси раиси ўринбосари, ташқи ишлар вазири Рашид Мередов топширди, деб хабар беради Туркманистон ТИВ сайти. Мукофот «Туркманистон ва Ўзбекистон Республикаси ўртасидаги иқтисодий, илмий-техникавий ва маданий ҳамкорликни ривожлантиришдаги улкан хизматлари учун» топширилди.

Ўз навбатида, Рашид Мередов Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг фармонига асосан «Дўстлик» ордени билан тақдирланди. Давлат мукофотини Абдулазиз Комилов топширди. Давлат раҳбарининг фармонини Владимир Норов ўқиб эшиттирди.

Ўзбекистон ТИВ матбуот хизматининг хабар қилишича, Рашид Мередов «Ўзбекистон Республикаси ва Туркманистон ўртасидаги кўп асрлик дўстлик ва яхши қўшничилик ришталарини, стратегик шерикчилик ва кўп қиррали ҳамкорлик муносабатларини ривожлантириш ва мустаҳкамлашга қўшган улкан шахсий ҳиссаси» учун мукофотланди.

Икки давлат делегациялари маслаҳатлашувларида сиёсий-дипломатик, савдо-иқтисодий, транспорт-коммуникация, сув-энергетика, консуллик-ҳуқуқий ва маданий-гуманитар соҳаларда ўзаро манфаатли Ўзбекистон — Туркманистон стратегик шериклигини ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.

Бундан ташқари, минтақавий ҳамкорликнинг долзарб масалалари, шу жумладан, иқтисодиёт, минтақавий хавфсизликни таъминлаш, замонавий таҳдид ва таҳдидларга қарши биргаликда курашиш юзасидан фикр алмашинилди, дейилади Ўзбекистон ТИВ хабарида.

«Маслаҳатлашувлар чоғида транспорт ва транзит соҳасида ҳамкорликни ривожлантириш бўйича Туркманистон-Ўзбекистон ишчи гуруҳи, шунингдек, халқаро автомобиль ташувлари бўйича аралаш комиссиянинг самарали фаолияти қайд этилди», — дея қайд этилди Туркманистон ТИВ хабарида.

«Ташқи ишлар вазирликлари раҳбарлари икки томонлама ҳамкорликнинг шартномавий-ҳуқуқий базасини, жумладан, икки мамлакат фуқаролари манфаатларини консуллик томонидан қўллаб-қувватлаш соҳасида кенгайтиришга ўзаро тайёр эканликларини тасдиқладилар», — дейилади хабарда.