Президент Администрацияси раҳбарининг ўринбосари Комил Алламжоновнинг таъкидлашича, «No Photo, No Video» муаммоси Ўзбекистон ижтимоий ҳаётидан аллақачон йўқолиб кетган бўлиши керак эди, аммо у қайта ва яна қайта юзага келмоқда. У бу ҳақда BBC журналисти Аваз Тоҳировнинг Тошкент марказидаги Мустақиллик майдони ва «Янги Ўзбекистон» боғида суратга олиш тақиқлангани ҳақидаги мақоласига жавобан ёзиб қолдирди.

Журналист «Янги Ўзбекистон» боғида суратга олишни тақиқловчи белгилар йўқлигига қарамасдан, унга суратга олиш мумкинмаслигини айтишгани ва хаттоки, ундан ёзма рухсатнома талаб қилишганини ҳам қайд этди. Мустақиллик майдонида эса журналист байрам арафасида тайёрланаётган материал учун сурат олишга уринган, бироқ, бошқа туристлар расмга олаётган бўлса-да, унга бу ишни қилишга рухсат беришмаган.

«Ўйлаб қолдим — хорижий мухбирнинг аккредитация ҳужжати ишлашимизга рухсат берилди, деб ўзини овунтиришдан бошқа нарсага ярамайдиган бир парча қоғоздир балки? Энг қизиғи майдонда бир гуруҳ туристлар қўлида камера билан истаганча суратга олиб юрибди. Турист бўлсанг, ҳамма нарса мумкин, аккредитациялик мухбир бўлсанг — „сур бўттан“. Оддий фуқароларнинг эркинлик билан боғлиқ аҳволини тасаввур қилаверамиз энди», — дея таъкидлади журналист.

Комил Алламжонов постида суратга олиш тақиқланишини тартибга солувчи бирор бир ҳужжат йўқлигини, мамлакатнинг очиқлик сиёсатига зид бўлган, айрим ўзбошимчалик билан жорий қилинган тақиқлар жамиятга зарар келтириши муқаррарлигини ёзиб қолдирган.

«Агар Вазирлар Маҳкамасининг суратга олишни тақиқлаш тўғрисидаги қарори бўлмаса, барча идоралар ходимларига бундай ҳолатларда қандай йўл тутиш кераклиги ҳақида кўрсатма бериши керак», — деди у.

«Бутун дунёда, агар тақиқ бўлмаса, демак рухсат берилганлиги назарда тутилади. Қонун билан суратга олиш тақиқланган объектлар рўйхати мавжуд. Қолган ҳамма жойларда — фотографлар, сайёҳлар учун ҳам, Ўзбекистон фуқаролари учун ҳам, тўлиқ эркинлик таъминланиши зарур», — дея қўшимча қилди президент Администрацияси раҳбари ўринбосари.

«Газета.uz» ҳам суратга олишни тақиқлашнинг маъносизлиги ҳақида кўп марта ёзган, Ўзбекистон аҳолиси бу муаммога дуч келишда давом этмоқда. 2018 йилдан бошлаб мамлакатда жамоат жойларида (расмий фақат — туристлар учун), шу жумладан, Тошкент телеминораси ва метрода бепул суратга олишга расман рухсат берилди. Бироқ ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари, турли муассаса ва қурилиш обектларининг қўриқчилари ҳамон буни тақиқлаб келмоқда.

Бу нафақат Тошкентда, балки вилоятларда ҳам кузатилмоқда. Масалан, Нукусда кўп йиллардан буён Жўқорғи Кенгес биносини суратга олиш тақиқланган («Газета.uz» журналистлари бу тақиқ билан шахсан бир неча бор рўбаро келишган).

Аэропортда ва «Ўзбекистон ҳаво йўллари»да самолётларида суратга олиш расман тақиқланган. Шунга қарамасдан, январь ойидан бошлаб мамлакатда авиаспоттинг қонунийлаштирилди.