27 август куни эрталаб Қозоғистоннинг Туркистон вилоятида Тошкент-Бишкек йўналиши бўйича қатновчи йўловчи автобуси иштирокида ЙТҲ содир бўлди, деб хабар берди Қозоғистон Ички ишлар вазирлиги.

ЙТҲ ҳақидаги хабар эрталаб соат 7:18 атрофида Тулкибас тумани ИИБ навбатчилик қисмига келиб тушган. Воқеа жойига етиб келган милиция ходимлари Шакпак қишлоғи яқинидаги 601-километр чорраҳасида Ўзбекистон компаниясининг автобуси йўлдан чиқиб кетганини аниқлади.

«Кабинада чет эл фуқаролари бор эди. Ҳодиса оқибатида 12 киши тан жароҳати олиб, энг яқин шифохонага ётқизилди», — дейилади хабарда.

Ўзбекистон Транспорт вазирлиги маълумотларига кўра, автобус 26 август куни соат 22:00 да «Тошкент» автовокзалидан икки нафар ҳайдовчи ва 47 нафар йўловчи билан йўлга чиққан.

Ўзбекистон Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг аниқлик киритишича, Қозоғистоннинг Туркистон вилоятида «Тошкент-Бишкек» йўналишидаги автобус ҳалокатида жабрланган 12 кишининг 5 нафари Ўзбекистон фуқароси ҳисобланади.

Булар Д.И. (1946 йилда туғилган), Т.Д. (1986 й.т.), Ж.Ж .(2000 й.т.), Э.С. (1986 й.т.) ва Т.Т. (1998 й.т.). Вазият Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг Қозоғистондаги вакили ва Ўзбекистоннинг Олмаотадаги Бош консуллигининг меҳнат миграцияси бўйича атташеси назоратида эканлигини қўшимча қилинди.

Мазкур ҳолат Қозоғистон Жиноят кодексининг 345-моддаси 2-қисми — эҳтиётсизлик оқибатида инсон саломатлигига оғир зарар етказган ҳолда йўл ҳаракати ёки транспорт воситаларидан фойдаланиш қоидаларини бузиш сифатида рўйхатга олинган. Ҳодиса тафсилотлари аниқлаштирилмоқда. Экспертизалар тайинланган.