Ўзбекистон бокс терма жамоасининг янги мураббийлар штаби таништирилди. Штабдан кубалик мутахассислар ҳам ўрин олган, дея хабар бермоқда Ўзбекистон бокс федерацияси матбуот хизмати.

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган мураббий Тўлқин Қиличев бокс бўйича Ўзбекистон терма жамоаси бош мураббийи сифатида эълон қилинганди.

Ўнг томонда: Ўзбекистон терма жамоаси бош мураббийи Тўлқин Қиличев. Фото: Бокс федерацияси.

Терма жамоа мураббийлар штабида Карлос Иван Фуэнтес Вильянуэва федерация маслаҳатчиси бўлди. У бокс спорт турида деярли 50 йиллик тажрибага эга. Кубада бугунги замонавий ва миллий бокс услуби асосчиларидан бири. Бокс спорт тури бўйича профессор, у Куба терма жамоасининг бугунги кундаги бош тренери Роландо Асебалнинг устози ҳисобланади.

Карлос Иван Фуэнтес Вильянуэва. Фото: Бокс федерацияси.

Миллий терма жамоа катта мураббийи Хуан Энрике Стейнерс Тиссерт. У ҳам Куба терма жамоаси тренерлар штабида узоқ вақт ишлаган. Шунингдек, Испания, Филиппин, Венесуэла миллий терма жамоаларининг тренерлар штабида фаолият олиб борган. Олимпия ўйинлари ғолиби ва жаҳон чемпиони Рониэль Иглесиаснинг шахсий тренеридир.

Хуан Энрике Стейнерс Тиссерт. Фото: Бок федерацияси.

Миллий терма жамоа мураббийи этиб Хулио Ли Хечеваррия тайинланди. У икки карра Олимпия ўйинлари олтин медаль соҳиби Эктор Винент ва бир қатор маҳоратли совриндор боксчиларга тренерлик қилган.

Хулио Ли Хечеваррия. Фото: Бок федерацияси.

Миллий терма жамоаси тренер-физиотерапевти лавозимига эса Хесус Альберто Моралес Монтеро жалб қилинди. Хесус Альберто Куба спорт тиббиёти миллий институти мутахассисидир. Қолаверса, Тиббиёт ва реабилизация йўналишида бир қатор халқаро курслар битирувчиси ҳисобланади.

Шу давргача Куба бейсбол терма жамоаси физиотерапевти сифатида ишлаб келган. У эндиликда бокс бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси таркибида ўзбек боксчиларининг физиологик ҳолатини кучайтириш ва яхшилаш билан шуғулланади.

Ўзбекистонлик тажрибали мураббий Раҳматжон Рўзиохунов мураббийлар штабидаги фаолиятини давом эттиради.