26 август куни Қорақалпоғистон Жўқорғи Кенгесининг навбатдан ташқари сессиясида президент Шавкат Мирзиёев Қорақалпоғистонда қўшимча имтиёз ва енгилликлар бериш бўйича аниқ топшириқлар берди.

Жумладан, Қорақалпоғистонда тадбиркорликни ривожлантириш мақсадида:

  • ҳудуд учун фойда солиғи ставкасини 15 фоиздан 7,5 фоизга тушириш;
  • айланма солиқ ставкасини Нукус шаҳрида 4 фоиздан 2 фоизга, туманларда 2 фоиздан 1 фоизга, олис ҳудудларда эса 1 фоиздан 0,5 фоизга пасайтириш;
  • мол-мулк ва ер солиғи ставкаларини 2 бараварга камайтириш бўйича қарор лойиҳасини киритиш топширилди.

Бундан ташқари, жорий йилда оилавий тадбиркорлик дастурлари учун режадаги 650 млрд сўмга қўшимча равишда 200 млрд сўм ажратилади.

Аграр соҳадаги масалаларни ҳал қилиш бўйича:

  • йил якунига қадар 6 минг 620 гектар, келгуси йилда 6 минг гектар пахта ва ғалла ерларини қисқартириб, аҳолига ижарага беришни йўлга қўйиш;
  • экин экиш харажатлари учун фермерларга 200 миллиард сўм ва деҳқонларга 50 миллиард сўм ажратиш;
  • сув таъминотини яхшилаш мақсадида ҳар бир қудуқни бурғилаш ва ишга тушириш учун 15 миллион сўмгача субсидия ажратиш ва бошқа молиявий кўмак бўйича топшириқлар берилди.

Қорақалпоғистонда саноат лойиҳаларини кўпайтириш мақсадида мутасаддиларга:

  • Инвесторларга кўмак марказини ташкил этиш, унда қорақалпоғистонлик тадбиркорларга лойиҳа ҳужжатларини ишлаб чиқиш, субсидия, кредит ва компенсация олиш, маҳсулотига бозор топишга кўмаклашиш бўйича бепул хизматлар кўрсатиш;
  • Инвесторларга кўмак маркази қошида Нукус шаҳридаги 10 гектар ер майдонида Саноат технопаркини ташкил этиш;
  • Кегейли ва Хўжайли туманларида Ёшлар саноат ва тадбиркорлик зоналарини ташкил қилиш;
  • беш йил муддатга фақат Қорақалпоғистон тадбиркорларига экспорт маҳсулотларини ишлаб чиқариш учун сотиб олинган хом ашёларни, мамлакатимиз бўйлаб ташишда 70 фоиз транспорт харажатларини қоплаб бериш тизимини йўлга қўйиш ва бошқа топшириқлар берилди.

Давлат раҳбари Қораўзакда мис ишлаб чиқариш, Қўнғиротда янги каустик сода ва бошқа кимёвий моддалар ишлаб чиқариш заводларини қуриш каби йирик лойиҳаларни қўллаб-қувватлади.

Аввалроқ ушбу сессияда Қорақалпоғистон Жўқорғи Кенгеси раиси Мурат Камалов бетоблиги туфайли ва ўз мурожаатига асосан лавозимидан озод қилингани ҳақида ёзгандик.