29 июлдан 9 августга қадар Ҳиндистоннинг Ченнай шаҳрида 44-Бутунжаҳон шахмат олимпиадаси бўлиб ўтди. Ўзбекистон терма жамоаси мамлакат тарихида биринчи марта шахмат олимпиадасида олтин медални қўлга киритди. Жамоанинг 27 ёшли вакили, халқаро гроссмейстер Жаҳонгир Воҳидов 4-доскада 8 учрашув ўтказиб, 5 тасида ғалаба қозонди. Шу жумладан, Нидерландия билан ҳал қилувчи ўйинда ҳам. Қолаверса, уч бор мағлубиятсиз дуранг натижа қайд этди (8 ўйинда 6,5 очко). Унинг кўрсаткичлари 2813 баллга етди ва олтин медаль билан тақдирланди.

«Газета.uz» чемпион билан шахматда фақат интеллекти кучлиларгина муваффақиятга эришиши ҳақидаги фикр қанчалик ҳақиқатга яқинлиги, яхши натижага эришиш учун бир кунда неча соат шуғулланиш кераклиги, бунинг учун қандай қобилият, кўникмалар талаб қилиниши, шахматчилар кундалик тартибида овқатланиш, парҳезлар, жисмоний фаоллик ва уйқу миқдорининг қанча бўлиши ҳамда ғалабадан кейин терма жамоа бугун нималар билан бандлиги ҳақида суҳбатлашди.

44-Бутунжаҳон шахмат олимпиадаси (Ҳиндистон, Ченнай 2022 йил). Фото: Ўзбекистон шахмат федерацияси.

— Жаҳонгир, сизни Бутунжаҳон шахмат олимпиадасидаги ғалаба билан табриклайман. Ҳиндистондан қайтгач, бугун одатий кун тартибингиз қандай ўтмоқда?

— Раҳмат. 14 август куни Қозоғистоннинг Атирау шаҳридаги «Atyrau Chess Festival» фестивалига жўнаб кетишим керак эди. Аммо президент билан учрашув бўлиши эҳтимоли бор деб Ўзбекистонда қолишим яхшироқлигини айтишди. Шунинг учун ҳозир Тошкентдаман. Учрашув бўлмади, «Мустақиллик» байрами арафасида бўлиб қолса керак.

Дўстим, шогирдим Нодирбек Абдусатторов шахмат бўйича Туркия супер лигасида қатнашмоқда. Дадамнинг шогирдлари Нодирбек Якуббоев, бошқа жамоадошларимиз Жавоҳир Синдаров ва Шамсиддин Воҳидовлар билан БАА пойтахти Абду Дабида бўлиб ўтаётган шахмат фестивалида иштирок этмоқда. Абдусатторов билан онлайн тарзда машғулотлар ўтказмоқдамиз. Баъзан дадам ёрдам сўрасалар, Якуббоев билан ҳам онлайн шуғулланамиз.

Шахматдаги тактикаларингизни ҳар ўйиндан кейин рақиблар билиб олади. Уларни вақтида ўзгартирмасангиз, сизга қарши янги усуллар қўллай бошлашади. Шуларнинг олдини олиш учун доимий равишда янги тактикалар, методлар ўйлаб топиш ва уларни амалда қўллашга ҳаракат қиламиз. Ҳозирда айнан шулар билан бандман.

Ўнгдан чапга (тик турганлар): Нодирбек Якуббаев, Нодирбек Абдусатторов, Жавоҳир Синдаров ва марказда Жаҳонгир Воҳидов. Фото: Stev Bonhage.

— Шахмат интеллектуал спорт тури бўлиб, уни жуда ақлли одамлар ўйнайди деган қараш бор. Бу фикрга қўшиласизми?

— Тажрибамдан айта оламанки, шахматнинг ортида 99 фоиз меҳнат ётади. Ақлий салоҳияти умуман бўлмаган инсоннинг ўзи йўқ. Бироз бўлса-да учқун борми, шахматни ўрганса ва бемалол катта муваффақиятларга эришса бўлади. Мен интеллекти кучли бўлмаган, аммо чемпионликка эриша олган кўп шахматчиларни биламан. Улар бунга йиллар давомида, ҳар куни тинимсиз шуғулланиш, ўз устида ишлаш ортидан эришган.

Лекин шахмат ақлий жараён эканини ҳам инкор этмайман. Унда рақибингизнинг нима қилишини кўз билан эмас, мия фаолияти орқали билишингиз керак. Шахматда визуализация техникалари бор. Ўн дақиқадан кейин нима қилмоқчисиз-у, 20 та юришдан кейин қандай позицияни олмоқчисиз, буларнинг барини олдиндан кўришингиз, таҳлил қилишингиз, кейин эса шунга мутаносиб ҳаракат қилишингиз керак. Фикримча, шахмат — ақлий фаолиятнинг энг юксак турларидан бири.
Боланинг ақлий даражаси 12−14 ёшдан кейин билина бошлайди. Айрим ота-оналар ҳали жуда кичкина фарзандини шахматга қўйса, бир-икки мусобақаларда ютқазса, «ўғлим ёки қизим ўрганолмайди, интеллекти кучли эмас» деб ҳаммасини тўхтатишади. Бу жуда катта хато. Шундан эҳтиёт бўлиш керак.

— Яхши натижага эришиш учун шахматчи бир кунда неча соат шуғулланиши керак?

— Олдинлари рақобат унчалик катта эмас эди. Интернет оммалаша бошлагач, шароитлар кенгайди ва дунёдаги барча шахматчилар улардан фойдаланишга киришиб кетди. Ўз-ўзидан рақобат ҳам кучайди.

Чемпион бўлиш учун авваллари кунига 4−6 соат шуғулланиш етарли бўлса, ҳозир камида 8 соат талаб этилади. Бу жараён ҳеч қандай танаффусларсиз, ҳар куни, йиллар давомида бўлиши керак. Кун тартибини ташкиллаштиришда эса ҳар ким ўз имкониятларидан келиб чиқиши мумкин. Масалан, икки соат шуғулланиб, ярим соат дам олиб, яна шундай тарзда давом этса бўлади.

Муҳими, ўртада қанчадир миқдорда танаффус қилиш керак. Чунки бир ерда узоқ вақт битта машғулот билан банд бўлиш қон айланиш тизимининг яхши ишламаслигига олиб келади ва бу сифатга таъсир кўрсатади. Одатда ўзим эрталабки 8:00 дан тушки 12:00 гача шуғулланаман, кейин эса тушлик қилиб, ухлаб оламан. 14:00 дан 18:00 га қадар яна шуғулланишда давом этаман.

— Шахматда муваффақиятга эришиш учун инсондан қандай кўникма, қобилиятлар талаб қилинади?

— Хотира, интизом, меҳнат. Буни мен эмас, халқаро гроссмейстер Гарри Каспаров айтган. Шахматда тўртта услуб бор: «техник динамик», «техник позицион», «интуитив динамик», «интуитив позицион». Бу ҳақда устоз гроссмейстер Марк Дворевский айтиб ўтган. Шунингдек, даниялик шахмат устаси Якоб Агард ҳам ўзининг «Thinking Inside the Box» китобида услубларга тўхталиб ўтган. Устозларимиз ҳам кўп такрорлашади. Ҳар бир шахматчида феъл-атвори билан боғлиқ ҳолатда шу услублардан биттаси автоматик тарзда пайдо бўлади. Ўша биттани мукаммал даражага олиб чиқиб, қолган тўрттасида ҳам ўйнай олишга ҳаракат қилиш керак.

Айрим болаларда агрессивлик кучли бўлади. Улар мусобақаларни яхши кўради ва ўйинлари ҳам муросасиз урушлар, қурбонликлар, қаттиқ зарбалардан иборат бўлади. Бундайлар динамик характерга яқин. Бир хил болалар жудаям сокин, камгап бўлади. Улар позицион услубда яхши ўйнайди. Рақиб билан камдан-кам учрашади, аммо секин-асталик билан, стратегик жиҳатдан қийнаб-қийнаб уни мағлуб этади.

Яқинда «Газета.uz»да терма жамоамиз мураббийи Иван Cоколовнинг Сhess.com сайтига берган интервьюси эълон қилинди. Унда Cоколов жамоамиздаги ҳар бир шахматчининг услубига тўхталиб ўтган. Масалан, Жавоҳирда тактик бўлса, Абдусатторовда Карлсен (Магнус Карлсен — стандарт йўналиши бўйича амалдаги жаҳон чемпиони) услубига яқин деган. Магнус эса позиционга яқин.

Маълумот учун: Ўзбекистон терма-жамоаси мураббийи Иван Cоколов Воҳидов айтиб ўтган интервьюда терма жамоа шахматчиларига қуйидагича таъриф берган: Нодирбек Абдусатторов: «Магнусга яқин», Нодирбек Якуббоев: «Серқирра ўйинчи», Жавоҳир Синдаров: «Соф тактик», Жаҳонгир Воҳидов: «Аъло даражадаги назариётчи», Шамсиддин Воҳидов: «Асосан тактик мутахассис».

Чемпион бўлиш учун тўртта услубнинг ҳаммасида меҳнат қилиш талаб этилади. Шунда шахмат учун керакли қобилиятлар ҳам, санъатлар ҳам пайдо бўлади. Интуитив динамик ва техник динамик услубларни китоблар ёки интернетдаги шахмат топшириқлари орқали шакллантирса бўлади. Техник позицион ва интуитив позицион услубларини эса фақат ва фақат кучли устозлар қўл остида чиқариш мумкин.

Лекин ҳалигача дунёда ҳеч ким тўртала услубда ҳам мукаммал эмас. Ҳатто Магнус Карлсен ёки Нодирбек Абдусатторовда ҳам ҳаммаси бор деёлмаймиз. Аслида, универсал бўлишнинг ўзи ҳам ҳақиқатдан бироз узоқроқ. Жаҳон чемпионлари орасида 2−3 та услубни мукаммал шакллантира олганлар кўпчиликни ташкил этади.

— Бунда овқатланиш қандай роль ўйнайди? Шахматчиларда парҳез, махсус таомлар бўладими?

— Юқорида айтганимдек, шахмат билан шуғулланганда жуда катта энергия сарфланади. Шунинг ўрнини тўлдириш ва яна давом этиш учун овқатланишга алоҳида эътибор бериш зарур. Эрталаблари турли кашалар, кун давомида мевалар, ақлий фаолиятга таъсир кўрсатадиган ёнғоқ, майиз, бодомлар, витаминли маҳсулотлар ва албатта, гўштлар истеъмол қилиш керак.

Яна кўпроқ сув ичиш керак. Чунки сув жуда кўп энергия беради, тетиклаштиради. Масалан, менинг кунлик сув истеъмолим 3 литр. Ёз фаслида эса бу миқдорни эҳтиёжимга қараб кўпайтираман. Сабаби организмдаги сувнинг бир қисми тер билан чиқиб кетади. Мен самарқандликман. Бизда ош оммабоп таом. Керак бўлса, ҳар куни ош ейман.

Ўзбекистоннинг овқатлари кучли, калорияси юқори. Фикримча, одатий таомларни ейишнинг ўзи ҳам шахматчилар учун етарли бўла олади. Бу борада айнан бизнинг шахматчиларга қандайдир махсус овқатланишга ҳожат йўқ деб ҳисоблайман.

Парҳезга келадиган бўлсак, рационимизга имкон қадар ёғсиз маҳсулотлар қўшишга ҳаракат қиламиз. Ўзи икки хил ёғ бор: рафинацияланган ва рафинацияланмаган. Рафинацияланмагани яхши ҳазм бўлади, зарари йўқ ҳисоб. Рафинациялангани — баклажкаларда бўладиган ёғлар, уларни зарарли дейишади. Чунки тромбларни (қон ивиши) пайдо қилиши мумкин. Имкон қадар шу қоидага амал қилишга ҳаракат қиламиз. Аммо, баъзан рафинацияланган ёғларни ҳам ейишга тўғри келади. Масалан, ош бундай ёғларсиз қилинса, мазали бўлмайди. Шундай пайтларда мевалар истеъмолини кўпайтириш билан ёғларнинг зарарини олдини олиш мумкин.

Ширинликларга келадиган бўлсак, одатда какаоли шоколадни маслаҳат беришади. Лекин мен кўп емайман. Чунки зарардан ҳоли эмас, қандли диабетга сабаб бўлиши мумкин. Ширинликлар ўрнига мевалар истеъмол қилинса, организмга ҳам фойдаси кўпроқ, ҳам яхши қабул қилинади. Масалан, банан универсал мева, кўпларга аллергия ҳам бермайди, ҳаммага тўғри келаверади.

— Шахматда битта партия ўртача қанча давом этиши мумкин?

— Камида 4−5 соат. Масалан, Ҳиндистондаги олимпиадада ўзимнинг партияларим чўзилиб кетди. Олти, бир хиллари 6,5 соат давом этди. Умуман, партиянинг қанча давом этиши рақибларнинг қай даражада кучли эканига боғлиқ. Яхши рақибни алдаш учун кўп ўйлашга тўғри келади ва ўйин шунча чўзилади.

— Бу вақт ичида танаффуслар бериладими? Партиялар давомида ичимликлар ёки овқатлар истеъмол қилиш мумкинми?

— Танаффуслар берилмайди. Ўйин давомида дона суриш навбати рақибга келганда сиз қисқа муддат, дейлик, беш дақиқа ичида сув ичишингиз ёки залда туриб, юриб, ҳаракатланиб, нафас ростлашингиз, миянгизни бироз чалғитиб олишингиз мумкин. Нимадир еб олсангиз ҳам бўлади.

Умуман олганда, шундай қилиш ҳам керак, эҳтиёж бор. Бир жойда узоқ муддат ўтириш мия фаолиятнинг секинлашувига сабаб бўлади. Бу имкониятдан исталганча фойдаланиш мумкин, чеклов йўқ. Қоидаси шуки, дона суриш навбати ўзингизга келган фурсатда бундай қилолмайсиз. Чунки шу вақт давомида кимдир сизга энди қандай дона суриш ҳақида тавсия, кўрсатмалар бериши мумкин. Шуларнинг олдини олиш учун ҳам ушбу қоида жорий қилинган.

— Соат жиҳатдан энг узоқ давом этган мусобақангиз қайси? Ва унда сизнинг истеъмолларингиз қандай бўлган?

— 12 ёшгача бўлганлар ўртасидаги Жаҳон чемпионатида эди. Белоруссиялик Владислав Коволёв билан ўйнаганман. Адашмасам, ўйин тушдан кейинги иккида (14:00) бошланиб, кечқурун 10 ярим ёки 11да (22:30 ёки 23:00) тугаган. 12 ёшда эдим. Жуда катта стресс бўлган мен учун. Тушликни 12:00 да қилгандим. Шунда 12 соатга яқин овқатсиз юрганман. У ерда сувлар бор эди, ичганман, аммо ҳеч нарса емаганман.

Ўсмирлар ўртасидаги Жаҳон олимпиадаси (Туркия Бурдур, 2010 йил). Фото: Жаҳонгир Воҳидовнинг шахсий архивидан.

Биласизми, бунақа ҳолат менда биринчи маротаба бўлиши эди. Одатда бу ёшдаги чемпионатлар 3−4 соатда тугайди, бизда эса 8,5−9 соатга чўзилган. Ҳеч ким нимадир ейишимни айтмаган, чунки бунчалик чўзилишини кутмаган ҳам эди-да. Натижам ҳозир аниқ эсимда йўқ, лекин адашмасам, ўнталикка киролмаган эдим. Ўйин ниҳоялагач, меҳмонхонага келсам, у ерда ҳам кечки овқат ёпилган экан. Хонадаги шоколад ва олмани еб ухлаганман.

Яхшиямки, чемпионат Туркияда бўлганди. У ернинг таомлари калорияли. Тушликда еган овқатим кучли бўлгани учун узоқ муддатли бу мусобақада ҳеч нарса истеъмол қилмаслик мия фаолиятимга у қадар жиддий таъсир кўрсатмаган. Аммо бу менга яхшигина дарс бўлди. Ўшандан кейин қачон, қаерда мусобақага борсам, ўзим билан мевалар олиб кирадиган бўлганман. Ўйин залига егуликлар олиб кириш мумкин.

— Ўзбекистон терма жамоаси чет элда бўлиб ўтадиган мусобақаларда ўзи билан ошпаз олиб кетадими?

— Йўқ. Бу жуда қимматга тушиб кетади. Ҳозир Осиё, жаҳон чемпионатлари, бошқа расмий мусобақалардаги (Жаҳон кубоги, Олимпиада ва ҳоказо) йўл ва меҳмонхона харажатларини Ўзбекистон шахмат федерацияси қоплаб беради. Аммо Абдусатторов, Синдаровларнинг ёшидалик пайтимда кўп мусобақаларда буларнинг барчаси ўз ёнимиздан бўларди. Уларнинг ўзи анча-мунча маблағ талаб этар, ошпаз ҳақида ўйлаш ўринсиз эди. Шунинг учун четга чиққанда имкон қадар яхшироқ меҳмонхоналардан жой олишга ҳаракат қилардик. Масалан, тўрт ёки беш юлдузлилардан. Чунки уларнинг таомлари яхши бўлади ва истеъмол жиҳатдан хавотир олишга ҳожат қолмайди.

Аммо халқаро мусобақаларда бу масала қийин кечарди, ҳозир ҳам шундай. Халқаро мусобақаларда иштирокчининг рейтинг балли 2650 дан юқори бўлса, меҳмонхона пули ва бошқа харажатларни ташкилотчилар қоплаб беради. Агар шу баллдан паст бўлса, иштирокчи ўзининг ёнидан тўлаши керак. Битта халқаро мусобақага бориб келиш учун 1,5−2 минг АҚШ доллари кетади. Айнан 2650 балл ва ундан юқори кўрсаткичга етишиш учун ҳам битта профессионал ўйинчи йилига камида 10−12 та шундай мусобақаларда ўйнаши керак. Федерациянинг эса халқаро мусобақаларда иштирок этиш хоҳиши бор ҳамма шахматчига ҳам шунча пул сарфлашга имкони етмайди.


Халқаро мусобақаларда борадиган давлатимиз қанчалик қиммат бўлса, меҳмонхоналарнинг нархи ҳам шунга мос равишда юқори бўлади. Табиийки, имконимиз етмайди ва бир, икки юлдузлилар ёки hostel`ларда қоламиз. Бундай пайтда овқатланиш масаласи бироз қийнайди. Уларнинг таомлари унчалик яхши эмас, кўчадагиларини эса ҳар доим ҳам чўнтак кўтаравермайди.

Қолаверса, ноқулайликлар ҳам кўп бўлади. Мусобақа зали ва меҳмонхоналар олдида емакхоналар бўлиб, уларда асосан fast-food`лар сотилади. Бу тез овқатланиш учун яхши, аммо биз организмга фойдали нарса ейишимиз керак.

Ҳозир Алишер Саъдуллаев халқаро мусобақаларда харажатларни қоплаб бериш масаласини ҳал этиш учун иш олиб боряптилар. Умуман, шахматда муваффақиятга эришиш бир тарафдан молиявий ҳолатга ҳам боғлиқ. Масалан, Магнус Карлсен ёшлигидан мусобақаларга шахсий ошпазини олиб боради. Рақибдан устун келиш учун нафақат, жисмоний, психологик тренерлари, кучли мураббийларига, шунингдек, шахсий ошпазига ҳам эга.

— Ҳар қайси мамлакатнинг ўзига хос таомлари бўлади. Уларга мослашиш қийинчилик туғдирмайдими?

— Қийин, албатта. Лекин танлов имконимиз бўлмагач, уларнинг ошхонасига мослашишга ҳаракат қиламиз. Шу йилги олимпиаданинг ёзда ўтгани биз учун жуда яхши бўлди. Июнь-июль ойлари Ўзбекистонда мева-сабзавот, қовун, тарвузлар мавсуми. Дарахтидан узилган янги мева, даладан олиб чиқилган қовун-тарвузнинг таъми ҳам, фойдаси ҳам бошқача бўлади. Кетишдан олдин улардан мунтазам равишда истеъмол қилиб, маълум захира озуқаларни организмимизга тўпладик.

Биласиз, Ҳиндистоннинг деярли ҳамма таомлари аччиқ. Мен Ҳиндистондаги олимпиададан бир ҳафта олдин, Ўзбекистондалик пайтимда, организмимни олдиндан тайёрлаш учун фақат аччиқ овқатлар едим. Боргач эса уч кунларда менга аччиқ таъм сезилмай ҳам қолди. Беш юлдузли меҳмонхонада турдик, овқатлари аччиқ бўлса ҳам яхши эди. Аммо жамоадошларим қийналишди. Жавоҳир Синдаров ва Шамсиддин Воҳидовлар ҳам имкон қадар мослашишга ҳаракат қилди, лекин Нодирбек Абдусатторов ва Нодирбек Якуббоев аччиқ нарсани умуман ея олмайди. Улар кўп ҳолларда фақат мевалар билан чекланишга мажбур бўлишди.

44-Бутунжаҳон шахмат олимпиадасида Ҳиндистонга бориб палов пиширган ошпаз Баҳриддин Чустий.

5 август куни Ўзбекистондан ошпаз ва маҳсулотлар олиб келиб, ош пиширилди. Бу уларга жуда катта ёрдам берди. Охирги кунгача ўша ошни етказишга ҳаракат қилишди.

Кун давомида мусобақа залида бўлдик. У ерда бир бурчакда ошхонача қилишган, егуликлар, ичимликлар, ҳамма нарса бор эди. Овқат эмас-у, асосан газаклар (перекус) бўлиб, организмни кечки овқатгача тўқ сақлаб туришга етарди. Кўплар фойдаланишди. Аммо мен одатда мусобақа давомида егуликлар истеъмол қилмайман. Чунки овқатланганда энергия ҳазм қилишга ҳам кетиб қолади. Бу яхши эмас. Энергия кўпроқ ўйинга ва мияга сарфланиши керак. Имкон қадар мусобақалар бошланишидан икки соат олдин таомланиб оламан. Ўта тўқ бўлиш ҳам ярамайди. Одамнинг уйқуси келади, чарчайди. Ҳар бир ўйинчининг столи устида сувлар ҳам бор эди. Маълум компанияга тегишли бўлгани учун рекламага ўтиб кетмасин деб уларни ҳам столдан пастга олиб қўйишга ҳаракат қилдик.

— Балки федерацияга Ўзбекистон терма жамоаси халқаро мусобақаларга чиққанда ошпаз олиб кетиш масаласида таклиф бериш керакдир?

— Жаҳон чемпионатларида ошпаз олиб кетилса, жудаям яхши бўларди, албатта. Бу биз учун муҳим. Чунки Ҳиндистонда ош қилинганининг ўзи анча ёрдам берди. Йигитларимизнинг айримларида аччиқ овқатлар еганида организми кўтаролмасдан ич кетиш ҳолатлари ҳам кузатилган, икки-уч кунлаб овқатсиз юришган. Аммо, ошпаз олиб кетиш жуда қимматга тушиб кетса керак. Чунки фақатгина ошпазнинг ўзи эмас, унинг жиҳозлари, маҳсулотларни ҳам олиб кетиш керак-да. Яна жой, пишириш учун шароит ва бошқа масалалар ҳам бор.

— Ўзи, умуман, овқатланиш бўйича кимдан маслаҳат ё кўрсатмалар оласиз?

— Дадамдан. Улар ёшлигидан ҳозирга қадар умрини шахматга бағишлаганлар, халқаро гроссмейстер. Дадамдаги тажриба менга омадли келган. Шахматда профессионал бўлиш учун нима қилиш керак бўлса, барини ўргатардилар. Шунинг учун 7 ёшимда Ўзбекистон чемпиони, 8 ёшимда эса Самарқандда катталар ўртасидаги чемпионатда ғолиб бўлганман. Бу даврларда даражам бўйича тенгдошларимдан беш-олти йил олдинда эдим. 18 ёшимда Марказий Осиё чемпиони бўлганим ҳам бу ёшдаги ва ўша даврдаги катта натижа сифатида қаралган. Чунки рақибларим гроссмейстерлар бўлиб, мендан 20−30 йил тажрибаси кўпроқ эди.

Умуман, бизда шахматга оилавий муҳаббат бўлган. Боболарим ҳам шахматни яхши кўрганидан дўстларига мақтаниш учун невараларини чойхоналарга олиб кетишарди. Кимдир шахмат ҳақида гапирса, биринчи невараларим билан ўйна дейишарди. Амакиларим, уларнинг ўғиллари ҳам яхши шахматчи, мураббий. Бизда қариндошларнинг ўртасида ҳам рақобат бор эди. Ҳар-ҳар замонда мусобақалар қилиниб, ютганларга совғалар бериларди.

— Одатда кунингизнинг қанча қисмини уйқу ташкил этади ва бу миқдор мусобақалардан олдин ўзгарадими?

— Шахматда уйқу миқдори ҳам жуда катта аҳамиятга эга. Энг яхши меъёр тўққиз соатлик уйқу. Мия қанчалик кучли ишласа, шунча кўп уйқу талаб қилади. Буни ҳам қай тартибда ташкил қилиш ҳар бир инсоннинг ўз танасидаги эҳтиёжларига боғлиқ. Нафақат тунда, балки узоқ давом этадиган кундуз пайтида ҳам ухлаб олиш керак. Масалан, мусобақа ёки машғулотлар бошланадиган вақтдан икки соатларча олдин ухлаб олиш яхши самара беради. Чунки уйқудан кейин мия қайтадан иш бошлайди ва анчайин креатив тарзда фаоллашади.

Лекин ўзим бунга ҳар доим ҳам риоя қилолмайман. Айниқса, мусобақаларнинг масъулияти босганда. Ҳиндистондаги олимпиадани эслайдиган бўлсам, жамоамиз билан охирги уч-тўрт кунда атиги тўрт соатлик уйқу билан чекландик. Эрталабки 4−5 ларгача шуғулланиб чиқдик.

Олимпиададан олдин босим у даражада юқори бўлмайди. Бошида ҳам, 3−4-тургача ҳаммаси жойида эди. Кейин АҚШ, Арманистон, Ҳиндистон каби кучли рақиблар келди. Айниқса, Арманистон кирганда жуда катта масъулият босди. Чунки улар олдинда эди-да. Рақибларнинг ҳар жиҳатдан камчиликларини топиш учун саккиз соатлаб шуғулланишимизга тўғри келди. Барибир нимагадирга эришиш учун бир нарсани қурбон қилишга мажбур бўлдик. Уйқуга яхши тўйсак, ўйинга чиқишдан олдин рақибнинг камчилигини билмаслигимиз мумкин эди. Лекин етарли миқдорда ухламаслик яхши эмас. Саломатликка зарар етказади.

Ўртада якшанба, дам олиш кунининг борлиги бизга яна ёрдам берди. Ўша куни 6-турниргача бўлган энергия сарфланишини қайтаришга ҳаракат қилдик. Шу ўринда айтиб ўтишим керак, мураббий Cоколов Chess.com`га берган интервьюсида бизнинг Бермуд [анъанавий тарзда олимпиадаларда дам олиш кунидан олдин ўтказиладиган] зиёфатига боришни хоҳлаганимиз, аммо ўзи бунга қарши чиққани ва кейин бормаганимизни айтган. Билмадим, балки интервьюда нотўғри талқин қилинганми ёки бошқа нарсами, лекин, аслида, ундай бўлмаган. Жамоамиздан ҳеч ким зиёфатга боришни хоҳламаганди. Чунки ўша кунгача биз етакчи бўлиб келаётгандик. Бермуд зиёфатига борганда ҳам энергиямиз кетиб қолиб, натижамизга таъсир қилиши мумкин эди. Янаям 7-турда бизни кучли рақиблар (Перу жамоаси — таҳр.) кутиб турарди. Шунинг учун дам олиш кунида энергияни қайтаришга ҳаракат қилдик.

Қолган бешта турда эса ўша энергияни тақсимлаб сарфлашимиз керак эди. Буни уддаладик. Беш дақиқа бўлса-да, ортиқча вақтимиз бор эдими, ҳатто ўшанда ҳам мизғиб олишга шошилардик. Меҳмонхонадан залгача бўлган масофа 1,5−2 соатни ташкил қиларди. Йўлда, автобуснинг ичида ҳам кўп ҳолларда ухлаб кетдик. Ўзбекистонга қайтганимизда ҳам кутиб олиниш жараёнидаги лавҳалар, интервьюларда бизни жуда кўп уйқу босгани юзимиздан билинган бўлиши мумкин.

— Шахматчилар учун жисмоний фаоллик қай даражада муҳим? Ўзингиз жисмоний спорт билан шуғулланасизми?

— Жисмоний фаоллик жудаям муҳим. Юқорида айтганимдек, битта ўйин 6−7 соат, бир кунлик шуғулланишлар камида 8−10 соат давом этадиган бўлса, уларга туриб бериш учун жисмоний чидамлилик ниҳоятда зарур. Мия ишлаганда инсон организми жисмоний фаолиятдан кўра 7 марта кўпроқ энергия сарф қилади. FIDE`нинг таъкидлашича, битта партия ўйнаш 8 минг метр юрган билан тенг экан. Яъни, 8 км пиёда юрганингизда сарфланадиган калорияни шахматдаги биргина партияда йўқотасиз. Шунинг учун жисмоний тайёргарликка жиддий эътибор қаратиш керак. Чўмилиш, бокс, умуман, исталган бошқа спорт билан шахматни боғлаш керак.

Ўзим СамДУнинг жисмоний маданият факультетини битирганман. У ерда ҳар бир спорт турига оид фанлар бор ва улардан имтиҳонлар олинарди, сузишдан тортиб, қизлар учун гимнастикагача. Университетда жисмоний спортга анчайин пишганман. Қолаверса, бир неча йилдан бери ҳаваскор бокс билан шуғулланаман. Вақт бўлганда сузишга бораман. Сузганда асаб толалари тикланади. Шахматда эса кучли асаб талаб этилади. Кўп ўтирганда умуртқа поғонасида остеохондрозлар пайдо бўлиши мумкин. Сузиш шунга қарши энг яхши машғулот. Улар менда мавсумга қараб ўрин алмашади. Ёзда сузишга, куз-қишда эса боксга қатнайман. Самарқанддаги ҳаваскор боксчилар залига кунора 17:00 дан 19:00 гача ёки 19:00 дан 21:00 гача бориб тураман.

Шунингдек, деярли ҳар куни турникка тортиламан, «отжимания» оламан, тошлар кўтараман. Чунки улар энергияни кўпайтиради. Ҳозир компьютер ёки телефондаги иловалар орқали онлайн тарзда ҳам турли фитнеслар билан шуғулланиш мумкин. Имкон қадар ҳар куни 40−45 дақиқа шунга вақт ажратишга ҳаракат қиламан.
Умуман, жисмоний спорт билан шуғулланишда танлов ҳамма шахматчида ҳар хил бўлиши мумкин. Масалан, Абдусатторов ҳам бокс билан сузишга боради. Куни тенг тақсимланган. Бир кун сузишга, бир кун боксга қатнайди. Айримлар кўп футбол ўйнашади. Чунки у ҳар томонлама чиниқтиради.

Лекин аниқ бир куннинг қайсидир соатлари давомида шуғулланиш керак деган мажбурият йўқ. Ҳаммаси шахматдаги машғулотларга боғлиқ. Масалан, бугунги режа бўйича битта қоидани кўришингиз керак бўлса ва у 8 соат талаб этса, сизнинг бошқа нарсага умуман вақтингиз қолмайди. Ўз-ўзидан жисмоний спортга ҳам боролмайсиз. Аксинча, бугунги режани бажаришга тўрт соат етарли бўлса, қўшимча спортлар билан шуғулланишингиз мумкин.

— Шахматдан дам ҳам олиб турасизми? Ёки у ҳаётингизда устуворликка эгами?

— Ҳа, дамсиз бўлмайди, албатта. Ҳафтада бир марта шахматдан бутунлайга четлашишга ҳаракат қиламан. Чунки доимий ва давомий машғул бўлганда шахматга муҳаббат иштиёқи йўқолади. Бир кунлик танаффус уни соғинтиради ва қайта дона сураётганингизда шахматга бошқача қарай бошлайсиз.

Оилам, ота-онам билан яшайман ва вақтимни кўпроқ уларнинг даврасида ўтказаман. Баъзи шахматчилар мураббийлари билан яшашга ҳаракат қилади. Чунки мураббий билан бўлганда уйдаги бошқа одамлар — ака-ука, опа-сингиллар, шахматдан ташқаридагилар безовта қилмайди. Ёки меҳмонлар келганда мувозанатдан чиқиб кетмайди. Аммо нима бўлганида ҳам шахмат — ҳаёт-мамот эмас. Ҳаётнинг ўз принциплари бор, унда бошқача дона суриш талаб этилади.

— Шахматчиларнинг муваффақиятида китоблар қандай роль ўйнайди? Жавобингизни асосланг, илтимос. Ва агар ўқисангиз, нима ўқиганингизни ва нима учун бу китобларни танлаганингизни айтинг?

— Нафақат шахмат, балки исталган соҳада ҳам муваффақиятга эришишда китобларнинг ўрни 40 ёки 50 фоизни ташкил қилади. Юқорида айтганимдек, шахматда мия яхши ишлаши керак. Буни шакллантирадиган мен билган энг самарали йўл — китоб ўқиш. Кўп китоб ўқисангиз, сиздаги сўзлар захираси ортади. Қанча кўп сўзларни билсангиз, фикрлаш доирангиз шунчалик кенгаяди. Ўшанда ҳар хил ғояларни боғлай оласиз ва миянгизга автоматик тарзда янгидан-янги юришлар келади.
Мен кўпроқ мотивацион китоблар ўқийман. Интервьюдан олдин ҳам Таня ван Эссен, Хенри Шувенбургларнинг «Прокрастинация» («Кечиктириш») китобини ўқиб тургандим. Севимли ёзувчиларим Браян Трейси, Наполеон Ҳилл, Роберт Киёсакилар. Уларнинг китоблари шахматга умуман алоқадор эмас, аммо мақсадга эришиш учун талаб этиладиган стратегиялари бор. Киёсакининг китоблари молиявий саводхонликка ёрдам беради. Яна тайм-менежмент, бизнесга оид, фалсафий, психологик китобларни ҳам яхши кўраман. Шахматда рақибларнинг ички дунёсини билишда фалсафий ва психологик китобларни ўқиш жуда фойдали. Таҳлил, олдиндан кўра билиш, сезиш қобилиятларини ҳам юқори даражада шакллантиради.

Ҳозир бадиий китобларга қизиқишим у қадар юқори эмас. Лекин мактаб даврида жуда кўп бадиий асарлар ўқирдим, дарсликдагиларнинг бирортаси қолиб кетмасди. Шахматчиларда хотира кучли бўлади. Ёдлаган достон-у, шеърларим ҳалигача эсимда.

Мотивацион, бизнес, тайм-менежмент, фалсафий, психологик китобларни ўқиб, улардаги ҳолатларни ўз ҳаётимда синаб кўраман, яхши ё ёмон бўлишидан қатъи назар натижаси билинади. Аммо бадиий китоблардаги ҳолатларни ҳаётимда тажриба қилиб кўролмайман. Тўғри, улар фикрлашга таъсир кўрсатади. Аммо аниқликни яхши кўрганим учун бу менга камлик қилади.

Яна аудио китоблар ҳам эшитаман. Авваллари жуда кўп стратегик китобларнинг аудио форматини юклаб олиб эшитардим. Ҳозир ҳам машина ё кўчадами, дўкон-у, овқатланишга боришдами, фарқи йўқ, бўш қолдимми, аудио китоб эшитаман. Бу вақтни беҳуда сарфламасликка ҳам ёрдам беради.

Малайзия Шахмат бўйича очиқ чемпионати (Малайзия Куала-Лумпур, 2015 йил.) Фото: Жаҳонгир Воҳидовнинг шахсий архивидан.

— Шахматчи учун тил билиш қай даражада муҳим?

— Ҳозирда инглиз тилини билиш жуда зарур. Авваллари шахматдаги энг зўр китоблар фақат рус тилида чиққан. Ҳаттоки 11-жаҳон чемпиони Роберт Жеймс Фишер ҳам америкалик бўлишига қарамасдан шахматга оид китобларни ўқиш учун рус тилини ўрганган. Ҳозир эса акси бўлди, энг яхши китоблар инглиз тилида чиқади. Улар уч-тўрт йил ўтиб рус тилига таржима қилиняпти. Биласиз, таржимада асли каби юз фоиз таркиб бўлмайди, айрим жойлари тушиб қолади.

ХХI асрда кўп дарслар видео кўринишида, инглиз тилида чиқмоқда. Бу тилдаги ҳар бир кишининг акцентли гапларини тушуниб олиш учун жуда катта амалиёт керак. Шахмат билан шуғулланишни бошлаганлар ёки бошламоқчиларга аввало инглиз тилини ўрганишларини маслаҳат бераман. Қанча кичкиналигидан бўлса, шунча яхши.

Ўзим она тилимиздан ташқари инглиз, рус, тожик тилларини биламан, бемалол мулоқот қила оламан. Ҳали мактабга бормаган пайтларимда ҳам ота-онам шу тилларда кўп гаплашишарди. Мактабда, кейин ўқув курсларида бу жараён давом этди. Мен учун бошқа давлатлардаги чемпионатлар кенг амалиёт майдони бўлди.

— Сизда нечта мураббий бор ва мураббийнинг вазифалари нимадан иборат?

— Ҳозирги мураббийим ўзимнинг дадам, халқаро гроссмейстер Воҳидов Тоҳир Абдуқаҳҳорович. Бошланғич устозим онам Феруза Нишонова бўлганлар. 9−10−11 ёшларимда раҳматли Алишер Анорқулов, кейин амаким Воҳидов Абдуваҳоб ва энди дадам мураббийлик қилиб келмоқдалар.

Шахматда битта партия тўртга бўлинади. «Дебют», «миттельшпиль», «сложный эндшпиль» ва «эндшпиль»га. Баъзи ўйинлар «дебют»даёқ тугаб қолади. Лекин агар рақиб кучли бўлса, 10−12 соатлаб битта партия давом этса, ўйин «эндшпиль»да ниҳояланади.

Мураббийнинг биринчи вазифаси сизни «дебют»га тайёрлашдан иборат. Агар сиз «дебют»ни ёмон бошласангиз, ундан кейингилари ҳам катта эҳтимол билан шундай давом этади. Агар акси бўлса, қолганларининг ҳам яхши бўлиш эҳтимоли бор. Мураббий «дебют»да яхши ўйинчи бўлишингизга кўзи етса, «миттельшпиль»га ўтади. Шу тарзда унинг вазифаси «эндшпиль»гача давом этаверади. Бу мураббийдан жуда кўп энергия, креатив ҳаракатларни талаб қилади.

Кейинги вазифаси сизнинг рақибингизни таҳлил қилишдан иборат. Рақибдаги камчилик ва устунликлар нимадан иборат, улар қай ҳолатда билинади, ўша пайтда сиз қандай ҳаракат қилсангиз фойдали, ҳаммасини биттама-битта, керак бўлса, ухламасдан текшириб чиқади. Ундан кейин эса сизнинг мусобақадан олдинги формангизни текширади. У сизга худди ота-онангиз каби ғамхўрлик қилади. Қисқасини айтганда, мураббийнинг вазифаси ўйинчиникидан 10 марта қийинроқ. Ўйинчи бўлиш мураббийликдан кўра анча-мунча осон.

— Шахматга кириб келганда кўзлаган энг юқори чўққингиз нима эди ва унга эришдингизми?

— Фикримча, ҳар бир шахматчининг энг катта мақсади жаҳон чемпиони бўлиш саналади. Бу мақсадим ҳали амалга ошмади. Ҳозирча шогирдим Нодирбек рапид йўналишида жаҳон чемпионлигини қўлга киритган бўлса, стандартдаги чемпионлик Магнус Карлсенда турибди. Бизнинг кейинги вазифамиз айнан стандарт бўйича чемпионликни Ўзбекистонга олиб келиш. Бундан ташқари, беш-олти йилдан кейин ўзимнинг шахмат мактабимни очиб, унда жаҳон чемпионларини тарбиялаш мақсадим ҳам бор.

Хейстингс Шахмат Конгресси (Хейстингс, Англия 2016 йил). Фото: Жаҳонгир Воҳидовнинг шахсий архивидан.

— Мағлубият ва ғалабаларда шахматчи ўзини йўқотиб қўймаслиги учун нималар қилиши керак?

— Бу психологик жиҳатдан қанчалик кучли бўлишга боғлиқ. Китобларнинг ўрни айнан шу жойда кўпроқ билинади. Ютқизган одамнинг кўзига дунё тугагандек кўринади. Шахмат индивидуал спорт бўлгани учун бошқа жамоавий ўйинлардан фарқли равишда сиз мағлубиятни ҳам якка ўзингиз қабул қиласиз. Бунда жудаям кучли асаб талаб этилади. Ота-она ва мураббийларнинг қўллаб-қувватловисиз мағлублик ҳиссидан чиқиб кетиш жуда оғир.

Муваффақиятдан кейин шуғулланмай, ўзини ташлаб қўйиш эса «юлдузлик касали» дейилади. Агар кузатсангиз, кўп шахматчилар ютиш арафасида қувонмайди. Ғалаба учун охирги нуқта қўйилгандан кейингина хурсанд бўлишади. «Урра, ютяпман», деб хурсанд бўлиб, кейин ютқазиб қўйишдан ёмони йўқ.

Шахматда ҳеч қачон ҳиссиётга берилиш керак эмас. Чунки ҳиссиёт кўтарилган пайтда ақлий жараён тушиб кетади. Нима учун бундан олдинги олимпиадаларда хитойликлар икки маротаба ғолиб бўлган? Чунки уларнинг юзидан на ҳаяжони, на қўрқув ва хурсандчилигини билиб бўлади. Ҳар доим ички хотиржамлик сезилади. Рақиб юзингиздан ичингиздагини билмаслиги ўйиндаги олтин қоидалардан бири.

— Демак, Ўзбекистон терма жамоасининг ҳам кўп мусобақалар давомида ўта босиқлик ва камтарлик билан туришининг сабаби ҳам шу эканда!

— Худди шундай. Биз ҳам бунга имкон қадар ҳаракат қиламиз.

— Халқаро гроссмейстер мақомини олиш учун қандай босқичлардан ўтиш керак?

— ФИДEнинг қуйидаги унвонларини олгачгина халқаро гроссмейстерлик даражасига етиш мумкин. Талаб этиладиган рейтинг балли эса — 2500.

Эркаклар учун:

  • Мастерликка номзод (CМС) — Эло рейтинги 2200;
  • ФИДE устаси (МФ) — Эло рейтинги 2300;
  • Халқаро мастер (ИМ) — уч балл ва Эло рейтинги 2400;
  • Грандмастер (ГМ) — уч балл ва Эло рейтинги 2500.

Аёллар учун:

  • Аёллар усталигига номзод (WCМ) — Эло рейтинги 2000;
  • Аёллар ФИДE устаси (WМФ) — Эло рейтинги 2100;
  • Аёллар халқаро устаси (WИМ) — Эло рейтинги 2200;
  • Аёллар гроссмейстери (WГМ) — Эло рейтинги 2300.

Мен 2013 йилда гроссмейстерлик учун учта баллни бажарганман. Рейтинг баллни эса 2014 йилнинг августида Норвегиядаги жаҳон олимпиадасида олиб, халқаро гроссмейстер бўлдим.

Жаҳонгир Воҳидов ва Нодирбек Якуббаев.

— Фарзанди шахмат билан шуғулланаётган, ўрганаётган ёки шуни мақсад қилган ота-оналарга айтарингиз.

— Болаларига шароит яратиб бериш ва тезда натижа кутмасликларини сўраб қоламан. Шароит фақат моддиятдан иборат эмас. Фарзандни шахмат мактаби ёки тўгарагига олиб бориш, олиб кетиш, ҳамма жавобгарликни бола ва мураббийга юкламасдан биргаликда шуғулланиш, видеодарслар ёки китобларни сотиб олиб беришга эҳтиёж сезилганда, буни бажариш ҳам ота-она томонидан бериладиган шароитга киради.

Шахматда натижа беш-етти йилдан кейингина кўрина бошлайди. Боласини энди ўрганишга берган ёки бир-икки йил шуғулланган ота-она ундан жуда кўп нарсани кутади. Орада кичик мусобақаларда ютқазиб қўйса ёки ҳеч бир ғалабага эришмаса ҳам болани синдирмасдан, унинг қўлидан тутиш керак. Қўллов бор жойда, бир кун муваффақият ҳам келади.

Халқаро гроссмейстерлар Ўзбекистон шахмат федерацияси раҳбари Алишер Саъдуллаев билан.

Янаям Ўзбекистондаги шахматга бўлган эътибор бугун ҳар қачонгидан яхши. Федерация президентлигига Алишер Саъдуллаев келгач, инглиз тилидаги шахмат китобларини юртимизга келтириш ҳаракатларини бошлаб юборган. Улар олиб келингач, ўзбек тилига таржима қилинади. Агар бу тез орада амалга татбиқ этилса, китоб масаласи ҳам ҳал бўлади. Ота-онага эса фақат боланинг назорати ва тўгаракларга олиб бориш вазифаси қолади.

Зиёда Рамазонова суҳбатлашди.